Линклар

Шошилинч хабар
18 сентябр 2024, Тошкент вақти: 02:09

Халқаро хабарлар

АҚШда Россияга ноқонуний мол йўллаган исроиллик контрабандачи қўлга олинди

Исроиллик контрабандачи мижозлари орасида Россиянинг S7 Airlines авиаширкати ҳам бўлгани айтилмоқда
Исроиллик контрабандачи мижозлари орасида Россиянинг S7 Airlines авиаширкати ҳам бўлгани айтилмоқда

Қўшма Штатларда санкцияларни айланиб ўтган ҳолда Россияга учоқ эҳтиёт қисмларини етказиб беришни йўлга қўйган Исроил фуқароси қўлга олинган.

АҚШ Адлия вазирлиги маълумотига кўра, 49 ёшли исроллик Галь Хаймович Россиянинг санкция остида бўлган авиаширкатларига Америкада ишлаб чиқарилган учоқ эҳтиёт қисмларини конрабанда қилиш мақсадида тил бириктирганлик айбловини тан олган.

Хаймовичга кўра, схема мазкур товарлар борадиган манзил бўйича АҚШ ширкатларини алдашни ўз ичига олган. Шунингдек, судланувчи шериклари билан биргаликда экспорт ҳужжатларида АҚШ расмийларига ёлғон маълумотлар тақдим этганини тан олган.

АҚШ Адлия вазирлиги қайдича, 2022 йил апрелидан 2023 йил апрелигача Хаймович Мальдив ороллари ва Бирлашган Араб Амирликларидаги ширкатларга 160 мартадан кўпроқ товар етказиб берилишини уюштирган. Бу фирмалар етказилган товарларнинг Россияга ноқонуний олиб чиқилиши учун масъул бўлишган.

Исроил фуқаросининг мижозлари орасида Россиянинг S7 Airlines авиаширкати ҳам бўлгани, ширкат ноқонуний экспорт учун Хаймовичга икки миллион доллар тўлагани айтилмоқда.

Аввалроқ Озодликнинг рус хизмати мазкур авиаширкатга қарашли S7 Technics ширкати Россияда АҚШ-Франция маҳсулоти бўлган CFM56 авиация двигателларини капитал таъмирдан чиқариш ишини йўлга қўйгани, бу РФга учоқ эҳтиёт қисмларини етказиб беришга тақиқ қўйилгани манзарасида амалга ошаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Кун янгиликлари

Meta ўз платформаларида “Россия сегодня” аккаунтларини блоклайди

Meta ширкати ўз платформаларида (Facebook, Instagram ва Treads ижтимоий тармоқлари ҳамда WhatsApp мессенжери) Кремль назорати остидаги RT ва “Россия сегодня” медиагуруҳи эгалик қилган Россия давлат оммавий ахборот воситалари саҳифаларини блоклаб қўймоқчи. Бу ҳақда Reuters агентлиги корпорация баёнотига таянган ҳолда хабар қилди.

Баёнотда бу қарор юқорида зикр этилган ОАВ “интернетда яширин таъсир операцияларини ўтказиш учун алдов тактикасидан фойдаланганлари” ҳамда “хорижий аралашув билан боғлиқ фаолият” олиб борганлари туфайли қабул қилингани қайд этилган. Аккаунтлар блокировкаси яқин кунлар ичида бошланади.

Reuters қайдича, бу тақиқ дунёдаги энг йирик ижтимоий медиаширкат томонидан Россия давлат оммавий ахборот воситаларига қарши “чораларни кескин кучайтирилгани”ни англатади. Аввалроқ Meta реклама блокировкаси ва постлар қамровини кичрайтириш каби унча кескин бўлмаган қадамларни қўйган эди.

АҚШ расмийлари аввалроқ “Россия сегодня” медиагуруҳи, унинг директори Дмитрий Киселев, “ТВ-Новости” (RT телеканали ҳуқуқий шахси), шунингдек, “Евразия” ННТ ва унинг таъсисчиси Нелли Парутенкога қарши санкциялар жорий этган.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен “Россия сегодня” ва унга кирувчи “РИА Новости”, Sputnik ва RT Россия махсус хизматлари учун ишлашини билдирган. У мазкур нашрларни бутун дунё бўйлаб “дезинформация кампанияларида” иштирок этганликда айблаган.

Блинкенга кўра, RT телеканали Россия армияси учун пул тўплаган ва Молдовадаги сайловларга аралашган ҳамда пропагандистик канал ёйини Европа Иттифоқида тақиқлаганига қарамай, қароргоҳи Берлинда бўлган Red номли медиани бошқариб келмоқда.

Лукашенко 37 нафар сиёсий маҳбусни афв қилди

Александр Лукашенко
Александр Лукашенко

Беларуснинг авторитар раҳбари Александр Лукашенко 16 сентябрь куни “экстремистик йўналишдаги” жиноятлар учун жазо муддатини ўтаётган 37 нафар маҳкумни афв қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Озодликнинг беларус хизмати хабарига кўра, афв қилинганларнинг олти нафари аёл, шунингдек, улар орасида пенсия ёшидаги ҳамда жиддий хасталикларга чалинган одамлар бор.

Александр Лукашенко матбуот хизмати сиёсий маҳбусларнинг озод этилишини “давлат томонидан кўрсатилган инсонпарварликнинг яна бир ишораси” деб атаган. Хабарномада афв қилинганларнинг барчаси “қилмишига пушаймон бўлиб, қонунларга риоя қилиб яшашни ваъда қилишган”и таъкидланган. Иддаога кўра, афв 17 сентябрь куни нишонланадиган Миллий бирдамлик куни муносабати билан эълон қилинган.

Бу сиёсий маҳбусларни афв қилиш бўйича июль ойидан буён Лукашенко томонидан имзоланган фармонларнинг тўртинчисидир. Июль ойи бошида 18 нафар мухолифатчи, август ойида 2020 йилдаги оммавий норозиликларда иштирок этгани ва “норозилик билан боғлиқ бошқа жиноятлар” содир этгани учун жазо муддатини ўтаётган 30 нафар маҳкум озод қилинган. Яна 30 киши сентябрь ойида афв қилинган. Уларнинг исмлари расман очиқланган эмас, Озодликнинг беларус хизмати улардан айримларини келтирган. Озод бўлганлар орасида таниқли мухолифатчилар ёки фаоллар қарийб бўлган эмас.

2020 йил августидаги сайловдан кейин Беларусь Марказий сайлов комиссияси Александр Лукашенко кетма-кетига олтинчи марта президентликка қайта сайланганини эълон қилган эди. Ўшанда мухолифат сайловда ўз номзоди Светлана Тихановская ғалаба қозонганини таъкидлаб, сайлов натижаларидан норозилик билдирган. Бутун мамлакат бўйлаб сайловдаги сохталаштиришларга қарши ва демократияни дастаклаш мақсадида оммавий норозилик намойишлари бошланган. Бу чиқишлар хавфсизлик кучлари томонидан шафқатсизларча бостирилган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, намойишларни тарқатиш чоғида камида саккиз киши нобуд бўлган. Расмийлар минглаб жиноят иши очишган. Мухолифат лидерлари дохил юзлаб одам узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Ҳуқуқбонлар маълумотига мувофиқ, ҳозирда Беларусдаги қамоқхоналарда мингдан зиёд сиёсий маҳбус сақланмоқда. Лукашенко улардан айримларини, хусусан оғир касалларни афа қилиш ҳақида қарор қабул қилинишини билдирган.

Июлдан сентябрга қадар Беларусь қамоқхоналаридан, расмий маълумотларга кўра, жами 115 нафар сиёсий маҳбус озод қилинган.

Толиблар Афғонистонда полиомиелитга қарши эмловни тўхтатиб қўйишди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Афғонистонда ҳокимият тепасида ўтирган ва дунёдаги кўплаб мамлакатларда террор ташкилоти деб топилган “Толибон” ҳаракати болаларни полиомиелитга қарши эмлов жараёнини тўхтатиб қўйган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумот тарқатди.

Афғонистон ва унга қўшни бўлган Покистон ўлим билан тугаши эҳтимоли бор бу касаллик ёйилишини тўхтатиш имкони бўлмаган икки мамлакат бўлиб ҳисобланади. Афтидан, толиблар қарори минтақадаги ва унинг хорижидаги бошқа мамлакатлар учун ҳам жиддий оқибатларга сабаб бўлади, деб ёзган Associated Press агентлиги.

Афғонистонда полиомиелитга қарши эмлаш тўхтатиб қўйилганига оид хабарлар сентябрь ойидаги эмлов кампанияси манзарасида келиб тушган. Толибларнинг бундай қарорга нима сабабдан келгани очиқланган эмас. Оммавий ахборот воситалари бу борада “Толибон” вакилларидан изоҳ олишолмаган.

Жорий йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Афғонистонда полиомиелитга оид 18 та ҳолатни тасдиқлаган. Ўтган йили касаллик юқтириб олиниши билан боғлиқ олтита ҳолат қайд этилган.

ЖССТ Афғонистонда эмлов ўтказилмаётгани аҳоли миграцияси юқорилиги сабабли Покистон учун хавф туғдириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Покистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Associated Press ахборот агентлиги билан суҳбатда, агар эмлов кампанияси мунтазам ва ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилмаса, полиомиелит вируси ҳар икки мамлакатда тарқалиб, болаларни нобуд қилишда давом этишини қайд этган.

Трампга суиқасдда гумонланган шахсга айблов эълон қилинди

АҚШ Федерал тергов бюроси ходимлари Вэст-Палм-Бичдаги отишма жойида, 2024 йил 15 сентябри
АҚШ Федерал тергов бюроси ходимлари Вэст-Палм-Бичдаги отишма жойида, 2024 йил 15 сентябри

Республикачилар партиясидан АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трампга суиқасдда гумонланган Райн Рутга ноқонуний равишда қуролга эга бўлганлик айблови билдирилган. Бу ҳақда CNN хабар қилди.

Айблов икки банддан иборат бўлиб, уларнинг бири судланган бўла туриб ўқотар қурол сақлаганлик, иккинчиси эса серия рақами ўчирилган қурол сақлаганликдир.

Палм-Бич прокурори фикрича, Рутни очиқ-ойдин Трампга қарши жиноятда айблаш мушкул бўлади. Гумонланувчи муҳтамал суиқасд чоғида ундан 300 метрдан 500 метргача бўлган, бу Рут айнан собиқ президентни нишонга олганини тахмин қилиш учун жуда узоқ масофадир.

Мазкур иш бўйича тинглов 23 сентябрга белгиланган. Флорида штатининг Вест-Палм-Бич шаҳридаги гольф майдонида яқинда 15 сентябрь куни Дональд Трампга суиқасд уриниши ўлароқ кўрилган ҳодиса рўй бергани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

ОАВ хабарларига кўра, Рут аввал ҳам бир неча бор ҳуқуқбузарлик содир этган. У АҚШ нашрларига Афғонистон армиясининг собиқ аскарларини Украина Қуролли кучларида хизмат қилиш учун ёллашга урингани ва 2022 йилда бир неча ой Украина ҳудудида бўлгани ҳақида ҳам гапирган.

Суиқасднинг махфий хизмат агенти гольф майдонини ўраб турган буталар орасидан автомат тумшуғи чиқиб турганини кўргач, ўша томонга огоҳлантирувчи ўқ узгани ортидан олди олинган. Дональд Трамп ўша пайтда гольф ўйнаётган бўлган.

Рут автомобилда қочишга уринган, бироқ тез орада гувоҳлар кўмагида қўлга олинган. Гольф-клубни автойўлдан ажратиб турувчи панжарали тўсиқ ортидаги буталар орасидан мерган нишони ўрнатилган ярим автоматик милтиқ ҳамда видеокамера топилган.

Гумонланувчининг суиқасдга ундаган сабаб нима экани ҳозирча номаълум. Associated Press агентлиги маълумотига кўра, 2020 йилда у ижтимоий тармоқларда Дональд Трампни дастаклаши ҳақида ёзиб келган, бироқ сўнгги пайтларда Жо Байден ва Камала Ҳаррис тарафдорига айланган.

“Чегарасиз шифокорлар” ташкилоти Россияда ўз фаолиятини тўхтатди

“Чегарасиз шифокорлар” халқаро ноҳукумат ташкилоти Россиядаги ўз фаолиятини тўхтатган. Ташкилот баёнотида бунинг мажбурий қадам бўлгани айтилган.

Август ойида “Чегарасиз шифокорлар” Адлия вазирлигидан унинг Россиядаги шуъбаси хорижий ноҳукумат ташкилотлари филиаллари ва ваколатхоналари реестридан чиқарилгани ва ташкилотнинг Россиядаги офисини ёпиш лозимлиги ҳақида хат олган.

Хабарларга кўра, Россия Адлия вазирлиги бунга расмий сабаб ўлароқ ташкилот филиалининг фаолияти низомга мувофиқ эмаслигини кўрсатган.

“Чегарасиз шифокорлар”нинг Россиядаги фаолияти учун масъул бўлган вакили Норман Ситали ташкилот Россиядаги ўз филиалини “юракда оғриқ билан” ёпаётганини ва агар кейинчалик имкон бўлса, ўз ишини тиклашдан мамнун бўлишини айтган.

“Чегарасиз шифокорлар” ташкилоти Россияда 32 йил давомида фаолият олиб борган. У Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Москва, Санкт-Петербург шаҳарлари, Архангельск, Иваново ва Кемерово вилоятлари, Чеченистон, Ингушетия ва Доғистонда ўз дастурларини амалга оширган. Улар сил касаллигини, айниқса унинг муолажаси қийин бўлган шаклларини даволаш ва олдини олиш, ОИВ, бошқа юқумли касалликлар, хатар гуруҳлари, шу жумладан мигрантлар билан ишлаш кабилар билан шуғулланишган.

Украинада уруш бошланганидан кейин “Чегарасиз шифокорлар” Украинадан келган қочқинлар ҳамда Россиянинг чегараолди вилоятларидан хавфсиз минтақаларга кўчган россияликларга тиббий ва гуманитар ёрдам бериб келишган.

Россия: Красноярскдаги бозорларда 520 мигрант қўлга олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россиянинг Красноярск шаҳрида полиция маҳаллий бозорларда ўтказилган рейд чоғида 520 кишини қўлга олган.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Красноярск ўлкаси бўйича бош бошқармаси маълумотига кўра, рейдлар чоғида хорижликлар томонидан миграция тартибини бузганлик, чегара тартибини бузганлик, мамлакатда ноқонуний юрганлик, ноқонуний ишлаганлик ва бошқа ҳуқуқбузарликлар бўйича 24 та маъмурий баённома тузилган.

Шаҳарнинг Шахтёрлар кўчасида жойлашган “Южний” (“Жанубий”) ва “Луч” (“Нур”) бозорларида кенг кўламли рейдлар бўлиб ўтган.

Рейд чоғида қўлга олинган мигрантлар оғзидан “жиноятлар содир этганликка алоқадорликни текшириш учун” сўлак намуналари олинган. Маҳаллий полиция вакиллари рейд пайтида миграцион қонунчиликни бузган ҳолда Красноярск ҳудудида бўлган Ўзбекистон, Озарбайжон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ушланганини билдиришган. Полиция уларни маъмурий жавобгарликка тортмоқчи, камида етти кишини эса мамлакатдан чиқариб юбориш масаласи ҳал қилинмоқда.

Хабар қилинишича, рейд чоғида қўлга олинган 92 кишининг Россия фуқаролигини олгани аниқланган, уларнинг қўлига ҳарбий комиссариатга чақирув қоғози тутқазилган.

Полициячилар ва Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари ноқонуний миграция ташкил қилганлик эҳтимолига оид ишлар бўйича 50 та текширув материалини қайдга олишган.

Россияда сўнгги ойларда мигрантларга қарши кайфиятлар кучайгани ва қонунчилик кескинлашгани кузатилмоқда. Озодликнинг “Сибирь.Реалии” лойиҳаси қайдича, бу ҳолат айниқса Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”даги терактлардан кейин кучайиб кетган. Россиялик терговчилар расмий тахминига кўра, мазкур ҳужумни тожикистонлик бир гуруҳ фуқаро содир этган.

Терактдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаганлар. Айрим ҳолатларда мигрантлар ҳарбий комиссариатларда қайддан ўтказилган. Шу билан бир пайтнинг ўзида Россияда миллатчилар “рейдлари” ҳам бошланиб кетган – бу “рейдлар” давомида улар мигрантларни ишдан бўшатиш ва қизларнинг рўмолларини ечиштиришни талаб қилишган.

2023 йилнинг октябрь ойида Россия Давлат думасига хорижликларга бутун мамлакат бўйлаб мактабларда, фармацевтика соҳасида, давлат тиббиёт муассасаларида, такси ва юк ташишда ишлашни тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси киритилган.

2023 йил ноябрида Давлат думаси спикерининг ўринбосари Пётр Толстой “Россияда мигрантларга нисбатан позициянинг пассивлиги” юзасидан таассуф билдирган эди. Ўшанда у айрим постсовет республикаларидан келганларга курьер, такси ҳайдовчиси ва сотувчи бўлиб ишлашни тақиқлашни таклиф қилган эди.

ФРБ: Флоридадаги ҳодиса Трампга суиқасд уриниши бўлиши мумкин

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Флоридадаги отишма содир бўлган жойда
Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Флоридадаги отишма содир бўлган жойда

АҚШ Федерал қидирув бюроси 15 сентябрь куни Флорида штатининг Вест-Палм-Бич шаҳридаги гольф майдонида содир бўлган отишма бўйича тергов олиб борилаётганини маълум қилди. Ўша пайтда АҚШ собиқ президенти ва республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп ўша ерда бўлганини билдирган терговчилар сиёсатчига нисбатан суиқасднинг олди олинганини айтишмоқда.

Қайд этилишича, суиқасдда гумонланган шахс ушланган. Матбуот хабарларига кўра, қўлга олинган шахс 58 ёшли Раян Рут бўлиб, у аввал бир неча марта ҳуқуқбузарлик содир этгани маълум.

Рут 2023 йилда The New York Times газетасига интервью бериб, собиқ афғон армияси аскарларини Украина Қуролли Кучларида хизмат қилиш учун ёллашга ҳаракат қилгани ва 2022 йилда бир неча ой Украинада бўлгани ҳақида гапирган.

Гумонланувчининг суиқасдга ундаган сабаб нима экани ҳозирча номаълум. Associated Press агентлиги маълумотига кўра, 2020 йилда у ижтимоий тармоқларда Дональд Трампни дастаклаши ҳақида ёзиб келган, бироқ сўнгги пайтларда Жо Байден ва Камала Ҳаррис тарафдорига айланган.

Суиқасднинг махфий хизмат агенти гольф майдонини ўраб турган буталар орасидан автомат тумшуғи чиқиб турганини кўргач, ўша томонга огоҳлантирувчи ўқ узгани ортидан олди олинган. Дональд Трамп ўша пайтда тўрт юз метр нарида гольф ўйнаётган эди. Гумонланувчи машинада қочишга уринган, бироқ тез орада гувоҳлар кўмагида қўлга олинган. Буталар орасидан ярим автоматик мерганлар милтиғи ҳамда видеокамера топилган.

Бунинг ортидан АҚШдаги бир неча ОАВнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалари ҳодиса собиқ президентга суиқасдга уриниш ўлароқ тергов қилинаётганини тасдиқлашган.

Дональд Трамп ўз тарафдорларига ёзган электрон хатида ҳаёти учун хавф йўқлиги, ўзини яхши ҳис қилаётган ва “ҳеч қачон таслим бўлмаслиги”ни билдирган.

Трампнинг президентлик пойгасидаги рақиби, вице-президент Камала Ҳаррис “Америкада зўравонликка жой йўқ” дея баёнот берган. АҚШ президенти Жо Байден эса собиқ президент хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган барча ресурсларни ажратиш ҳақида топшириқ берган.

Дональд Трампга қарши 13 июль куни Пенсилваниядаги сайловолди ташвиқоти митинги чоғида ҳам суиқасд уюштирилган бўлиб, ўшанда у қулоғидан енгил жароҳат олган эди. Ўшанда суиқасдни уюштирган Пенсильвания штатида яшовчи Томас Мэттью Крукс экани айтилган, бироқ у отиб ўлдирилгани учун суиқасдни нима сабабдан уюштиргани номаълумлигича қолган. Крукс отиб ўлдирилишидан олдин митингга ташриф буюрганлардан бирини ўлдиришга ва яна бир неча кишини яралашга муваффақ бўлганди.

Зеленский: Путин энг кўп Россия жамияти норозилигидан қўрқади

Украина президенти Владимир Зеленский сентябрь ойи охирида Вашингтонда АҚШ президенти Жо Байденга тақдим этмоқчи бўлган ва унинг фикрича, Россия билан урушда Украина ғалабасига олиб борадиган ўз режасида тўртта банд борлигини билдирди. “Бешинчи банд ҳам бор – униси урушдан кейин керак бўлади”, деган Зеленский АҚШнинг CNN телеканалига берган интервьюсида. Интервьюнинг тўлиқ видеоси Украина президенти офиси томонидан 15 сентябрь куни ёйинланган.

Зеленский CNNга берган суҳбатида режадаги бандларга оид тафсилотларни очиқлаган эмас. Украина президентига кўра, улардан биринчиси хавфсизликка, иккинчиси Украинанинг геосиёсий ўрнига, учинчиси Киевга “у ёки бу нарсадан фойдаланишни ўзи танлаши”га рухсат берилиши дохил “жуда кучли ҳарбий дастак”ка, тўртинчиси иқтисодий қўлловга тааллуқли.

Зеленскийнинг сўзларидан келиб чиқилса, ғарб қурол-аслаҳаси билан Россия ҳудудининг ичкарисига зарба беришга рухсат этилиши бу режанинг бир қисми бўлиб ҳисобланади. Айни пайтда у ҳозирда Киев АҚШ ва бошқа мамлакатлардан ҳали бундай рухсат ололмаганини урғулади.

Украина президенти бу аслаҳадан Россиядаги ҳарбий объектлар, хусусан аэродромларга қарши фойдаланиш режаланаётганини таъкидлади. Зеленскийга кўра, бундай рухсатнинг чўзилиши Украинага зарба бераётган учоқларнинг россиялик ҳарбийлар томонидан мамлакат ичкарисига кўчирилишига олиб келган ва эндиликда уларни йўқ қилиш учун янада узоқроққа учадиган ракеталар лозим бўлади.

Украина президенти россиялик ҳарбийлар бошқарилувчи авиабомбалар ёрдамида мамлакат энергетика инфратузилмасининг 80 фоизига шикаст етказганига эътибор қаратган.

Украина Донбассда мудофаани мустаҳкамлаш ўрнига нима учун ўтган ойда Курск вилоятига ҳужум бошлади?” деган саволга Зеленский: “Бу амалиёт таваккалчиликка асосланган эди, бироқ барибир мақсадга эришилди, чунки Россия ўз ҳарбийларнинг бир қисмини Курск остига ташлашга мажбур бўлди ва Донецк вилоятидаги ҳужумлар секинлашди”, дея жавоб берган.

Айни пайтда Зеленский Украинага ғарб ҳарбий ёрдамини етказиш суръатидан шикоят қилган. У ёрдам кечикиши фронтда снаряд етишмаслиги ва ташкил қилинаётган бригадалар керакли даражада таъминлашга имкон бермаётганини қайд этган.

Россия президенти Владимир Путин ҳақида гапирар экан, Зеленский, агар Ғарб давлатлари ва уларнинг иттифоқчилари бирдамликни сақламайдиган бўлишса, Путин ва унга ўхшаган арбоблар “бутун дунёни ўзаро бўлиб олиш”га қодир бўлишини айтган.

Шу билан бирга, Зеленский тахминича, Путин хориждан бўлган босимдан кўра Россия жамиятидан кўпроқ қўрқади.

Агар Россия халқи бадастир ҳаётга эга бўлмаслиги, Украинадаги халқ каби энергетикасиз қолиши хавфини ҳис қилса, у уруш нималигини билади, бундан хурсанд бўлмайди ва Путинга таъсир ўтказишни бошлайди”, деб ҳисоблайди Украина президенти.

Агар шундай бўлса, Зеленский фикрича, Путин Украина билан “келиша бошлайди”, Россия жамиятининг бундай реакциясига эришиш учун эса “Украинани кучли қилиш” зарур.

Ҳозир эса Путин муҳтамал музокаралар ҳақида гапирганида иккиюзламачилик қилмоқда”, деди Зеленский.

Аввалроқ Россия президенти Украина ўзининг қатор ҳудудларидан воз кечса, икки ўртада тинчлик музокаралари бошланиши мумкинлигини билдирган. Киев бу шартлар мақбул эмаслиги ҳақида бир неча бор баёнот берган.

Европадаги тошқинларда бир неча киши қурбон бўлди

Марказий ва Шарқий Европада расмийлар ва маҳаллий аҳоли ичидан бўлган кўнгиллилар шиддатли жала ва у туфайли юзага келган тошқинлар оқибатига қарши курашиш уринишларини давом эттиришмоқда. Бир неча мамлакатда кўплаб аҳоли пунктларини сув босган, қурбонлар бор.

Руминия расмийлари ёғингарчилик натижасида мамлакатда камида тўрт киши ҳалок бўлгани, яна икки киши бедарак кетганини билдиришган. Чехияда тўрт киши бедарак йўқолган. Польшада бир киши чўкиб кетган.

Тезкор хизматлар Австрия, Чехия, Польша ва Руминиянинг пасттекисликдан иборат ҳудудларида тошқинга қарши чора-тадбирларни кучайтиришган. Польшада сув омбори тўлиб-тошиши билан боғлиқ хавфли вазият туфайли мамлакат жанубий-шарқидадаги Межигорже аҳоли пункти аҳолисини эвакуация қилган. Польшанинг Чехия чегарасидан унча узоқ бўлмаган Глухолази шаҳрида кўприк қулаб тушган. Строне-Шлёнске шаҳрида эса тошқин туфайли тўғон ўпирилган.

Чехияда чорак миллионта уй электрсиз қолган. Бу, жумладан ер юмшаб кетгани туфайли электр узатиш линиясига дарахтлар қулагани билан боғлиқ. Энг қийин вазият Моравия ва Силезияда юзага келгани айтилмоқда. Тошқин важидан Опава, Есеник, Крнов аҳолисининг бир қисми эвакуация қилиняпти. Ганушовице шаҳри кўчалари қарийб бутунлай сув остида қолган, бир неча уй қулаган.

Чехия пойтахти Прагада ҳам расмийлар сув тошқинига қарши тезкор чораларни кўришмоқда.

Украина президенти Владимир Зеленский якшанба оқшомидаги видеомурожаатида Киев тошқиндан зарар кўрган мамлакатларга украиналик қутқарувчилар ёрдамини таклиф қилганини билдирган. Аввалроқ Чехия ТИВ раҳбари Ян Липавский Украинадан ёрдам таклифи тушганини маълум қилган. Чехия ва Марказий Европанинг бошқа мамлакатлари сўнгги йилларда Россия босқинидан қочиб келган юз минглаб украиналикни қабул қилган эди.

Австрияда ўнлаб муниципалитет офат ҳудуди деб эълон қилинган. Пенцинг ҳудудида Дунай дарёси тошгани туфайли пойтахт Венада ҳам тошқин бошланган. Дунайга қуйилувчи Камп ва Кремс дарёларида сув сатҳи кўтарилгани қайд этилган.

Маълумотларга кўра, Руминияда табиий офат 20 та муниципалитет ва 8 та уездда талафотларга сабаб бўлган, минглаб уйга шикаст етган. Ўн минглаб одам қийинчиликларга дуч келган, уларнинг бир қисми эвакуация қилинган. Бош вазир Марчел Чолаку табиий офатдан энг кўп зарар кўрган Галац уездига қилган сафарида одамлар учун вақтинча бошпаналар барпо этилажагини эълон қилган. Мазкур уездда кўплаб автойўллар ва кўприклар тўсилган. Қутқарувчилар ҳарбийлар ёрдамида Галацдаги ҳамда Васлуй уездидаги турғунлар ёнига етиб бориш учун қайиқлардан ва бошқа усуллардан фойдаланишмоқда. Васлуйда одамлар уйларининг томига чиқиб, ёрдам кутиб ўтиришгани айтилмоқда.

Чехия, Польша, Венгрия, Словакия, Австрия ва Германия жанубида 13 сентябрь тонгидан буён кучли жала тинмаяпти. Табиий офатга “Борис” циклони сабаб бўлгани айтилмоқда. Метеорологлар тахминича, бу ҳудудларда ёғингарчилик 17 сентябргача давом этиши мумкин.

Зеленский: Россияда асоратда бўлган 49 нафар украиналик озод этилди

Асирликдан озод бўлган украиналиклар, 2024 йил 13 сентябри
Асирликдан озод бўлган украиналиклар, 2024 йил 13 сентябри

Украинанинг ҳарбийлар ва фуқаровий шахслардан иборат 49 нафар фуқароси Россиядаги асирликдан қутулиб, ватанларига қайтишганю Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди.

Асирликдан қутулган украиналиклар фотосуратини ҳам ёйинлаган Зеленский уларнинг асир алмашуви натижасида озод бўлганми ёки бошқа сабаб биланми – бунга аниқлик киритмаган, бироқ унинг сўзларидан улар асир алмашиш йўли билан озод бўлгани англашилади – президент фронтда россияликларни асир тушираётган ва шу тариқа “алмашиш фонди”ни тўлдираётган украиналик ҳарбийларга миннатдорлик билдирган.

Россия томони муҳтамал асир алмашуви ҳақида ҳозирча маълумот бергани йўқ.

Айни пайтда ҳарбий блогер алмашув “49 га 49” схемаси бўйича амалга оширилгани, озод этилган россиялик ҳарбийлар орасида эса Курск вилоятида асир тушган муддатли ҳарбий хизмат ўтовчи аскарлар борлигини иддао қилмоқда.

Озод бўлган асирлар орасида Украина Қуролли кучлари ҳарбийлари, Миллий гвардия, полиция ва чегара қўшинлари ходимлари бор.

Зеленский озод этилганлар орасида 2022 йил декабрида касал отасини кўриш учун Киевдан Россия томонидан аннексия қилинган Қримга боришга уринган пайтда ҳибсга олиниб, жосусликда айбланган қрим татар миллатига мансуб Ление Умерова ҳам борлигини қайд этган. у 2022 йил охиридан буён ҳибсда тутиб турилган, аввалига у хорижий фуқаролар учун марказда, 2023 йил майидан буён эса тергов ҳибсхонасида ушлаб турилган.

Зеленскийга кўра, озод бўлган украиналиклар ичида “Азовсталь” заводи мудофаасида иштирок этганлар ҳамда Украина қаҳрамони, ҳарбий медик Виктор Ивчук ҳам бор.

АҚШда Кремль фойдасига ишлаган америкаликлар судланмоқда

АҚШ Адлия вазирлиги
АҚШ Адлия вазирлиги

АҚШдаги суд америкалик тўрт фуқарони Қўшма Штатлар ҳудудида Россия фойдасига ноқонуний фаолият олиб борганликда айбдор, деб топди.

АҚШ Адлия вазирлиги сайтида маълум қилинишича, 12 сентябрь куни суд томонидан Сент-Луисда истиқомат қилиб келган Омали Йешитела (82 ёш), Пенни Хесс (78 ёш), Жесси Невел (34 ёш) ва атланталик Огастес Ромейнни (38 ёш) хорижий давлат ҳукумати фойдасига ноқонуний фаолият олиб бориш учун тил бириктирганликда айбдор деб топилган.

Судга тақдим этилган маълумотларга мувофиқ, судланувчилар йўқ деганда 2015 йил майидан 2022 йил июлигача “АҚШ ҳудудида Россия ҳукумати фойдасига фаолият юритишган”.

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, айбланувчиларнинг тўртови ҳам гўё “Россия аксилглобалистик ҳаракати” президенти Александр Ионов билан алоқада бўлишган. Ионовнинг ўзи, тергов иддаосига кўра, Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари Алексей Суходолов ва Егор Попов кўрсатмаси асосида ҳаракатланган.

Ионов 2022 йилда АҚШнинг санкция рўйхатига киритилган. АҚШ Адлия вазирлиги Ионовни, прокурорлар иддаосига кўра, “АҚШда адоват уруғини экиш учун ФСБга маълумот етказиб турган” америкалик фаолларнинг бир неча гуруҳи билан узоқ йиллар давомида ҳамкорлик қилганликда айблаб чиққан.

Судланувчиларнинг ҳар бири беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бу борада суд ҳукми чиқариладиган сана ҳали белгиланган эмас. Айбланувчилар сиёсий қарашлари учун таъқиб қилинаётганини айтишиб, айбловни тан олишдан бош тортишган.

АҚШда Усама бин Ладин ови тафсилотлари очиқланди

Усама бин Ладиннинг бу фотосурати 1998 йил 26 майида Афғонистонда ўтказилган матбуот анжуманида олинган
Усама бин Ладиннинг бу фотосурати 1998 йил 26 майида Афғонистонда ўтказилган матбуот анжуманида олинган

АҚШда Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) ходимлари ва таҳлилчилари икки йил мобайнида Усама бин Ладин ёрдамчисининг телефон қўнғироқлари кузатиб, уни тинглаб боришган. Бу “Ал-Қоида” (АҚШ ва ЕИда фаолияти тақиқланган ташкилот) лидери яшириниб ўтирган жойни аниқлашга ёрдам берган. Бу ҳақда МХА собиқ директори Жон Дарби The Washington Post нашри берган интервьюсида сўзлаб берган.

Дарбига кўра, Усама бин Ладин ёрдамчиси геолокациясини аниқлаш учун сигнал разведкаси (SIGINT) воситаларидан фойдаланилган. АҚШ махсус хизматлари қидираётган шахслар ўртасидаги радиосигналлар, телефон сўзлашувлари ва интернет-трафикни тутиш ва таҳлил қилиш ишлари олиб борилган.

АҚШ разведкаси Усама бин Ладиннинг ёрдамчиси ҳақида маълумотга эга бўлгани ва “1-рақамли террорчи”ни айнан у орқали топишга муваффақ бўлингани ҳақида халқаро террор тармоғи раҳбари ўлдирилганидан кўп ўтмай 2011 йили хабар қилинган эди. Усама бин Ладин ташқи дунё билан ёрдамчиси орқали мулоқот қилган, у электрон алоқа воситаларидан фойдаланмаган ва конспирация қоидаларига жиддий амал қилган.

Усама бин Ладин янги тарихдаги энг қонли хуружлар, шу жумладан 2001 йил 11 сентябридаги террор ҳужумини уюштирганликда айбланган.

Трамп Ҳаррис билан иккинчи дебатдан бош тортди

Трамп ва Ҳарриснинг илк дебатидан лавҳа, 2024 йил 10 сентябри
Трамп ва Ҳарриснинг илк дебатидан лавҳа, 2024 йил 10 сентябри

Республикачилар партиясидан АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп Демократик партиядан президентликка номзод Камала Ҳаррис билан иккинчи телевизион дебатда иштирок этишдан бош тортганини очиқлади. Бу ҳақда хабар қилган Reuters агентлиги сўров натижаларига таянган ҳолда, телетомошабинларнинг кўпчилиги 10 сентябрь куни Эй-би-си телекомпанияси томонидан ёйинланган илк дебатнинг ғолиби ўлароқ Ҳаррисни кўрсатганини қайд этган.

Nielsen тадқиқот маркази маълумотларига кўра, дебатларни 67 миллион нафар америкалик томошабин кузатиб борган. Рақиблар учрашуви якунланганидан кейин Ҳаррис сайловчилар билан учрашиб, унинг фикрича, республикачилар сайловчилар олдида яна битта дебатга “қарздор” бўлиб қолганини айтган. Сешанба кунги дебатлар тугаши биланоқ Ҳарриснинг сайлов штаби Демократик партиядан номзоднинг республикачилардан номзод билан яна бир марта дебат қилишга тайёр эканини эълон қилди. Илк дебатгача Камала Ҳаррис бундай истаги борлиги айтган эмас.

Трамп интернетдаги ўз обуначиларига дебатда ғалаба қозонганини билдирган бўлса-да, сўров ўтказувчи бир неча агентлик Ҳаррис дебатларда ўзини Трампдан кўра яхшироқ кўрсатганини қайд этган.

Россияда тележурналист Николай Сванидзе вафот этди

Николай Сванидзе
Николай Сванидзе

Москвада тележурналист ва ҳуқуқ фаоли Николай Сванидзе 69 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Московский комсомолец” газетаси хабар қилди. Бу маълумотни ҳуқуқбон Ева Меркачёва ҳам тасдиқлаган.

Қайд этилишича, Сванидзе сўнгги йилларда оғир хаста бўлган: унга бош мия ишемияси ташхиси қўйилган эди.

Россия телевидениеси дарғаларидан бири бўлган Николай Сванидзе турли ижтимоий-сиёсий дастурларни олиб борган, ўтган асрнинг 90-йиллари охирида эса ВГТРК раиси лавозимида ҳам ишлаган.

У “Россия” телеканалида “Кўзгу” (“Зеркало”) таҳлилий дастурини олиб борган. 2013 йилдан 2022 йилгача “Кумуш ёмғир” (“Серебряный дождь”) радиостанциясида ишлаб, у ерда янгиликлар ва тарихга оид дастурларни олиб борган. Бунгача эса у “Россия-1” телеканалида “Тарихий хроникалар” (“Исторические хроники”) кўрсатувига бошловчилик қилган.

РФ қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил 24 февралида у жонли ёйинда Россиянинг Украинага хуружини “сабабсиз ва турткисиз ҳужум” деб атаган эди. Кейинроқ у бир неча бор бу “қонли уруш”нинг Россия учун оқибатлари ёмон бўлиши ҳақида гапирган.

2022 йил ноябрида Россия президенти Владимир Путин бошқа бир неча ҳуқуқ фаоли ва журналистлар билан бир қаторда Николай Сванидзени ҳам Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашдан чиқариб юборган. Путин улар ўрнига кенгашга Россияда ҳарбий кун тартибини илгари сураётганларни қўшган.

2022 йил декабрида Сванидзе Россия давлат гуманитар университети қошидаги Массмедиа ва реклама институти директори лавозимидан бўшатилган – бу лавозимда у 12 йил ишлаган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG