Линклар

Шошилинч хабар
20 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:35

Ариповдан ҳайфсан олган вазир мажбурий меҳнатга қарши комиссия тузмоқчи


Таъмирлаш ишларига жалб қилинган ҳамширалар, Наманган вилояти, 2015 йил
Таъмирлаш ишларига жалб қилинган ҳамширалар, Наманган вилояти, 2015 йил

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт муассасаларида ходимларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишига йўл қўймаслик учун махсус комиссиялар тузилишини маълум қилди.

Вазирликка таяниб Gazeta.uz сайтининг хабар қилишича, вазир Алишер Шодмонов Бош вазир Абдулла Арипов билан ўтган видеоселектор йиғилишидан сўнг шундай топшириқ берган.

Расмий хабарга кўра, комиссиялар доимий равишда ишлайди ва шифокорлар, ҳамшираларнинг дала, коммунал ва ободончилик ишларига иш ҳақисиз жалб қилиниши ҳолларини назорат қилади.

"Бундан буён соғлиқни сақлаш соҳасининг бирорта ходими жамаотчилик ишларига жалб қилинмайди. Ўз-ўзини алдаш, кўзбўямачилик билан бир-икки кун кун кечириш мумкин, аммо бу билан келажакни қуриб бўлмайди", дея иқтибос келтиради нашр вазир Алишер Шодмоновдан.

17 апрель куни Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Абдулла Арипов раислигида йиғилиш бўлиб ўтган эди.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган мажбурий меҳнатга қарши кампания доирасида ўтказилган йиғилишда бош вазир бу борада содир этилган қонунбузарликларни санади.

Шу йиғилишда ўқитувчи ва шифокорларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилаётганини яширгани учун халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга ҳайфсан эълон қилинганди.

Бундан ташқари, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев қатъий огоҳлантирилган, Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ҳайфсан олган эди. Халқ таълими бошқармалари бошлиқлари ҳам интизомий жазога тортилган.

Бу йиғилишдан бироз олдин ​президент матбуот котиби Комилжон Алламжонов Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва шифокорларни ўз касбидан ташқари бошқа ишларга мажбуран жалб қилинишини кескин танқид қилганидан сўнг, бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарори ҳозирланаётганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG