Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:00

Москвадан қайтаётган муҳожир Тошкент аэропортида бедарак йўқолди


Тошкент аэропорти.
Тошкент аэропорти.

Тошкентлик 38 ёшли Умар Бадалов 19 январь тонгида Москванинг Домодедово аэропортидан Ўзбекистон пойтахтига учиб келган, бироқ аэропортдан чиқмаган. Муҳожирнинг рафиқаси Феруза Бадалова орадан қарийб бир ҳафта ўтганига қарамай, турмуш ўртоғининг қаерда эканини аниқлай олмаётганини айтди.

Феруза Бадалованинг Озодликка маълум қилишича, ўтган бир неча кун давомида у болаларининг отасини топиб беришни сўраб, ҳуқуқ-тартибот тизимига қарашли 5 та идорага ёзма равишда мурожаат қилган.

- Биринчи бўлиб Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ИИБга ташладим аризани. Кейин Мирзо Улуғбек туман прокуратурасига ариза топширдим. Кейин Сергели [туман] прокуратурасига ҳам ариза ёздим. Тўртинчи бўлиб Тошкент авиация ва транспорт прокуратураси бор экан – ўша ерга ҳам ташладим. Ва охири Бош прокуратурага ташладим аризаларимни. Лекин бу аризаларимга ҳалигача жавоб йўқ. Бу ерларга ариза беришимдан мақсад – эрим қаерда эканини билиш ва [у кишини] нима учун ушлаб турганларини менга айтишларидир, - деди Феруза Бадалова.

Аёл ўтган пайшанба куни эрини кутиб олиш учун Тошкент аэропортига чиққанидан бери ундан дарак тополмаётганини айтди.

- Хўжайиним Бадалов Умар 1978 йилда туғилган. Москва-Тошкент рейси билан улар тонгги 4.30 да қўнганлар, лекин ўша куни аэропортдан чиқмадилар. Мен суриштирдим, лекин милиция ходимлари ўша куни мени аэропортга киритишмади. Мен “кеч қолган бўлса керак” деб, анча вақт кутиб турдим. “Ичкарига киргизинглар, Бадалов Умар келган” десам, барибир менга жавоб беришмади. Уч болам борлиги учун мен уйга қайтдим.

Эртаси куни паспорт, ҳужжатларим билан яна бориб, аэропорт ичкарисига киргизишларини талаб қилдим. Менга менсимаган ҳолатда: “Кимсиз сиз?” деб, яна рад жавобини бераверишди. Охири мажбур бўлдим инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат акага (Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов назарда тутилмоқда – таҳр.) чиқишга. У кишининг визиткаси билан мени аэропорт ичкарисига киритишди.

Мен аэропортнинг рейсни қабул қиладиган бошлиғидан Бадалов Умар учиб келгани ҳақидаги ҳужжатни принтердан чиқариб беришни сўрадим. Уч нусхада “ҳақиқатан учиб келган” деган ҳужжатни олдим. “[Эрингизнинг қаердалигини] чегарачилар ёки ЛОМдан (линейный отдел милиции – таҳр.) сўрайсиз”, дейишди.

Мен ЛОМга бордим. Улар: “Йўқ, бу ерда эмас”, дейишди. Яна аэропорт ичига қайтиб, чегарачилардан ҳақ-ҳуқуқимни сўрадим. Чегарачилар бошлиғини чақиришди. Мен ундан хўжайиним тўғрисида маълумот сўрадим. У: “Ҳақиқатда кеча [шу ерда] бўлган, лекин давлат ходимлари томонидан кеча олиб чиқиб кетилди”, деди.

“Қаерга олиб чиқиб кетилди, қаерда ўтирибдилар, нимага олиб чиқиб кетилди?” десам, “Бу маълумотларни агар сизга айтсак, биз ишдан бўшатиламиз”, деди. “Ёзма равишда ариза ташлайман, аризамни қабул қилинглар, хўжайиним қаердалигини айтинглар” десам, “Унақа аризани қабул қилмаймиз, сиз кимсиз?” деб, менга жуда қўпол муомалада бўлишди, - дейди уч фарзанднинг онаси Феруза Бадалова.

Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Умаржон Бадаловнинг бедарак йўқолишини ўтган йил кузида мамлакатнинг турли жойларида милиция ходимларининг диндорларга қарши уюштирган “облава”лари билан боғлайди.

2016 йил сентябрь ва октябрь ойларида Тошкент шаҳри ва турли вилоятларда тартиб посбонлари ИИВ рўйхатига тушган, кузатувида бўлган ва сўнгги ойларда хориждан қайтган диндорларни тутиб, уларнинг радикал оқимларга алоқадор ёки эмаслиги аниқлаш учун “профилактик тадбирлар” ўтказгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

Феруза Бадалованинг айтишича, унинг турмуш ўртоғи Умар Бадалов 1999 йил мартида диний мотивлар билан айбланиб, 17 йилга озодликдан маҳрум этилган. Эрининг туҳмат асосида қамалганини айтган Ферузахон унинг 2003 йили амнистия асосида озодликка чиққани, 13 йилдан бери Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бўлимида “учёт”да туриши, бу орада бирор ножўя ҳаракат қилмаганини урғулайди.

Феруза Бадаловага кўра, унинг эри Россияга оиласини боқиш учун пул топиш учун кетганди. У сўнгги пайтларда барча ҳужжатлари тўкис ҳолда, Москвадаги қурилишлардан бирида шартнома асосида ишлаб юрган.

XS
SM
MD
LG