Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:37

"Асака дон маҳсулотлари" ишчилари ойлик тўланмаганига норозилик сифатида иш ташлади


“Асака дон маҳсулотлари” корхонаси ишчилари 23 январь куни иш ҳақининг пастлиги ва маош берилмаётганига норозилик билдириб, икки соатга иш ташлади.

Корхона раҳбарияти идораси олдида йиғилган юздан ортиқ ишчи ўтган йилдан қолган маошлар берилиши, тўрт йилдан буён кўтарилмай келаётган иш ҳақи оширилишини талаб қилди.

Бу воқеада бевосита қатнашганларнинг Озодликка айтишича¸ корхона директори улар арзини тинглашга келмаган, аммо бош инженер ва бош ҳисобчи ҳафта охиригача маошлар тўланишини ваъда қилган.

“Асака дон маҳсулотлари” комбинатининг юздан ортиқ ишчиси 23 январь куни эрталаб соат 8 да ўтган йилдан қолган маошлар берилмагани ва иш ҳақининг оз эканлигидан норозилик билдириб, ишни вақтинча тўхтатиб, раҳбарият идораси олдига тўпланди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган, комбинат тегирмон цехида бригада бошлиғи бўлиб ишлайдиган Феруза Мамажонованинг айтишича, юздан ортиқ ишчи ўз норозилигини билдирган:

- Бутун элеватор чиқди ўттизтача одам, тегирмондан иккита смена келдик ўттиздан кўп одам, механиклар, слесарлар, электриклар, қоровуллар ҳаммаси чиқди. Хуллас¸ юздан ортиқ одам бор эди. Бош бухгалтер, расчетний бухгалтер чиқди олдимизга. Нега ойликни бермаяпсизлар, десак пул йўқ, ҳафтанинг охирига бўлиб қолиши мумкин, деди. Кейин, янги раҳбарнинг идорасининг олдига борсак, у йўқ экан. Бош инженер чиқди. Одамлар дардини айта бошлади, дейди Феруза Мамажонова.

Бригада бошлиғининг айтишича, фақат маошга қараб кун кўрадиган ишчилар дардини тўкиб солган:

- Ўтган йилнинг декабрини ойлигини берган йўқ. Ҳамма ташкилотлар ёпди. Лекин бизга янги келган директор бермаяпти. Заводимиз ишчиларининг деярли 85 фоизини кредити бор. У ёқдан банк ҳар куни телефон қилади, нега кредитни бермаяпсан, деб. Бу ёқда уйида егани нони йўқ. Иккинчидан эса, бизнинг ойлигимиз ҳеч кўтарилмаяпти. Шодилбек деган янги директор келдию, бир марта иш жойимизга келиб, аҳволинг қандай ишчи, деб сўрамади. Одамлар шу ҳақда дод деб гапиришди. Лекин жавоб берадиган одам йўқ. Директорни чақиришган эди, келмади ҳам, дейди Феруза Мамажонова.

Унинг айтишича, комбинатнинг элеватор цехи бригадири ҳам иш ҳақлари ноқонуний кесиб ташланганидан шикоят қилган:

- Элеватор бригадири чиқиб гапирди. Улар икки ой 12 соатдан ишлашибди, лекин 8 соатдан иш ҳақи ёзилган экан. Кеча дод дейишворди. Бригадир тўрт ой олдин тузукроқ ойлик олардим, шу 600 минг сўмга тушиб қолди. Чанг ютиб 12 соатдан итдек ишласагу, ойлигимизни тўлиқ бермаса, қаерда бор ўзи бунақа ойлик деб айтишди, дейди Феруза Мамажонова.

Исми сир қолишини сўраган корхона мулозимларидан бирининг айтишича, одамларнинг тўс-тўполони авжига чиққанидан кейин милиция чақиртирилган.

“Милиция наряди келиб, одамларни тарқалинглар, иш жойларингга боринглар, бўлмаса олиб бориб қамаймиз, деб қўрқитганидан сўнг ҳам ҳеч ким тарқалмади. Бу тахминан соат 10 лар эди. Бош инженер, бош бухгалтер иш ҳақларингни ҳафтанинг охиригача берамиз, деб ваъда беришганидан сўнг улар тарқалди”, деди мулозим.

Икки кун аввал қоровуллар бошлиғи этиб тайинланганини айтган Баҳодир Қосимов юз нафардан ортиқ ишчининг норозилик билдириб, иш ташлаганини тасдиқлади.

“Эски қоровулбоши ишдан олинган. Икки кун бўлди мен қоровулбошиман. Ҳаммаси яхши, эртадан бошлаб маошлари берила бошлайди. Бугун ҳамма ўз иш жойида ишлаяпти”, деди 24 январь куни Озодлик боғланган Баҳодир Қосимов.

Озодликнинг “Асака дон маҳсулотлари” акциядорлик жамияти директори Шодилбек Мамажалиловни топишга бўлган ҳаракатлари кун давомида натижасиз қолди. Диспетчер раҳбарнинг мажлисга кетганини, унинг мобил телефони рақамини эса ҳеч ким билмаслигини айтди.

Шодилбек Мамажалилов аввал Андижон вилоятидаги “Қўрғонтепа дон маҳсулотлари” АЖнинг раҳбари бўлган. Янги йилдан бир ҳафта олдин у Асакадаги комбинатга раҳбар бўлган, бу комбинатнинг аввалги раҳбари Бахтиёр Гапиров эса Қўрғонтепа туманидаги комбинатга ўтказилган эди.

Озодлик 15 январь куни “Асака дон маҳсулотлари”да ўнлаб одам сабабсиз ишдан бўшатилаётгани ҳақида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG