Ўзбекистонлик таниқли қўшиқчи Азиза Ниëзметова Озодлик билан суҳбатда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасини адолатсизликда айблади. Ўтган йили лицензиясининг амал қилиши тўхтатилган 43 яшар қўшиқчи 14 апрел куни “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидан “Миллий урф-одатларни бузганлик” борасида огоҳлантириш мактуби олди.
"Ўзбекнаво" билдиришномасида қўшиқчидан “Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш¸ саҳна маданияти ва ташқи кўриниш маданиятига зид ҳаракатлар қилмасдан томошабинлар ҳис-туйғуларини ҳақорат қилмаслик” талаб қилинган.
28 йилдан бери ўзбек саҳнасида ижод қилиб келаëтган Ниëзметованинг Озодликка билдиришича¸ у жорий йилнинг 7 апрелида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига чақиртирилиб, муҳокама қилинган:
- Тармоққа қўйган битта расмим ўзбек мулозимларини шок қилибди. Енги калта куйлак кийиб, қўлимда гул ушлаб уйда ўтирганим акс этган сурат эди. Мен бу расмни “Ҳаммага ҳам гул олиш насиб қилсин”, деган ëзув билан тармоққа қўйган эдим. Ўз уйимда¸ эрим совға қилган гул билан расмга тушдим. Яъни саҳнада эмас. Расмда фақат билагим очиқ. “Ўзбекнаво” мени беҳаë кийинган деб ноҳақ айблади¸- дейди қўшиқчи Озодлик билан суҳбатда.
Қўшиқчи миллий қадриятни топтадими?
Санъаткорлар орасида “Қўшиқчилар вазири” номи билан танилган “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори Фарҳод Жўраев имзолаган 248-рақамли ҳужжатда Азиза Ниëзметовадан “Миллий менталитет¸ миллий қадрият¸ миллий мафкура ва урф-одатларни мунтазам ҳурмат қилиш” сўралган. Шунингдек, унда қўшиқчидан “Шахсий муаммоларни ўзаро келишган ҳолда ҳал қилиш” талаб қилинган.
Аммо қўшиқчининг айтишича¸ унинг ижтимоий тармоқ ва матбуотда билдирган танқидий фикрлари мулозим норозилигини уйғотган:
- Мен баъзи сариқ матбуот¸ хусусан Sayyod.com нашридаги мақолаларга эътироз билдирганим ва умуман танқидий фикрларим мулозимлар эъторозига сабаб бўлди¸- деди Азиза Ниёзметова.
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси вакили Фаррух Ботиров Озодлик мухбирининг Азиза Ниëзметовага нима учун ҳайфсан берилгани ҳақидаги саволини изоҳсиз қолдирди.
“Ўзбекнаво”даги Озодлик манбасига кўра, ташкилот қўшиқчиларнинг тармоқлардаги расмлари ва матбуотдаги чиқишларини мунтазам мониторинг қилиб боради:
“Ярим-яланғоч” расм қўйган ëки хориж матбуотига гапирганлар қора дафтарга ëзиб борилади. Юқоридан келишилгач уларга чора кўрилади. Масалан, ўтган йили ўзбек хонандаси Лоланинг лицензияси муддатидан аввал тўхтатилганини эслаш кифоя. Лола елкаси очиқ кийим билан саҳнага чиқувди"¸ дейди Озодлик манбаси.
Айни пайтда мазкур идора Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ярим-яланғоч бўлиб қўшиқ куйлаганда эътироз билдиришга журъат топа олмаган эди.
Азизанинг лицензияси бекор қилинмаган, тўхтатилган
Ниëзметова 7 апрель куни “Ўзбекнаво”га чақирилишидан олдин Озодлик радиоси орқали чиқиш қилиб, қўшиқчи Райҳон ҳимоясига фикр билдирган эди.
Қўшиқчининг ўзи эса Озодликдаги чиқишлари борасида аниқ-равшан огоҳлантириш олмаганлигини айтиб¸ “Ўзбекнаво” қўйган барча айбларга “ноҳақ нишон” бўлганлигини таъкидлади.
- Азиза лицензиядан маҳрум қилинибди, деган гап ëлғон. Лицензияни ўзим тўхтатиб қўйганман. Шу кунларда саломатлигим билан боғлиқ ҳолат ва муолажа боис саҳнага чиқа олмаяпман. Куни кеча фақат битта давлат тадбирида қатнашиб келдим. Иккинчидан мен ҳеч қачон саҳнага юпун кийиниб чиқмаганман. Саҳна одоби ва урф-одатларга риоя қиламан. Ҳар доим узун этакли кийимларда саҳнага чиқаман¸- дейди санъаткор.
Азиза Ниëзметова ўтган йили Озодликка берган суҳбатида қўшиқчиларнинг кийиниш маданияти ҳақида фикр билдириб, мана буларни таъкидлаган эди:
- Барчанинг кўзи қўшиқчиларда бўлгани учун биз санъаткорлар маънавият, одобу ахлоқ борасида бошқаларга ўрнак бўлишимиз керак. Кийимимиз, юриш-туришимиз айтган гапимиз ҳам қуюшқондан чиқмаслиги керак,- деган эди санъаткор.
Расмийлар "назарига тушган" санъаткор
Ўзбекистон Халқ Артисти Комуна Исмоилова ҳаётлида Озодликка берган суҳбатида, ўз шогирди Азиза Ниëзметовага “Ҳукумат назарига тушадиган артист”, деб баҳо берган эди.
“Мен Азизани ëшлигидан биламан. Мана шу санъат соҳасида менинг ашулаларимга¸ Хоразм йўлларига ўзи уриниб¸ ҳаракат қилиб юрганида¸ Тошкентга келиш арафасида мен унга битта-иккита ашулалар ўргатдим. Илк концертини “Туркистон” саройида қўйганида¸ ўзим саҳнага чиқиб “Фарғона тарафдан Юлдуз Усмонова бўлган бўлса¸ Хоразмдан Азиза Юлдуз бўлди”, деб мақтаб¸ дуолар қилганман. “Устоз сифатида унинг юзага чиқишини хоҳлаганман. Энди унвонлар олсин¸ бошқалар қатори юртга таниқли бўлсин¸ ҳукумат назарига тушсин деб ният қиламан”, деган эди марҳума санъаткор ўз шогирди ҳақида.