Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:53

Bellingcat: Навальнийни Россия Федерал хавфсизлик хизмати заҳарлаган


Bellingcat тадқиқоти - иллюстратив сурат
Bellingcat тадқиқоти - иллюстратив сурат

Британияда жойлашган Bellingcat тадқиқот гуруҳи бир неча нашр билан ҳамкорликда тергов ўтказиб, Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний заҳарланиши ортида Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) турганини кўрсатувчи далилларни қўлга киритди.

Терговни Bellingcat Россиянинг Insider тергов сайти, Германиянинг Der Spiegel газетаси ва АҚШнинг CNN агентлиги билан ҳамкорликда ўтказган.

Терговни олиб борган журналистлар «Телеком ва саёҳат маълумотлари кўринишидаги катта ҳажмдаги далилларга» таянган ҳолда, Навальнийни заҳарлаш режаси 2017 йилда ишлаб чиқилган, деган хулосага келганлар.

Тергов натижалари 14 декабрь куни чоп этилди. Bellingcat сайтида эълон қилинган баёнотда «2017 йил бошидан 2020 йил августигача заҳарли моддалар билан ишлашга ихтисослашган яширин ФХХ бўлинмаси ходимлари Навальнийни Россия бўйлаб таъқиб қилгани, унинг ёнида 30 дан ортиқ рейсда парвоз қилгани ва Томскдаги амалиётдан аввал уни икки марта заҳарлашга урингани айтилади.

20 август куни Навальний заҳарланиш асоратлари билан Омскда касалхонага ётқизилганди. Унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётганида ёмонлашган. 22 август куни мухолифатчи Берлиндаги «Шарите» клиникасига кўчирилган. У икки ҳафтадан кўпроқ комада ётган.

Айни пайтда Германияда соғлиғини тиклаётган Навальний унинг заҳарланиши билан боғлиқ иш Россияда расман тергов қилинмаганига қарамай, «ўз ечимини топгани»ни таъкидлади.

Мухолифатчи уни заҳарлаш буйруғини Россия президенти Владимир Путин бергани ҳақидаги иддаосини яна такрорлади. Кремль бу айбловларни рад этиб келади.

Bellingcat гуруҳига кўра, тергов давомида Навальний билан бирга Новосибирскка борган ва унинг изидан Томск шаҳрига борган уч нафар ФХХ ходими аниқланган.

Учала агентни камида яна беш нафар ФХХ ходими қўллаб-қувватлаган ва назорат қилган. Уларнинг баъзилари Навальний касалхонага ётқизилган Омск шаҳрига ҳам боришган.

Ҳисоботда Навальний изидан борган шахслар Алексей Александров ва Иван Осипов ҳамда Владимир Панияев исмли агент эканлиги айтилди.

«Гуруҳ аъзолари операция давомида бир-бири билан алоқада бўлган. Заҳарланишдан олдин ва Алексей Навальний тунда (Москва вақти билан) меҳмонхонасидан чиқиб, Томск аэропортига йўл олган пайтда тўсатдан мулоқот кўпайган», дейилади ҳисоботда.

Навальнийнинг аҳволи учоқ ҳавога кўтарилганидан кейин бирданига ёмонлашган ва шу сабабдан Омск шаҳрида фавқулодда қўнишни амалга оширишга мажбур бўлган. Омскда бир неча кун даволанган Навальний Германияга олиб кетилди. У ерда шифокорлар мухолифатчига асабни фалажловчи заҳар берилганини хулоса қилдилар.

14 декабрь куни Навальний ўз жамоаси Bellingcat тергови натижаларини ўрганиб чиққанини айтди.

«Ким мени ўлдирмоқчи бўлганини биламан. Улар қаерда яшашини биламан. Қаерда ишлашини биламан. Асл исмларини биламан. Сохта исмларини биламан. Менда уларнинг фотосуратлари бор», - деди Навальний ўз видеомурожаатида.

Bellingcat ҳисоботи эълон қилинишдан бир неча кун олдин Британияда нашр этиладиган Times газетаси ғарб давлатлари жосуслик хизматларидаги манбаларига таянган ҳолда, Навальний Германияга олиб кетилишидан олдин уни иккинчи марта заҳарлашга уриниш бўлгани ҳақида ёзди.

Bellingcat ҳисоботида айтилишича, Россия криминалистик институтига алоқадор 12 нафар ФХХ ходимининг телефон метадатаси таҳлили шуни кўрсатадики, институт кимёвий қуроллар тайёрлайдиган лабораторияга эга бўлиб, Совет Иттифоқи даврида КГБни тарк этган жосуслар тасвирлаган лабораторияларга ўхшайди.

XS
SM
MD
LG