Ҳужум тафсилотлари, қурбонлар ва етказилган зарар миқдори ҳозирча маълум эмас.
Эроннинг Ироқда жойлашган прокси жангари гуруҳларидан бири АҚШ ҳаво базасига ҳужумдан бир неча кун ўтиб, Ироқнинг Анбар вилоятидаги ҳарбий базага ҳужум учун масъулиятни бўйнига олди.
Ироқда Эронга хайрихоҳ бўлган камида тўртта экстремист гуруҳлар мавжуд.
Ҳужум ҲАМАС (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) сиёсий раҳбари Исмоил Ҳаниянинг Теҳронда ўлдирилиши ортидан Эроннинг қасос зарбаларидан хавотирлар кучайган бир пайтда содир бўлди.
Эрон ва Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" жангари гуруҳи Теҳрон ва Байрутдаги ҳужум учун Исроилдан қасос олишга ваъда берган.
Эрон Исроилни жазолаш Яқин Шарқдаги кейинги беқарорликнинг олдини олишини, аммо Ҳания ўлимидан кейин кучайган тарангликни янада зўрайтириш нияти йўқлигини билдирди.
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Исроил аллақачон "Эроннинг ёвузлик ўқига қарши кўп жабҳали урушда" курашаётганини айтар экан, Эрон ва унинг иттифоқчи ҳамкорларини Исроилга ҳужум оқибатларидан огоҳлантирди.
Ислом инқилоби посбонлари корпусига алоқадор "Тасним" ахборот агентлиги Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канонийнинг баёнотини эълон қилди.
"Биз Эрон тажовузкор давлат Исроилни халқаро ҳуқуқ доирасида жазолашга ҳақли, деб ҳисоблаймиз. Эрон ўз хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро принциплар асосида жиддий ва тўхтатувчи чораларни кўради", дейилган баёнотда.
Каноний Эрон Исроилни жазолаш билан барқарорликка эришилишига ишонишини қўшимча қилган.
Исроил Ҳаниянинг ўлимига сабаб бўлган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган эмас.
Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси АҚШни ҳужумни қўллаб-қувватлаганликда айблади.
Ташкилот баёнотида айтилишича, Ҳания қароргоҳи 7 килограмм жанговар каллакли ракета билан нишонга олинган.
Тhe New York Times газетаси исми ошкор этилмаган манбаларга таянган ҳолда, Ҳания ўзи жойлашган Теҳрондаги меҳмонхонага икки ой олдин яширинча жойлаштирилган бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида ёзди.
Бу орада Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу янги тайинланган президент Маъсуд Пезешкиён билан учрашиш учун Теҳронга борди.
Эрон давлат матбуотига кўра, Пезешкиён Шойгуга Теҳрон ўзининг "стратегик ҳамкори" билан муносабатларни кучайтириш қарорида қатъий эканини айтиб, Россияга дастак учун миннатдорлик ҳам билдирган.
АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Теҳрон Исроилга ҳужум қилса, Вашингтон Исроилни қўллаб-қувватлашини билдирган.
АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Метю Миллерга кўра, Вашингтон дипломатик каналлар орқали Теҳронга минтақадаги вазиятнинг кескинлашувидан "ҳеч ким манфаатдор эмас" деган сигналлар юборган.
АҚШ ва Эрон ўртасида дипломатик алоқалар йўқ ва томонлар кўпинча учинчи давлатлар орқали бир-бирига хабар йўллайди.
Бутун дунёда вазиятни таранглаштирмасликка оид чақириқлар давом этар экан, Теҳрон Ҳаниянинг ўлдирилиши юзасидан Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) фавқулодда йиғилишини чақирган.
Форум