Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:29

Байден Мирзиёевга мактуб йўллади. Унда Саида ҳам тилга олинган


Жо Байден.
Жо Байден.

18 август куни Forbes нашри АҚШ президенти Жо Байденнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактуби матнини эълон қилди.

11 август куни санаси билан чоп этилган дипломатик нома икки давлат стратегик ҳамкорлигини мустаҳкамлашдаги ҳиссаси учун президент Мирзиёевга миннатдорлик сўзлари билан бошланади.

Мактубда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саиданинг номи унинг оилавий зўравонликка қарши курашдаги саъй-ҳаракатлари контекстида тилга олинган.

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати Байденнинг мактуби ҳақида хабар бергани йўқ. Мактуб матни чоп этилиши Саида Мирзиёева Ўзбекистон президентининг биринчи ёрдамчиси лавозимига тайинланаётган ва шу тариқа президент администрациясида отасидан кейинги иккинчи одамга айланаётган паллага тўғри келмоқда.

Байден дипломатик таомилга мувофиқ икки давлат ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорлик юқори босқичга кўтарилганини қайд этган.

Озодлик манбалари: Саида Мирзиёева президент администрациясининг амалдаги раҳбарига айланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:51 0:00

“Сўнгги йил мобайнида биз ҳамкорлигимизни юқори босқичга кўтардик, жумладан, савдо ва сармоя ришталари мустаҳкамланди, мудофаа соҳасидаги алоқалар ва минтақавий муаммоларни ҳал этиш борасида қўшма чора-тадбирларимиз равнақ топди. Қўшма Штатлар сизнинг сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар йўлидаги саъй-ҳаракатларингизни қўллаб-қувватлайди”, дейилади хатда.

16 августга қадар Ўзбекистон президенти администрациясида шуъба мудири вазифасида ишлаб келган Саида Мирзиёева жорий йил март ойида АҚШга сафар қилган ва Байденнинг ёрдамчиси Женнифер Кляйн билан учрашган эди. Ўзбек томони суҳбатнинг асосий мавзуларидан бири Ўзбекистонда хотин-қизларни гендер зўравонлигидан ҳимоя қилиш масаласи бўлганини маълум қилган.

Байден Мирзиёевга мактубида Саида Оқ уйда қабул қилинганини ёдга олар экан, гендер ва оилавий зўравонлик учун жиноий жазо жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни олқишлаган.

“Шу йил бошида қизингиз Саидани Оқ уйда кутиб олиш шарафига муяссар бўлдик. Унинг ҳимояси ва сизнинг гендер ҳамда оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш йўлидаги қатъиятингиз таҳсинга сазовор”, дейилади дипломатик номада.

Озодлик 17 август куни ҳукуматдаги манбаларига таяниб 38 ёшли Саида Мирзиёева Ўзбекистон президентининг биринчи ёрдамчиси лавозимига тайинланиши кутилаётгани ҳақида хабар берди. Янги лавозим президентнинг тўнғич қизини амалда унинг администрацияси раҳбарига айлантиради.

Бу ҳақда ҳозирча расман эълон берилгани йўқ. Аммо аввалроқ Президент матбуот хизмати администрация раҳбари Сардор Умурзоқовнинг лавозимдан бўшатилгани ҳақида Озодлик тарқатган хабарни тасдиқлаган эди.

Сўнгги тайинлов Саида Мирзиёева ўтган ой учинчи муддат президентликка сайланган отасининг эҳтимолий меросхўри деган фаразни янада кучайтириши мумкин.

Нома матнидан Мирзиёевнинг жорий йил 18-26 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган БМТ Бош ассамблеяси 78-сессиясида қатнашиши ҳам англашилади.

Ўзбекистон президенти Бош ассамблея сессиясида сўнгги бор 2017 йилда бевосита иштирок этган ва нутқ сўзлаган.

2015 йилдан буён Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи ишлар вазирлари иштирокида “C5+1” шаклидаги йиғилиш ўтказиб келинмоқда. Анъанавий учрашув сўнгги бор жорий йил февраль ойида Остона шаҳрида бўлиб ўтганди.

Байден ўз мактубида Мирзиёевни 19 ёки 20 сентябрь куни АҚШда ташкил этиладиган “C5+1” форматидаги етакчилар учрашувига ҳам таклиф қилган.

Forbes таъкидича, АҚШ етакчисининг ўзбекистонлик ҳамкасбига йўллаган хати “иҳоталаниш сиёсатига барҳам беришга чақириқ”дир.

Нашр, шунингдек, Россия, Хитой, Эрон, Ҳиндистон, Афғонистон каби глобал ўйинчилар қуршовидаги Ўзбекистонга Вашингтон жиддий эътибор қаратиши керак деган фикрда.

XS
SM
MD
LG