Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:31

Нархи кўтарилган бензинни “Ўзнефтмаҳсулот” таъминлай олмаяпти


Узун туманида қўлда сотилаётган бензин нархи 5000 сўмга чиқди
Узун туманида қўлда сотилаётган бензин нархи 5000 сўмга чиқди

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг қарори билан 23 октябрдан бошлаб нархи кўтарилган бензин вилоятларда ҳамон тақчил бўлиб қолмоқда. “Ўзбекнефтмаҳсулот” компанияси бензин чайқовчилигига барҳам бериш учун унинг нархи оширилганини айтган эди. Аммо, Озодлик олган маълумотларга кўра, АЁҚШларда бензин йўқлиги сабаб давлат нархи 2800 бўлган АИ 80 маркали бензин нархи қўлда беш минг сўмгача кўтарилган.

Шу кеча кундузда бензин тақчил бўлиб қолаётгани ҳақида Озодликка турли вилоятлардан хабарлар келмоқда:

“Мен Сурхондарё вилояти Узун туманида яшайман. Тошкентда бир литри 2800 сўм турадиган АИ 80 бензин бизда қўлда 5000 сўмга чиқиб кетди. Кеча бозорга боргандим мошинамни бензини тугаб қолди. АЁҚШларда бензин йўқ. Мажбур бўлиб қўлдан беш минг сўмдан олдим. Бензинфурушнинг айтишича, Тошкентга қатнайдиган таксичилар 130-150 литрлаб бензин олиб келиб, уларга тўрт минг сўмдан берар экан. Улар эса устига минг сўм қўйиб беш мингдан сотишяпти”, деб ёзади узунлик ҳайдовчилардан бири.

Бухоролик 42 яшар тадбиркор Авазнинг Озодликка айтишича, вилоятнинг барча туманларида бензин йўқ:

“Бензин нархи ошди, энди ҳамма жойда бензин бўлади, деб бизни лақиллатишган экан. Кеча Қоракўл туманининг Саййод қишлоғида бензинсиз қолиб кетдим. Кейин 30 километр узоқликдаги Олот туманига бориб бензин топдим. Тошкентга такси қиладиганлардан ҳар литрини 4000 сўмдан олишга мажбур бўлдим, чунки мошинам кўчада қолиб кетган эди", деди Аваз.

Самарқанд шаҳрида яшайдиган журналист Тошпўлат Раҳматуллаев ўзининг веб саҳифасида шундай деб ёзди:

“Бутун мамлакатимиз бўйича бензин нархи бир хил – 2800 сўм этиб белгилангандан кейин Самарқандда яна бензин тақчиллиги кўзга ташлана бошланди. Айни кунларда "Ўзгазойл"га қарашли АЁҚШдан ташқари деярли барча бошқа “заправкалар” ишламаяпти. Қўлда бензиннинг бир литри 3600-3800 сўмдан сотилмоқда.

Турли ҳажмдаги идишларни бензин билан тўлдириб, катта йўллар четида териб қўйиб, бемалол савдо қилаётганлар сони анча кўпайган. Айниқса, Навоий шоҳ кўчаси, Зарафшон трактида бундай бизнес билан шуғулланаётганларнинг сони бисёр.

Нега бензиннинг қимматлашиши унинг тақчиллигига сабаб бўлди? Бу саволни АЁҚШ ходимларига берганимда, улар сирли бир қараш билан “ҳамма гап “шапка”да” дейишди. Ҳа, “шапкангга” ўт кетсин-а!”, деб ёзади Тошпўлат Раҳматуллаев.

Тошпўлат Раҳматуллаевга жавоб берган ходимнинг “ҳамма гап “шапка”да” деганини Навоий вилоятида хусусий АЁҚШи бор тадбиркор ҳам Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда тасдиқлади:

“Мен қарийб 15 йилдан буён АЁҚШни бошқараман. Хусусий тадбиркорман. Битта бизда эмас, бошқа вилоятларда ҳам шундай. Уч ойча бизда умуман бензин тортилиб қолди. Ўшанда бензин нархи 2075 сўм эди. Нефебазада тоннасига 100 доллар бермасангиз ололмасдингиз. Ҳозир бензин қиммат бўлиб, “шапка”нинг нархи сал тушди. Ҳозир ҳар литрга 20-50 сўмдан сўрашяпти. Бу тоннасига 200дан 500 минг сўмгача дегани. Лекин ҳозир ҳеч ким бу бензинни олмаяпти. Чунки, “шапка”ни чиқимини чиқаришнинг иложи йўқ. Бензин нархи ошганидан кейин, солиқ инспекцияси бензинни давлат нархидан қиммат сотганларни жавобгарликка тортиш ҳақида огоҳлантиряпти. Шунинг учун, ҳеч ким зарарига ишлагиси келмайди. Ҳеч ким “шапка” бериб бензин олиб, ўзининг зарарига сотишни истамайди”, деди тадбиркор.

Унинг айтишича, нефт маҳсулотлари базасидаги мулозимлар “шапка”нинг сабабларини қуйидагича изоҳлашади:

“Улар бизга очиқ айтади. Агар биз ҳам тепага узатмасак вагон келмайди. Ҳар вагон устига 4000-5000 доллар миниб бизга етиб келади”, дейишади”, деди АЁҚШ раҳбарларидан бири.

Жойлардаги давлат солиқ инспекцияси ҳамда “Ўзбекнефтгазинспекция” бўлимлари АЁҚШ раҳбарларига мактуб юбориб, улардан бензинни давлат нархидан юқори нархда сотмасликни, акс ҳолда жавобгарликка тортилиши хусусида огоҳлантирмоқда:

“Суюлтирилган ва сиқилган газда ҳаркатланувчи автотранспорт воситаларига ёнилғини автомашина бакига двигателни қиздириш ва чқин масофадаги газ қуйиш шохобчалрига етиб олишга 5 литрдан ортиқ бензин қуймаслик лозим”, деб ёзилади огоҳлантириш мактубида.

“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси раисининг ёрдамчиси Рамзиддин Раҳимов вилоятларда бензин тақчил эканлигини Озодликка инкор қилди:

“Бензин яхши ишлаб чиқариляпти, яхши бериляпти. Бунақа гап йўқ эди. Бензин нархи ошганидан сўнг, солиқ инспекцияси, ички ишлар, нефтгазинспекция биргаликда рейд ўтказиб, бензинни қиммат сотаётган бир қанча АЁҚШларни аниқлади. Ўшаларнинг фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилган. Уларнинг лицензиясини бекор қилиш кўриб чиқилмоқда. Балки ўшаларни назарда тутиб,ф уқаролар сизларга мурожаат қилган бўлишлари мумкин. Лекин, бензин етарли миқдорда ишлаб чиқариляпти ва вилоятларга лимит асосида тарқатиляпти”, деди “Ўзнефтмаҳсулот” компанияси мулозим Рамзиддин Раҳимов.

Ўзбекистонда автоёнилғи тақчиллиги биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Бугунгидай ҳолат, хусусан, ўтган йили ҳам кузатилган ва “Ўзнефтмаҳсулот” ўшанда ҳам бу йилги важларни келтирган эди.

XS
SM
MD
LG