Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:40

“Қўйлиқ” деҳқон бозоридаги мавсумий мева-сабзавот расталари огоҳлантиришсиз бузиб ташланди


Аëллар ўртасида турган қора кийимли эркак ўзини "ҳокимият вакили Санжар" деб таништирган.
Аëллар ўртасида турган қора кийимли эркак ўзини "ҳокимият вакили Санжар" деб таништирган.

18 апрель куннинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳар Бектемир туманида жойлашган “Қўйлиқ” деҳқон бозорининг мавсумий мева-сабзавот сотиладиган расталари¸ гувоҳларнинг Озодликка айтишича¸ “уруш майдони”га айланди.

Озодлик гаплашган савдогарларнинг айтишича¸ туман ҳокимлиги ва бозор маъмурияти мулозимлари бу ерда савдо қилаëтган юзлаб тадбиркорга расталарнинг дезинфекция қилиниши айтиб¸ маҳсулотларини ўраб¸ четга чиқиб туришни сўраган.

Воқеанинг бевосита иштирокчиларига кўра¸ савдогарлар четга чиқиши билан ўнлаб зарғалдоқ нимча кийганлар расталар устига чиқиб¸ уларни бузишга киришган¸ бу пайтда Миллий гвардия аскарлари тадбиркорларни қуршаб турган.

Бир неча соат давом этган фавқулодда амалиëт оқибатида махсус рухсатнома билан бу ерда савдо қилаëтган хусусий тадбиркорларнинг миллионлаб сўмлик мева ва сабзавоти¸ бузиб ташланган расталар билан бирга ахлатга ташланган; баҳорги сабзавотлар тайëр бўлган айни мавсумда¸ уларни сотиб тирикчилик қилиб келган юзлаб тадбиркор даромад манбаидан айрилган.

Озодлик ҳукумат карантинда сақланаëтган аҳолини бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мажбурияти остида қолган айни кунларда содир этилган бу воқеа юзасидан изоҳ сўраб Бектемир туман ҳокимлиги мулозимлари билан боғланди.

Ҳоким ëрдамчиси ва ҳокимлик матбуот котиби воқеа тафсилотларидан бехабарлиги айтиш ва 20 апрель кечқурун ҳокимлик Телеграм каналида расмий изоҳ бериш эҳтимолини тилга олиш билан чекланди.

“Куппа-кундуз кунги босқинчилик»

«Қўйлиқ» деҳқон бозорининг мавсумий мева-сабзавот учун ажратилган қисмида савдо қилиб келганлар¸ Озодлик билан суҳбатда¸ 18 апрель кунги воқеани шундай таърифлади.

Уларнинг айтишича¸ ҳокимлик ва бозор мутасаддилари¸ шунингдек¸ погонли мулозимлар Миллий гвардия¸ ички ишлар ва зарғалдоқ ниқоб кийган ўнларча хизматчи ҳамроҳлигида тушки соат 4 лардан кейин 300 га яқин тадбиркор савдо қилиб келган мавсумий бозорга кириб келган.

- Роса кўпчилик бўлиб келишди. Орасида бир неча юлдузчали погонлилар ҳам бор эди. Бизга коронавирусга қарши дезинфекция қиламиз¸ маҳсулотларингизни араваларга ортиб расталардан олинглар¸ ëки улар устини целлофан билан ўраб¸ ўзларингиз четга чиқинглар¸ дейишди. Биз четга ўтишимиз билан¸ оранжевий камзул кийганлар расталарга сварка машиналари билан¸ чиқиб¸ бузишни бошлади. Қий-чув бўп кетди¸ кўпчилик растасини¸ молини ҳимоя қилмоқчи бўлди. Одам борми-йўқми деб ўтирмасдан¸ ҳаëтимизни хатарга қўйиб¸ бузиб ташлайверди. Бизни Миллий гвардия ушлаб турди¸ дейди ҳокимият босимидан чўчигани боис исмини очиқламасдан гапирган савдогарлардан бири.

Воқеанинг Озодликка юборилган видео ва аудиоëзувларидан¸ 18 апрель куни “Қўйлиқ” бозоридаги мавсумий расталарнинг бузилиш жараëнининг кескин норозилик ва тортишувлар фонида амалга оширилгани англашилади.

Аудиоëзувдаги аëллардан бири 15 миллион сўмлик молига куйганини айтиб йиғласа¸ бошқаси¸ қоп-қоп булғор қалампири¸ карам ва кўкатлари “увол” кетганини айтиб қичқиради.

Воқеа ортидан Озодлик билан гаплашган тадбиркорлар¸ 18 апрель куни 200 га яқин савдогарнинг миллионлаб сўмлик маҳсулоти бузилган расталарга қўшилиб¸ чиқитга чиққанини билдирди.

Биз ўз томорқамиздаги сабзавотдан ташқари¸ бошқа деҳқонларнинг молиниям тирикчилик учун сотиб берамиз. Улардан қоп-қоп нарса олганмиз¸ пулини беришимиз керак. Лекин 4 миллионлик молимдан қутқариб қолганим бир арава нарса бўлди. Эртасига уни 300 минг сўмга сотдим. Қолган молим уволга кетди”¸ деди Озодлик 20 апрель куни гаплашган савдогарлардан бири.

Мавсумий расталар нега бузилди?

Озодлик 18 апрель куни “Қўйлиқ” бозорида арзон мавсумий маҳсулот сотиладиган расталар нега тўсатдан бузиб ташланди¸ деган саволга бозор маъмурияти¸ шунингдек¸ бозор жойлашган Бектемир туман ҳокимлигидан жавоб олишга уринди.

20 апрель куни Озодлик боғланган мулозимларнинг барчаси ўзларининг “масофавий иш режимига” ўтгани ва воқеадан бехабарлигини айтди. Бектемир туман ҳокимлиги матбуот котиби эса¸ ҳокимлик Телеграм каналини кузатиш ва шу каналда воқеа юзасидан “кечга яқин расмий баëнот” берилишини билдирди. Кун давомида бундай баëнот эълон қилинмади.

Озодликка тақдим этилган аудиоëзувларда норозилик билдираëтган савдогарларнинг айни саволига мулозимларнинг аниқ жавоб беришдан қочгани тушунилади.

Растаси ва улардаги маҳсулотлари ахлатга чиқарилган савдогар аëлларнинг “Бизни эшитадиган борми?” деган қичқириғига “ ман эшитаман силани” деб жавоб қилган шахс¸ ўзини ҳокимият вакили Санжар деб таништиради.

“Расталаримизни нега олдиндан огоҳлантирмай туриб бузаяпсизлар?” деган саволга “ҳокимият вакили” аввалига:

- Бизани вазифамиз бозорри ҳудудида марказлашган кирадиган жой қиганмиз. Дизенфекциядан одамла ўтиб кирвотти. Шу учун¸ мамми дарвозани ëпамиз¸ сиз совдойиззи қиласиз¸ деб жавоб беради.

Расталар бузилишини “санитария талабларига жавоб бермаслик” билан изоҳлаган бу шахс¸ кўп ўтмай¸ ëнғин хавфсизлигини рўкач қилишга ўтади.

- Ер дўвлаттики. Бу пожарний вход. Бозорда ëнғин бўса¸ фавқулодда ҳолат бўса¸ махсус мошинада одам кириши учун жой бу¸ дейди савдогарлар қий-чуви остида гапирган “ҳокимият вакили Санжар”.

Ҳокимият ва кучишлатар тизимлари зўравонлигига норозилик билдирган аëллар билан суҳбатда айни шахс¸ уларга савдосини давом эттириш учун бозор ичкарисидан жой таклиф қилади.

Аммо аëллардан бири¸ бу таклифнинг “навбатдаги ëлғон” эканини айтади.

Карантин уйда ўтир¸ деганига уйда ўтирдим. Бир оғиз огоҳлантирмасдан¸ нарсаларимни мусорга ташладинглар. Нега бир кун олдин огоҳлантирмадинглар¸ энди санитарка қоидасига риоя қилмаяпсизлар¸ деб айтаяпсиз. Ичкарида амал қилаяптими¸ бир метрдан тиқилиб ўтириптику ўшалар ҳамю Ҳеч ким ҳеч кимга жойини бермайди бозорда. Бизга жой қилиб беролмайсиз. Олдин бизга жойни чиройли қилиб тайëрлаб¸ кейин қилсангиз бўлмасмиди бу ишни. Икки метрлик масофа сақлаб¸ молларимизни салофан билан тўсиб¸ карантинда чип-чиройли ўтиргандикку”¸ дейди ҳокимият вакили билан тортишган аëл.

Ўзи билан тортишганларни давлатга қарши бош кўтарганликда айблаган Санжар исмли шахс¸ ëнидаги гвардиячилар “ҳокимият вакилини гапини бўлмаларинг”¸ деб бақирганидан сўнг:

- Бир кунга кечаги харажатни сотишга рухсат берамиз. Қоган куни иккита бозоримиз бор¸ ана оптомга бориб¸ жой олингда¸ ўшатта сотинг”¸ дейди ва бизга ким жой беради¸ деб бақирганларни “ Ман бераман сизга жой¸ ман бераман¸ деб тинчлантиришга уринади.

Озодлик суҳбатлашган савдогарлар 19 апрель куни бир кун олдинги рейд ва бузилишлардан қолган молларини сотишга рухсат берилгани¸ ҳозирда эса ҳамма яна уй-уйида ўтиришга мажбурлигини билдирди.

Расталар бузилишининг асл сабаби очиқ айтилмади

Савдогарларнинг расталарнинг карантин пайтида олдиндан огоҳлантирилмасдан махсус рейд орқали бузилиш сабабига ҳокимият вакили аниқ жавоб бермаган бўлсада¸ Озодликка юборилган аудиоëзувларда¸ расталарни бузишга бош-қош бўлаëтганлардан бири¸ асл сабабга ойдинлик киритади.

Биз бу ерга ўзимизча келиб¸ бузаëтганимиз йўқ. Ҳокимият қарор чиқариб қўйипти¸ бузилсин¸ деган. Бу жой стоянка бўлади. Бақир-чақир қилганингиздан¸ президентга борганингиздан фойда йўқ. Ана ҳокимнинг ўзи шу ердаку¸ бузилишларнинг тепасида турипти¸ ëнида ҳамма раҳбарлар”¸ дейди йиғлаб туриб¸ расталарини бузмасликни сўраëтган аëлларга жавобан мулозимлардан бири.

Озодлик гаплашган савдогарлар¸ “Қўйлиқ” деҳқон бозорининг йиллардан бери мавсумий мева-сабзавот сотиладиган расталари жойлашган ҳудуднинг ҳокимият томонидан “хусусий тадбиркор”га пуллаб юборилгани ҳақида кўпдан гап юрганини тасдиқлади.

У одам бир неча марта келиб¸ бу мани жойим¸ бўшатиб беринглар¸ деган. Ўтган йили бизни ҳайдашмоқчи бўлишганида¸ Озодликка чиққандик¸ шундан сўнг тўхтатиб қўйишувчи. 18 апрель куни ўша одам ҳам бор эди. 500-600 одам оила боқиб келган жойни яна битта бойваччага сотиб¸ шунча одамнинг уволига қолишдан қўрмайди бу ҳокимиятдагилар. Мирзиëев Бош вазир пайтида бизга бу жой бузилмайди¸ деб ваъда қилган эди. Ҳозир президентнинг коронавирус билан оворалиги¸ одамларнинг карантиндалигидан фойдаланиб¸ булар бизни зўравонлик билан ҳайдаб солишди”¸ дейди бозорда савдо қилиб келганлардан бири.

Ўзбекистон бозорларидаги автотурароҳлар¸ аксар давлатлардагидан фарқли¸ пуллик ва бу ҳудудлар каттагина даромад манбаи ҳисобланади. Марҳум президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2012 йили Twitter саҳифасида Тошкентдаги камида 20 та бозордаги авторураргоҳ¸ қолаверса¸ бу бозорлар ҳудудидаги 300 дан ошиқ ҳожатхонанинг ўз куëвига қарашли эканини ëзган эди.

Ҳокимият ўзгарганидан сўнг бу мўмай даромад келтирувчи ҳудудларнинг яна олий ҳокимиятга яқин шахслар назоратига ўтгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG