Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:47

Байден Украинага 33 миллиард доллар ёрдам ажратмоқчи


АҚШ президенти Жо Байден Конгрессдан Украинани дастаклаш учун 33 миллиард доллар ажратишни сўради. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда. Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ қонунчиларини Байден сўровини тезкорлик билан маъқуллашга чорлади.

33 миллиард долларнинг 20 миллиарди қурол-яроғ, ўқ-дори ва бошқа ҳарбий ёрдам учун; 8,5 миллиарди Украина ҳукуматига тўғридан-тўғри иқтисодий ёрдам учун; қолган 3 миллиарди эса гуманитар ёрдам учун ажратилиши айтилмоқда. Бу маблағ АҚШда молиявий йил охиригача, яъни жорий йилнинг сентябрь ойигача Украинанинг уруш эҳтиёжларини қоплаш учн мўлжалланган.

“Бу чора Украинани эркинлик учун курашида дастаклаш учун керак”, - деди Байден пайшанба куни.

“Ушбу курашнинг нархи арзон эмас, аммо тажовузкорликка бўйсуниш янада қимматга тушади”.

АҚШ Украинага ўз қўшинларини ёки НАТО қўшинларини юборишдан бош тортмоқда, бироқ Вашингтон ва унинг Европадаги иттифоқчилари Киевга дрон, оғир артиллерия, учоқларга қарши Stinger ҳамда танкларга қарши Javelin ракеталари каби қурол-яроғларни етказиб бермоқда.

Украина президенти Зеленский Байденнинг бу ташаббусини “жуда муҳим қадам” ўлароқ олқишлади.

“Мен Америка халқига ва шахсан президент Байденга миннатдорчилик билдираман. Умид қиламанки, Конгресс мамлакатимизга ёрдам беришни кўзловчи ушбу сўровни тезда маъқуллайди”, - деди у видеомурожаатида.

Оқ уйнинг билдиришича, Байденнинг таклифи АҚШ расмийларига россиялик олигархларнинг янада кўпроқ мол-мулкини мусодара қилиш, бундан тушган маблағни Украинага бериш ҳамда санкциялардан қочганларни жиноий жавобгарликка тортиш имконини беради.

Хусусан, Адлия департаменти АҚШнинг ўтмишда рэкетларга қарши қўлланилган “Рэкет таъсиридаги ва коррупциялашган ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни доирасида санкциялардан бўйин товлаган одамларни жавобгарликка тортиши учун йўл очади.

Байден, шунингдек, пул ювиш бўйича жиноят ишларининг даъво муддатини беш йилдан 10 йилга узайтириш орқали прокурорларга бундай ишларни кўриб чиқиш учун кўпроқ вақт бермоқчи. Президент, шунингдек, Россия билан коррупцион муносабатлардан тушган маблағни била туриб сақлаганларни жиноий жавобгарликка тортмоқчи.

Бу чоралар АҚШнинг Россия 24 февралда Украинага бостириб киргани учун жазолаш, шунингдек, Киевга шаҳарларни вайронага айлантираётган урушдан қутулишга ёрдам беришга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир.

Байден Пентагондан тадқиқот ва ишланмаларни молиялаштириш ва хорижий мамлакатлар, жумладан, Россия томонидан солинадиган таҳдидларга қарши курашиш учун рекорд суммаларни ажратишни сўради.

Аммо Байден таклиф қилаётган молиявий ёрдам Конгрессда муаммоларга дуч келиши мумкин. Байден март ойида COVID-19га қарши кураш учун 22,5 миллиард доллар ажратилишини сўраган. Сенат ва Намояндалар палатасидаги демократлар ушбу пакет Украинага ёрдам чораси билан бир вақтда кўриб чиқилишига чорлаши мумкин.

Қонунчилар Украинага ёрдам кўрсатиш учун маблағ ажратишни кенг қўллаб-қувватласа-да, пайшанба куни Конгрессдаги республикачиларнинг ёрдамчилари урушни молиялаштиришни пандемияга қарши кураш билан бирлаштиришга қаратилган уринишлар ташаббуслар қабул қилинишини мушкуллаштириши мумкинлигини айтишди.

“Улар буни қандай қилишлари менга қизиқ эмас”, - деди Байден.

“Буни алоҳида ёки биргаликда қилишлари мумкин, аммо бизга иккаласи ҳам керак”.

Россияга Украинага бостириб кирганидан бери АҚШ Киевга ажратган ҳарбий ёрдам кўлами 3 миллиард доллардан ошди.

Россия ОАВлари Украинага қарши урушни ҳануз “махсус ҳарбий амалиёт” номи билан аталмоқда. Улар Россия қўшинлари ёғдирган бомба ва снарядлардан тинч аҳоли ўлаётганини инкор қилишда давом этяпти, Кремль пропагандасига ишонилса, булар бари – бебош украин “нацистлари” ва “бандерачилар”нинг иши.

Бу орада АҚШ ва унинг Европадаги иттифоқчилари Россия президенти Владимир Путинга алоқадор бадавлат шахсларнинг 30 миллиард долларлик активларини, жумладан яхталар, вертолётлар, кўчмас мулк ва санъат асарларини музлатиб қўйди.

XS
SM
MD
LG