Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:40

Пашинян бош вазир этиб сайланмагач, Арманистонда норозилик акциялари яна авж олди


Еревандаги норозилик акциялари иштирокчилари.
Еревандаги норозилик акциялари иштирокчилари.

Арманистон парламенти Никол Пашиняннинг бош вазир этиб сайланишига қарши овоз бергандан сўнг у ватандошларига қарата ялпи иш ташлаш чақириғи билан чиқди. Минглаб арманилар мухолифат етакчиси чақириғига “лаббай” деб жавоб бериб, норозилик намойишларига қўшилди.

2 май куни юзлаб кишилар мамлакат пойтахтини унинг бош аэропорти билан боғловчи асосий йўлни тўсиб қўйди. Улар шикоят қилган йўловчиларга рейсига кеч қолмаслик учун жомадонини кўтариб, аэропортга яёв боришни маслаҳат бермоқда.

Пашиняннинг бош вазирликка номзодига 1 май куни Республикачилар партияси қарши овоз берди ва у сайланмай қолди. Собиқ бош вазир Серж Саргсяннинг истеъфога кетишига мухолифат етакчиси Пашинян етакчилик қилган улкан норозилик намойишлари сабаб бўлган эди.

Пашинян 2 май куни Еревани вақти билан соат 14:00 да “Звартноц” аэропортига олиб борувчи катта йўлдан тўсиқларни олиб ташлашга даъват қилди.

Хабар қилинишича, Грузия ва Эрон чегарасига элтувчи йўллар ҳам тўсиб қўйилган.

Ўзи ҳам Ереван шаҳрида кўпминг сонли кишилар билан намойишга чиққан Пашинян улардан Мудофаа вазирлиги ва фавқулодда хизматлар уловлари йўлини тўсмасликни сўрамоқда.

У яна армия таъминоти маршрутларини ва Арманистонни Тоғли Қорабоғ билан билан боғловчи иккита катта йўлни тўсмасликка ва намойишларни тинч ўтказишга даъват қилди.

− Тўқнашувлар ҳам, тажовуз ҳам йўқ. Бундай иш тутиш ғалабамизни чиппакка чиқаришини ҳаммамиз тушунамиз. Барча амалларимиз тинч йўл билан ўтиши керак, − деди Пашинян Фейсбукдаги саҳифаси орқали жонли эфирда қилган мурожаати чоғида.

Еревандаги кўплаб метро бекатларига кириш йўллари тўсиб қўйилган. Темир йўл ҳаракати тўхтаб қолгани айтилмоқда.

Хавфсизлик кучлари унда-бунда кўриниб қолаётган бўлса-да, уларнинг на намойишлар, на йўл тўсишларнинг олдини олиш учун аралашаётгани хусусида хабарлар бўлмади.

Ереван ва бошқа шаҳарларда талабалар ва мактаб ўқувчиларининг ҳам намойишчиларга қўшилаётгани ҳақида хабарлар бор.

Арманистоннинг учинчи йирик шаҳри Ванадзорда норозилик намойишчилари шаҳар ҳокими ва вилоят ҳокими офисларига кириш йўлларини тўсиб қўйди.

Арманистоннинг бошқа шаҳарларидан ҳам норозилик намойишлари ва бўйсунмаслик амаллари ҳақида хабарлар олинмоқда.

1 май куни Арманистон Миллий Ассамблеяси Пашиняннинг бош вазир этиб сайланишини ёқлаб 45 та ва қарши 56 та овоз берди ва у лавозимга саланмади. Шундан сўнг мухолифат етакчиси ялпи иш ташлаш даъвати билан чиқди ва норозилик намойишлари кучайиб кетди.

Арманистон Конституциясига кўра, бир ҳафтадан сўнг парламент яна бир марта бош вазирни сайлашга уриниб кўради. Агар 8 май куни ҳам бош вазир сайланмай қолса, парламент тарқатиб юборилади ва янги парламент сайлови вақти белгиланади.

Мамлакатда халқнинг бундай норозилигига икки муддат президент бўлган Серж Саргсяннинг Конституцияга ўзгартириш киритиб, давлат раҳбари ваколатларини бош вазирга ўтказиб, ўзи апрель ойида ўша лавозимни эгаллагани сабаб бўлган эди. Аммо у норозилик намойишлари сабабли истеъфога кетишга мажбур бўлди.

Пашинян бошлиқ “Елк” фракцияси 105 ўринли парламентда 9 та мандатга эга. Аммо унинг бош вазир лавозимига сайланиши учун 53 та, яъни кўпчилик овоз керак эди. Кўпчиликни ташкил қилувчи Республикачилар партияси бир овоздан унга қарши овоз бергани учун сайланмай қолди. Аммо Пашинян айни пайтда рўй бераётган воқеаларни халқнинг ғалабаси деб ҳисобламоқда:

“Ҳамманинг кайфияти аъло. Бу норозилик намойиши эмас, байрамга ўхшайди. Одамлар ғалабасини байрам қилмоқда, чунки ҳамма бу муқаррар ғалаба эканини яхши англамоқда, одамлардан ушбу ғалабани тортиб олишнинг иложи йўқ. Вақти келиб, ҳаммаси жой-жойига тушади”, деди Пашинян 2 май куни журналистларга.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат масалалари бўйича комиссари Федерика Могерини 1 май куни тарқатилган баёнотида Арманистон сиёсий кучларини 8 май куни бўлиб ўтадиган “сайлов олдидан кенг қамровли мулоқот”га чорлади.

Қайд этиш лозимки, Пашинян Арманистонда рўй бераётган сиёсий тангликка баҳо бераётиб, мухолифат сиёсий-жуғрофий талаблар билан чиқишдан тийилаётганини бот-бот такрорламоқда. Бу биринчи навбатда Россия ва у бошлиқ минтақавий тузилмаларга аъзолик масаласи билан боғлиқдир:

“Йўқ, бизнинг инқилобимиз ўз олдига жуғрофий-сиёсий мақсадлар қўяётгани йўқ. Унинг ҳеч қанадй жуғрофий-сиёсий мақсади йўқ ва соф маънода ички масаладир. Бу – бизнинг инқилобимиз. У фақат Арманистоннинг ички ҳаётига тегишли”, - деган эди Пашинян бир неча кун олдин.

XS
SM
MD
LG