Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:52

Азимжон Асқаровнинг иши 30 июлдан қайта кўрила бошлайди


Азимжон Асқаров.
Азимжон Асқаров.

Жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг иши қонунчиликка киритилган ўзгаришлар туфайли Чуй вилоят судида қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда KaktusMedia нашри “Бир Дуйно Қирғизстан” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, маҳкама бошланиши даставвал 16 июлга белгиланган, кейинроқ эса номаълум сабабларга кўра 30 июлга кўчирилган. Суд Асқаровга нисбатан чиқарилган ҳукм 2019 йил 1 январидан кучга кирган янги Жиноят кодекси ва бошқа ҳужжатларга нақадар мувофиқ келишига оид қарор чиқариши лозим. Айни сабаб билан Қирғизистонда яна тақрибан 8,5 минг маҳкумнинг иши қайта кўрилади.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йил 15 сентябрида Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб, умрбод қамоққа ҳукм қилинган. У тартибсизликлар уюштириш ҳамда милиция ходимининг ўлимига алоқадорликда айбланган. Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига урғу бериб келадилар.

2016 йил апрелида БМТ Қирғизистон Асқаровни озод қилиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилган, аммо қирғиз суди ҳукмни ўзгартирмаган.

Азимжон Асқаровга 2015 йили АҚШ Давлат департаментининг “Инсон ҳуқуқлари фаоли” мукофоти топиширилган. Шундан сўнг Бишкек ҳукумати норозилик сифатида Вашингтон билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини бекор қилган эди.

Amnesty International, Фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Хьюман Райтс Вотч, Front Line Defenders, Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ва Норвегия Хельсинки қўмитаси каби саккизта нуфузли ташкилот шу йилнинг 1 июль куни эълон қилган сўнгги баёнотларида Азимжон Асқаров ноқонуний, адолатсиз ва нохолис судлов ортидан 9 йилдан бери қамоқда ўтиргани алоҳида таъкидланган. Улар Асқаровнинг озод қилинишида ёрдам сўраб, Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Федерика Могеринига мурожаатнома йўллаганлар.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда шу йил 7 июлида “Марказий Осиë-Европа Иттифоқи” форматидаги учрашувда иштирок этган Могерини хоним Азимжон Асқаров масаласи қирғиз расмийлари билан муҳокама қилинаётгани билдирган.

- Икки тарафлама учрашув давомида суд тизими мустақиллигига умумий эътибор бериш, хусусан, сиёсий жиҳатдан нозик бўлган ишларни кўриб чиқишдаги шаффофликни муҳокама қилар эканмиз, бу масалани ҳам муҳокама қилдик, - деганди Федерика Могерини Озодлик мухбири билан суҳбатда.

68 ёшли Азимжон Асқаров шу йил март ойида тергов ҳибсхонасидан умрбод қамалганлар колониясига ўтказилган.

XS
SM
MD
LG