Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:43

АҚШ президенти ИД раҳбари Бағдодий ўлдирилганини эълон қилди


Президент Доналд Трамп ​​"Ислом давлати" экстремист гуруҳи етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий ўлдирилганини эълон қилмоқда, 27 октябрь, 2019
Президент Доналд Трамп ​​"Ислом давлати" экстремист гуруҳи етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий ўлдирилганини эълон қилмоқда, 27 октябрь, 2019

АҚШ президенти Доналд Трамп "Ислом давлати" экстремист гуруҳи етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий ўлдирилганини эълон қилди.

27 октябрь куни қатор йирик ахборот воситалари Бағдодий яшаётган жойда АҚШ армияси рейд ўтказгани ва унда Бағдодий ўлдирилгани ҳақида хабар қилганди.

Шунингдек, АҚШ президенти Доналд Трампнинг муҳим баёнот билан чиқиши ҳам эълон қилинганди.

АҚШ президенти 27 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 9:00да Оқ Уйда баёнот берди.

Баёнотида президент "Ислом давлати" экстремист гуруҳи етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий ўлдирилгани, уни ўлдириш амалиёти жуда хавфли, аммо жуда муваффақиятли ўтганини айтди.

Айтишича, у ва бошқа ҳарбий раҳбарлар амалиётни масофадан туриб кузатган.

"У худди ит каби, қўрқоқларча ўлди", деди президент.

Унинг айтишича, Бағдодийни ўлдириш амалиёти 2 ҳафта муқаддам бошланган.

Шунингдек, Трамп амалиёт чоғида Бағдодийни қўриқлаётган кўплаб жангари ўлдирилгани, АҚШ ҳарбийларидан эса бирор қурбон берилмаганини айтди.

Бироз аввал Трамп Twitter тармоғидаги саҳифаси "Жуда катта иш бўлди ҳозир!" деб ёзганди.

Бунга қадар бир неча хабар агентликлари, жумладан, CNN, Newsweek ҳамда Reuters АҚШ ҳарбийлари Сурия шимолида Бағдодий яширингани айтилган ҳудудда рейд ўтказганини хабар қилди.

Newsweek нашри исми ошкор қилинмаган АҚШ армияси расмийси Бағдодий ўлдирилганини айтганини хабар қилди.

Reuters агентлигининг хабар беришича, АҚШ армияси расмийси рейд Суриянинг Идлиб вилоятида махсус кучлар томонидан амалга оширилганини айтган.

Бундан олдин ҳам бир неча марта Бағдодий ўлдирилгани хабар қилинган, аммо бу хабарлар ёлғон бўлиб чиққан эди.

2018 йилнинг февралида бир неча АҚШ расмийси Бағдодий 2017 йилнинг майида ҳаво ҳужуми ортидан жароҳатлангани ва беш ой даволанишга мажбур бўлганини айтган эди.

Келиб чиқиши ироқлик бўлган Бағдодийни қўлга олганлар учун АҚШ 25 миллион доллар мукофот ваъда қилган. Бағдодийнинг биринчи аёлидан тўрт, иккинчи аёлидан бир фарзанди бор.

"Ислом давлати" экстремист гуруҳи етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий
"Ислом давлати" экстремист гуруҳи етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий

АҚШ ва Ироқ расмийлари Бағдодий Суриянинг Ироқ билан чегарадош ҳудудида яшаётганига ишонишини айтишган.

Жорий йилнинг апрелида Бағдодий беш йил деганда илк маротаба видео кўриниш берди. “Ислом давлати” экстремистик гуруҳининг ахборот тармоғи ёйинлаган видеода Бағдодий зирҳли жилет ва автомат билан кўринган эди.

Видеода Бағдодий “Ислом давлати” гуруҳи ўз жангчилари қўлга олингани ва ўлдирилгани учун қасос олишини таъкидлаган.

Ундан олдин Бағдодий сўнгги марта 2014 йилда Мосул шаҳрининг Ал-Нурий масжидида ваъз айтган эди. Айнан шу нутқ давомида Бағдодий ўз халифалиги ўрнатилганини иддао қилганди.

Бу орада “Ислом давлати” Ироқ ва Сурияда эгаллаган барча ҳудудларидан сиқиб чиқарилди.

Аммо ғарб давлатлари расмийлари Туркия жорий ойда Сурия шимолида курдларга қарши бошлаган амалиёт туфайли курдлар қўлга олган минглаб “Ислом давлати” жангариси қочиб кетиши мумкинлигини айтиб, хавотир изҳор қилмоқда.

XS
SM
MD
LG