Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:40

Беларусь ИИВ Росгвардия билан ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади


Минскда бўлиб ўтган акция чоғида намойишчини қўла олиш чоғи - 2020 йил 22 ноябри
Минскда бўлиб ўтган акция чоғида намойишчини қўла олиш чоғи - 2020 йил 22 ноябри

Беларусь Ички ишлар вазирлиги ва Росгвардия жамоат тартибини сақлаш масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади. Шартнома нусҳаси Беларусь миллий ҳуқуқий порталида эълон қилинди.

Ҳужжатда террорчилик ва экстремизмга қарши кураш бўйича ҳамкорлик, “жиноятчиликка қарши курашда куч дастаги бериш”, қўшма консультациялар ва машқлар ўтказиш, қўшма ишчи гуруҳларини тузиш ҳақида сўз боради.

Беларусь ИИВ ва Росгвардия давлат объектлари, ёқилғи-энергетика мажмуаси объектларини қўриқлаш, қурол-аслаҳа айланмасини назорат қилиш бўйича ҳамкорлик қилади, айни пайтда, РБК хабарига кўра, спортга оид ва маданий алоқаларни ривожлантиради.

Қайд этилишича, Москва ҳамда Минск мазкур шартномани 19 ноябрдаёқ тузган. Шартнома томонлардан бири ундан чиқишини расман билдирганидан сўнг ҳам ярим йил ўтмагунча амал қилишда давом этади.

“Интерфакс” агентлигига кўра, бундай шартномани тузиш бўйича октябрь ойида Россия бош вазири Михаил Мишустин топшириқ берган.

Беларусда шу йил 9 августидаги президент сайлови ортидан мамлакат Марказий сайлов комиссияси Александр Лукашенкони сайлов ғолиби, деб эълон қилганидан бери мавжуд режимга қарши оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда.

Мазкур сайловда кенг кўламли сохталаштиришларга йўл қўйилганини иддао қилган намойишчилар олти марта президентлик курсисини эгаллаган Лукашенконинг истеъфога кетиши ҳамда қайта сайлов ўтказилишини талаб қилишмоқда.

Беларусдаги хавфсизлик кучлари намойишларни бостириш чоғида минглаб намойишчини қўлга олгани, юзлаб одам жабрлангани, тергов ҳибсхоналарида қийноққа солингани ва таҳқирлангани айтиб келинади. Қўлга олинаётганлар орасида болалар, аёллар ва қарияларнинг борлиги алоҳида эътирозларга сабаб бўлмоқда. Аввалроқ Озодлик 14 декабрь куни Александр Лукашенко ҳукмронлигига қарши Минскда ўтказилган пенсионерлар юриши чоғида 83 ёшга кирган қария дохил камида 26 киши қўлга олингани ҳақида хабар қилган эди.

Ёздан бери давом этаётган норозилик акцияларини бостириш чоғида камида беш киши ҳалок бўлган. Ҳуқуқ фаолларига кўра, шу кунгача милиция ва КГБ томонидан қатағонга учратилган беларуслар сони 30 мингга яқинлашди.

Лукашенконинг ўзи августдаги сайлов адолатли ўтгани, Минск ва бошқа шаҳарларда кузатилаётган норозилик чиқишлари эса хориждан мувофиқлаштирилаётганини иддао қилиб келади.

Август ойида Россия президенти Владимир Путин Лукашенко илтимосига кўра Минскка кўмак кўрсатиш бўйича куч тизимлари ходимлари резерви шакллантирилганини билдирганди. Путин, Беларусда вазият назорат остидан чиққан тақдирда, мазкур резерв ишга солиниши мумкинлигини айтган.

Россия томонидан ҳар томонлама дастакланаётган Лукашенко режимининг ўз фуқароларига қарши амалга ошираётган хатти-ҳаракатлари айни пайтда Ғарб давлатлари томонидан қаттиқ қораланмоқда. Ғарб Беларусдаги репрессияларга алоқадор бўлган қатор мулозимлар, шу жумладан, Лукашенко ва унинг атрофидаги юқори лавозимли амалдорларга нисбатан санкциялар жорий қилганлар.

Шу билан бир қаторда ЕИ Лукашенко режимига қарши курашаётган мухолифат вакилларини ҳар томонлама дастакламоқда. 16 декабрь куни Европа Парламенти Беларусь мухолифати вакилларига фикр эркинлиги учун Андрей Сахаров номидаги мукофотни топширди.

XS
SM
MD
LG