Бекобод металлургия комбинатининг ишчиси ва унинг ўғли - канализация қудуғида газдан заҳарланиб, касалхонада вафот этган ота-бола - 23 август куни дафн этилди.
18 куни содир бўлган бу воқеада заҳарланган яна 3 киши касалхонада қолмоқда.
Комбинат техника хавфсизлиги бўлими бошлиғи шундай воқеа бўлганини тасдиқлади.
Бекобод металлургия комбинатининг исми сир қолишини сўраган ишчиларидан бирининг Озодликка айтишича, воқеа 18 август куни содир бўлган:
“Металлургия комбинатига карашли водазабор цехида ер остида канализация трубалари ўтган бўлиб, катта насослар ёрдамида сўриш ва ҳайдаш ишлари амалга оширилади. 60 яшар ишчимиз Йўлдош Алимов навбатчилик вақтида насослар жойлашган колодецга тушган, лекин у ерда йиғилиб қолган заҳарли газдан ҳушидан кетган. Унинг комбинатда ишламайдиган 33 яшар Шерзод исмли ўғли дадасини ишдан олиб кетиш учун машинада комбинатга келган. Дадасини сўраганда, бошқа ишчилар колодецга тушиб ишлаётганини айтган. У ҳам колодецга бориб, дадасини чақиради, лекин ҳеч ким жавоб бермайди. Кейин ўзи тушади ва ҳушсиз дадасини олиб чиқишга ҳаракат қилади. Лекин, ўзи ҳам ҳушидан кетиб йиқилади”.
Исми сир қолишини сўраган комбинат усталаридан бирининг айтишича, шундан сўнг ота-болани қудуқдан олиб чиқишга ҳаракат қилган яна уч киши ҳам заҳарланган:
“Ишчилар ота-болани олиб чиқиш учун ўзлари мустақил ҳаракат қилишади, лекин улардан уч нафари ҳам газдан заҳарланади. Ахийри, автокран олиб келиб, ҳаммаларини битта-битта чиқариб олишади. Ота билан бола касалхонада ўзига келмай бирин-кетин вафот этди. Уларнинг жанозаси 23 август куни Бекободнинг Спутник даҳасида бўлиб ўтди. Қолганлар эса касалхонада, даволанмоқда”.
Комбинат техника хавфсизлиги бўлими бошлиғи Дилшод Абрамов бу фожиада ота-бола ҳалок бўлганини тасдиқлади:
“Лекин мен бу воқеа тафсилотлари ҳақида сизга маълумот беришга ҳаққим йўқ. Раҳбарлар билан маслаҳатлашай, кейин ўзим хабар бераман”.
Аммо, Дилшод Абрамов Озодликка қайтиб алоқага чиқмади.
Ўзбекистонда ер ости ишларини амалга оширишда газдан заҳарланиш ҳолатлари содир бўлиб туради.
2016 йилнинг август ойида Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида 10 киши газдан димиқиб ўлган эди. Муҳандис, сантехник ва қурувчилар ер остидаги сув моторлари носозлигини тўғирлаш учун 6 метр чуқурликка бирин-кетин тушиб, сув сатҳида йиғилиб қолган газдан димиқиб ҳалок бўлган эди.
2015 йилнинг 13 декабрь куни “Водийгазтаъминот” унитар корхонасининг тўрт нафар ходими Фарғона шаҳридаги газ қувури қудуқларидан бирига тушиб, ишлаётган пайти газдан заҳарланиб ўлган эди. Тўрт газчининг ўлимига техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмагани сабаб бўлгани айтилганди.