Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:22

Аёллар таҳқирланган Каттақўрғон шаҳар ИИБ 7 нафар раҳбар ва ходими ишдан бўшатилди


Самарқанд вилояти ички ишлар органлари фаолиятини ўрганиш гуруҳига шахсан Пўлат Бобожоновнинг ўзи раҳбарлик қилмоқда.
Самарқанд вилояти ички ишлар органлари фаолиятини ўрганиш гуруҳига шахсан Пўлат Бобожоновнинг ўзи раҳбарлик қилмоқда.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Ички ишлар бўлимининг етти нафар зобити ва сафдори ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар қилди.

Хабарда айтилишича, хизмат текшируви давомида ўз вазифаларини ижро этишда қўпол камчиликларга йўл қўйиб, ходимларнинг хизмат олиб бориш фаолиятини тегишли тартибда назорат қилмаган ҳамда шахсий таркиб билан якка тартибдаги тарбиявий ишлар олиб борилишини етарли даражада ташкил этмаганликлари учун Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғи Илёс Абдуқаҳҳоров, унинг биринчи ўринбосари Иззатилло Хўджамқулов ҳамда кадрлар бўйича ўринбосари Зафар Шералиев, шаҳар ИИБ ЖҚБ бошлиғи Алишер Шукуров Ички ишлар вазирининг буйруғи билан ички ишлар органлари хизматидан бўшатилган, вилоят ИИБ ва шаҳар ИИБнинг бир қатор раҳбар ходимларига нисбатан бошқа интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Хабарда ушбу воқеа содир этилиши билан боғлиқ ҳолатларда хизмат вазифаларини бажармаган Каттақўрғон шаҳар ИИБ катта инспектор навбатчиси Насим Алиев ва навбатчи ёрдамчиси Жаҳонгир Шодиевлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилгани ҳам ёзилган.

Каттақўрғон шаҳар ИИБ профилактика инспектори Шамшод Тўхтаев эса ички ишлар органлари сафидан бўшатилган.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи Самарқанд вилояти ички ишлар органлари фаолиятини ўрганаётганлиги айтилади.

Озодликнинг 4 июль куни эълон қилган "Каттақўрғон милиция бўлимига олиб келинган аëллар қип-яланғоч қилиб таҳқирланди" мақоласидан сўнг, 5 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ўз сайтида Каттақўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили Санъат Умаров ушлангани ва унинг устидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида расмий баëнот эълон қилган эди.

Самарқанд шаҳар суди 6 июлда Каттақўрғон шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими тезкор вакили Санъат Умаровга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасиқўлланилиши ҳақида ажрим чиқарди.

Ажримга кўра, Санъат Умаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми ва 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 2-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган.

Санъат Умаров 1988 йилда Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланмаган.

Озодликда эълон қилинган видеотасвирдан ўғриликда гумонланиб, яна бир аëлнинг милиция бўлинмасига олиб келингани ва тасвирга тушмаган иккинчи аëлнинг ҳам кадр ортида таҳқирлангани тушунилади.

Аммо, шу пайтгача Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратураси иккинчи аёлнинг кимлиги ва уни таҳқирлаган милиция ходимлари ҳақида ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ.

XS
SM
MD
LG