Халқаро хабарлар
Бишкек Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини Пекинга тақдим қилди
![Иллюстратив сурат.](https://gdb.rferl.org/08ef0000-0a00-0242-80e3-08d9c17d6d73_w250_r1_s.jpg)
Қирғизистон Хитой ҳукуматига Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш юзасидан барча ҳужжатларни тақдим қилди. Бу ҳақда Бишкекдаги “Биринчи радио”га интервью берган “Қирғиз темир йўллари” ширкати бош директори ўринбосари Дастан Усубакунов билдирди.
“Биз ўз томонимиздан Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси бўйича барча ҳужжатларни Пекинга тақдим қилдик. Февралда, Худо хоҳласа, раҳбарларимиз Хитойга боради ва у ерда уч давлат вакиллари бир битимга келади. Шундан сўнг жамоатчиликка барча тафсилотларни очиқлаймиз”, - деб айтган Дастан Усубакунов.
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш ташаббуси 2000-йиллар бошларида эълон қилинган, аммо ўшандан бери амалга ошмай қолмоқда.
2017 йилда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳ тузилган, шунингдек лойиҳани амалга оширишнинг уч хил варианти кўриб чиқилаётгани ҳақида маълум қилинган.
Кун янгиликлари
Песков: Россия билан Украина ўртасида ҳудуд алмашуви имконсиз
![Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков](https://gdb.rferl.org/6daef78f-61aa-432e-b42d-85a0616aeb36_w250_r1_s.jpg)
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков “Россия билан Украина ўртасида ҳудудлар алмашуви имконсиз” эканини айтди.
Мулозимга кўра, Россия ўз ҳудудини алмашиш мавзусини ҳеч қачон муҳокама қилмаган ва қилмайди ҳам.
“Ўз-ўзидан маълумки, Украина қўшинлари бу ҳудуддан ҳайдаб чиқарилади. Йўқ қилинмаганларнинг ҳаммаси ҳайдаб солинади”, дея билдирган Песков.
Куни кеча Украина президенти Владимир Зеленский музокаралар ўтказилган тақдирда, Москвага Курск вилоятидаги Украина Қуролли кучлари назорати остида бўлган ҳудудларни Украина ерларига алмаштиришни таклиф қилиши мумкинлигини билдирган эди.
Зеленский Киев Курск вилоятининг бир қисми ўрнига Россия томонидан ишғол этилган ерларнинг қайси қисмини сўрашини ҳозирча билмаслиги қайд этган.
Зеленский Россия билан музокараларга тайёр эканини, бироқ ўз мамлакати кучли позицияда туриб гаплашишини исташини ҳам айтган.
Суриянинг янги раҳбари аш-Шараа Путин билан гаплашди
![Аҳмад аш-Шараа](https://gdb.rferl.org/a6ee621f-b2ff-4a7a-aa21-e5b32046743c_w250_r1_s.jpg)
Сурия ўтиш даври ҳукумати раҳбари Аҳмад аш-Шараа ва Россия президенти Владимир Путин илк бор телефон орқали мулоқот қилишди.
Кремль вакилларининг маълум қилишларича, Путин Москва гуманитар ёрдам тақдим қилиш дохил Суриядаги ижтимоий-иқтисодий вазият яхшиланишига кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлаган. Томонлар савдо-иқтисодий, таълимий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишган.
Аш-Шараа Путин билан суҳбатда мамлакатлар ўртасида “мустаҳкама стратегик муносабат” мавжудлигига эътибор қаратди, дейилган Сурия раҳбари девонхонасининг музокара ортидан тарқатилган баёнотида.
“Аш-Шараа, агар Сурия халқи манфаатларига мос тушадиган бўлса, <...> Сурия ҳамкорлик учун очиқлигини таъкидлади”, дея билдирган Сурия томони.
Муҳаммад ал-Жўлоний лақаби билан ҳам танилган Аҳмад аш-Шараа АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари ва Россия дохил кўплаб мамлакатларда тақиқланган “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” радикал гуруҳининг лидеридир. Аввал аш-Шараа собиқ президент Башар Асад режими ва уни дастаклаган Россия қўшинларига қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этган.
Ўтган йилнинг декабрь ойи бошларида “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” бошчилигидаги аксилҳукумат гуруҳлари Асад назорати остидаги қўшинлар мавқеларига ҳужум бошлашган ва пойтахт Дамашқни ўз назоратлари остига олишган. Асад Россияга қочган.
Москва Тартус ва Хмеймимдаги ўз ҳарбий базаларни сақлаб қолишга интилиб, Дамашқдаги янги расмийлар билан музокаралар олиб бормоқда. Айни пайтда Озодликнинг суриштирувчи журналистлари Россия Суриядан ўз ҳарбий мулкларининг каттагина қисмини олиб чиқиб кетиб бўлганини тахмин қилишмоқда.
Январь ойи охирида Сурияда ҳокимият алмашганидан кейин илк бор у ерда Россия ТИВ делегацияси бўлиб қайтган. Reuters агентлиги Сурия ҳукмрон доираларидаги манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда Суриянинг феълан раҳбари бўлган Аҳмад аш-Шараа музокараларда Москвадан Башар Асадни экстрадиция қилишни сўраганини маълум қилган. Бу талаб ҳақида расман ҳеч қанақа баёнот берилган эмас.
Трамп Путин ва Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди
![Дональд Трамп](https://gdb.rferl.org/b265aaf9-1e28-48cb-ad30-496238468842_cx0_cy4_cw0_w250_r1_s.jpg)
АҚШ президенти Дональд Трамп 12 февраль куни эрталаб Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилган. Бу ҳақда Трамп TrueSocial ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали маълум қилди.
“Биз Украина, Яқин Шарқ, энергетика, сунъий интеллект, доллар кучи ва бошқа мавзуларни муҳокама қилдик. Биз иккимиз миллатларимизнинг буюк тарихи ҳақида фикр юритдик”, деб ёзган Трамп.
АҚШ лидерига кўра, томонлар ўзаро ташрифлар тўғрисида келишиб олишган.
“Шунингдек, биз тегишли командаларимиз [Россиянинг Украина билан ҳарбий можаросини ҳал қилиш бўйича] зудлик билан музокаралар бошлашлари ҳақида келишиб олдик, биз бу ишни бўлиб ўтган суҳбатдан Украина президенти [Владимир] Зеленскийни хабардор қилиш учун унга қўнғироқ қилишдан бошлаймиз ва мен буни ҳозироқ амалга ошираман”, деган Трамп.
АҚШ президенти иддаосича, у Украина бўйича музокара жараёнига етакчилик қилишни Давлат котиби Марко Рубио, Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майкл Уолтц ва махсус элчи Стив Уиткоффга топширган.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков президентлар суҳбати қарийб бир ярим соат давом этганини билдирган. Путин Трампнинг Москва ва Вашингтон бирга ишлаши лозимлигига оид тезисини дастаклади, дея урғулаган Песков.
Кремль вакилига кўра, Путин Трампнинг ҳарбий можаро узоқ муддат ичида ҳал бўлишига музокаралар йўли билан эришиш мумкинлигига оид фикрига қўшилган.
Шундан сўнг Трамп Украина президенти Владимир Зеленскийга қўнғироқ қилган. Мазкур суҳбат бир соатча давом этган.
“Ҳозиргина Украина президенти Владимир Зеленский билан гаплашдим. Суҳбат жуда яхши кечди. У ҳам президент Путин каби ТИНЧЛИКка эришишни истайди. Биз уруш билан боғлиқ кўплаб мавзуларни муҳокама қилдик, бироқ асосий гап жума куни Мюнхенда ташкил этиладиган ҳамда делегациямизга вице-президент Жеймс Дэвид Вэнс ва Давлат котиби Марко Рубио етакчилик қиладиган учрашув ҳақида бўлди. Мен бу учрашув натижаси ижобий бўлади, деб умид қиламан. Оммавий ва ҳеч кимга керак бўлмаган ЎЛИМ ва ВАЙРОНАЛИК келтирган бу бемаъни урушни тўхтатиш вақти келди. Худо Россия ва Украина халқини ёрлақасин!” деб ёзган АҚШ президенти.
Зеленский Трамп билан бўлиб ўтган суҳбат ҳақида ижтимоий тармоқда қуйидагиларни ёзди: “Узоқ суҳбат. Тинчликка эришиш имкониятлари ҳақида. Командалар даражасида биргаликда ишлашга ҳозирлигимиз ҳақида. Скот Бессент бизнинг суҳбатимиз ҳамда хавфсизлик, иқтисодий ва ресурс ҳамкорлиги бўйича янги келишувимизни тузишга тайёргарлик масаласини муҳокама қилдик”.
“Президент Трамп менга Путин билан суҳбати тафсилотларини гапириб берди. Украина тинчликни ҳаммадан кўра кўпроқ истайди. Россия тажовузини тўхтатиш ҳамда ишончли, узоқ муддатли тинчликни кафолатлаш учун Америка билан биргаликда қўйиладиган қадамларимизни белгилаяпмиз”, дея билдирган Зеленский.
Ирина Винер гимнастика бўйича Россия терма жамоаси мураббийи лавозимини тарк этди
![Ирина Винер собиқ турмуш ўртоғи Алишер Усмонов билан (архив сурати)](https://gdb.rferl.org/593D181D-BF8D-448A-9ACC-E9AD33F5F1D0_cx28_cy8_cw72_w250_r1_s.jpg)
Бадиий гимнастика бўйича Россия терма жамоасининг бош мураббийи Ирина Винер эгаллаб турган лавозимини тарк этди, дея хабар қилди ТАСС агентлиги.
“Бадиий гимнастика – бу менинг ҳаётим ва мен спортнинг бу гўзал тури ривожи ўз ҳиссамни қўша олганимдан бахтиёрман”, дея иқтибос келтирган агентлик Ирина Винер сўзларидан. У “орттирилган тажрибаларни спорт юлдузларининг келажак авлодини тайёрлайдиган мураббийларга” топширмоқчи эканини қайд этган.
Бир неча ҳафта аввал Би-би-сининг рус хизмати Россия президенти Владимир Путиннинг йўлдоши экани айтиладиган олимпия чемпиони Алина Кабаева Винерни Россия бадиий гимнастикасида етакчилик ўрнидан сиқиб чиқараётгани ҳақида ҳикоя қилган эди.
Терма жамоа бош мураббийи лавозими асли ўзбекистонлик тадбиркор Алишер Усмоновнинг собиқ хотини Ирина Винер эгаллаб келаётган ягона расмий лавозим эди. Нашр билан суҳбатлашган спорт журналисти Винер билан содир бўлаётган воқеаларни “барча жабҳалар бўйлаб мағлубият” деб атаган, чунки Россия термалари халқаро мусобақалардан четлатилгани туфайли бош мураббийнинг қиладиган иши “деярли қолмаган” эди.
Винер Бутунроссия бадиий гимнастика федерациясига 2008 йилдан 2024 йилгача, яъни федерация тарқатилгунича президентлик қилган. У мураббий сифатида Олимпиадаларда, Жаҳон ва Европа чемпионатларида совринли ўринларни олган ўнлаб гимнастикачиларни тайёрлаган, улар орасида Евгения Канаева, Юлия Барсукова ва юқорида исми зикр этилган Алина Кабаевалар бор.
Шунингдек, Винер президентлик сайловларида уч марта Владимир Путиннинг ишончли шахси бўлган ва ҳалигача “Единая Россия” партиясининг олий кенгашига киради.
Бишкекда жинсий зўравонликда гумонланган милиция ходими ушланди
![](https://gdb.rferl.org/05e00000-0a00-0242-ef10-08d9952c5be5_w250_r1_s.jpg)
Бишкек Ички ишлар бош бошқармаси Қирғизистон пойтахтида жинсий зўравонликда гумонланган милиция ходими қўлга олингани ҳақида маълумот тарқатди.
Маълумотларга кўра, 6 февраль куни ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилган 24 ёшли аёл бир кун аввал Бишкекдаги меҳмонхонада уни номаълум эркак куч ва таҳдидлар билан зўрлагани ҳақида билдирган.
Қайд этилишича, ИИВ Ички тергов бошқармаси ва Октябрь туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида гумонланувчи ўлароқ милиция лейтенанти К.У. қўлга олинган. Ҳодиса юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 154-моддаси (“Зўрлаш”) бўйича жиноят иши очилган.
Аввалроқ 2022 йилда милиция ходимлари аралашувида 13 яшар қизчанинг зўрланиши билан боғлиқ шов-шувли ҳодиса рўй берганди. Ўша йилнинг август ойида Бишкекнинг Свердлов тумани суди уларга нисбатан ҳукм чиқарган. Жинсий зўравонликда гумонланган милициянинг икки ходими 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган, бу ишга алоқадорлиги тахмин қилинган яна бир киши 10 йилга қамалган.
Бундан ташқари, судланувчиларнинг ҳар бирига маънавий зарарни қоплаш учун жабрланувчи тарафга 100 минг сўмдан товон пули тўлаш юклатилган.
Трамп давлат идораларидан штатларни қисқартиришни талаб қилмоқда
![Дональд Трамп томонидан имзоланган фармонлардан бири (архив сурати)](https://gdb.rferl.org/19088430-f82c-4231-9671-052ef94c6cc3_w250_r1_s.jpg)
АҚШ президенти Дональд Трамп 11 февраль куни федерал хизматларга штатларни сезиларли даражада қисқартириш режаларини тайёрлашни топширувчи фармонни имзолади.
Президентнинг янги фармонида давлатнинг барча вазирлик ва бошқармаларида ходимлар сонини “кенг кўламда қисқартириш” зарурлиги ҳақида айтилган − бундан ҳуқуқ-тартибот фаолияти учун жавобгар муассасалар ва иммиграция хизматлари мустасно, холос.
Дональд Трамп томонидан тузилган ва миллиадер Илон Маск етакчилик қилаётган Давлат бошқаруви самарадорлиги департаменти (DOGE) режасига мувофиқ, сезиларли даражада маблағларни тежашга эришиш учун давлат хизматчилари сонини 5 фоиздан 10 фоизгача қисқартириш зарур.
Саккиз ой давомида маош ва бошқа имтиёзларни сақлаб қолган ҳолда ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш тўғрисида Оқ уй томонидан январь ойида эълон қилинган таклифга давлат хизматчиларининг 2 фоизга яқинигина жавоб берган.
Дональд Трамп давлат тузилмаларидаги ходимлар сонини белгилаш бўйича DOGE’га катта ҳуқуқлар берган. Раҳбарлик лавозимларига ҳар қандай тайинлов DOGE вакили маъқуллови билан амалга оширилиши лозим. Илон Маск ходимларига муассасаларнинг раҳбар лавозимларни ташкил қилиш ёки сақлаб қолиш бўйича илтимосларини рад этиш ҳуқуқи берилган.
“Одамлар давлат бошқарувидаги йирик ислоҳотлар учун овоз беришди ва бу улар оладиган нарсадир. Бу демократия деганидир”, дея билдирган Илон Маск Оқ уйда президент Трамп билан бирга ўтказилган брифинг чоғида.
Президент Трампнинг давлат хизматчилари сонини қисқартириш уринишлари судларга кўплаб даъво аризалари берилишига сабаб бўлди. Даъвогарлар президентнинг кўплаб фармонлари қонуний эканига қарши чиқишмоқда. Судлар бу фармонлардан айримларининг амалини тўхтатиб қўйган, улар орасида Дональд Трампнинг АҚШ халқаро тараққиёт агентлигини (USAID) ёпиш тўғрисидаги фармони ҳам бор.
Зеленский: Курск вилояти украин ерларига алмаштирилиши мумкин
![Владимир Зеленский](https://gdb.rferl.org/d36d12de-5df1-4a7f-d916-08dd3bb47256_cx0_cy3_cw0_w250_r1_s.jpg)
Украина президенти Владимир Зеленский, Россия билан музокаралар олиб борилган тақдирда, Москвага Курск вилоятидаги Украина Қуролли кучлари томонидан назорат қилинаётган ҳудудларни Россия армияси назорати остида бўлган украин ерларига алмаштиришни таклиф қилиши мумкин. Бу ҳақда Зеленский Британиянинг The Guardian нашрига берган интервьюсида билдирди.
“Биз бир ҳудудни бошқасига алмаштирамиз”, деган Зеленский Киев Курск вилоятининг бир қисми ўрнига Россия томонидан ишғол этилган ерларнинг қайси қисмини сўрашини ҳозирча билмаслиги айтди.
“Билмайман, кўрамиз. Ҳудудларимизнинг ҳаммаси биз учун муҳим, бу ерда устуворлик бериладиган жойнинг ўзи йўқ”, дея урғулаган Украина президенти.
Зеленский Россия билан музокараларга тайёр эканини, бироқ ўз мамлакати кучли позицияда туриб гаплашишини исташини қайд этган.
Президент АҚШ ширкатларига Украинани қайта тиклаш учун шартномалар ва инвестицион имтиёзлар таклиф қилишга тайёрлигини қўшимча қилган.
Зеленскийга кўра, урушни тўхтатиш учун Киев фақат Европадангина эмас, Қўшма Штатлардан ҳам хавфсизлик кафолатини олиши лозим. Аввалроқ АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц NBC телеканалига берган интервьюсида Вашингтон уруш тугашидан манфаатдор эканини, бироқ Киев учун хавфсизлик кафолати Европа зиммасига юкланажагини билдирган эди.
Ўз навбатида, АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уй нодир металлар эвазига Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттиришга тайёр эканини айтган.
Bloomberg агентлиги АҚШ молия вазири Скотт Бессент Вашингтон Украинанинг фойдали қазилмаларидан фойдалана олишини муҳокама қилиш учун шу ҳафта Украина боришини хабар қилган. Бу Трамп маъмурияти вакилининг Киевга илк ташрифи бўлади.
Февраль ойи бошида Зеленский Украина металл қазиб олиш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилган.
2024 йил августида украиналик ҳарбийлар Курск вилоятининг бир қисмини эгаллаб олишган. Ярим йиллик жанговар ҳаракатлардан кейин Россия армияси вилоят ҳудудларининг бир қисмини ўз назорати остига қайтаришга муваффақ бўлган, бироқ Сужа туман маркази дохил қатор аҳоли пунктлари ҳалигача Украина Қуролли кучлари назорати остида.
Аннексия қилинган Қримдан ташқари Донбасснинг катта қисми, шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятларининг бир қисми Россия назорати остида бўлиб турибди. Аввалроқ Кремль Украина билан музокаралар олиб бориш учун юзага келган воқеликни ҳисобга олиш зарурлигини билдирган. Айни пайтда Дональд Трамп, тафсилотларга тўхталмаган ҳолда, Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилганини, у жанг майдонларида бундан буён одамлар ўлишини истамаётганини билдирган.
Трамп урушни тўхтатишда воситачи бўлишни хоҳлаётганини иддао қилган, бироқ ўз режасига оид тафсилотларни келтирмаган. 10 февраль куни Fox News телеканалининг икки томонни музокара столига ўтқизиш истиқболларига оид саволига жавоб бераркан, Трамп бунинг имкони борлигини ҳамда сўнгги ҳафтада бу борада “катта силжиш”га эришилганини айтган. Кремль ҳам Украина бўйича АҚШ билан сўзлашувлар сони ортганини билдирган.
Гаровдагилар қайтарилмаган тақдирда, Исроил Ғазода жанглар қайта бошланиши мумкинлигини билдирди
![Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху](https://gdb.rferl.org/5b5ab33c-aff4-4687-9e48-2cb8bf8d599e_cx0_cy3_cw0_w250_r1_s.jpg)
Агар АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб топилган ҲАМАС гуруҳи шанба, 15 февраль куни тушгача гаровга олинган исроилликларни озод қилмаса, Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни қайта бошлашга тайёр. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ҳарбий ҳукумат мажлиси якунларига кўра билдирди.
Исроил нашрлари қайдича, Исроил ва фаластинликлар ўртасидаги сулҳнинг илк босқичи доирасида шанба куни тирик қолган гаровдагилардан тўққиз нафари озод қилиниши лозим этилиши кутилмоқда.
Ynet нашри ҳарбий ҳукумат ўз қарори билан АҚШ президентининг ультиматумини дастаклаганига эътибор қаратган. Аввалроқ Дональд Трамп, агар 15 февраль куни тушгача гаровдагилар қайтарилмаса, Ғазода оташкесим тартибини бекор қилишни маслаҳат беришини билдирган эди.
Исроил билан ҲАМАС ўртасидаги оташкесим тартиби январь ойи ўртасидан буён давом этмоқда. Илк 42 кун давомида ҲАМАС гаровга олинган 33 нафар исроилликни озод қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган, улардан саккиз нафари ўлгани тахмин қилинмоқда. Бунга жавобан эса Исроил қарийб икки минг нафар фаластинлик маҳкумни озод қилиши ва ўз қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқа бошлаши лозим.
Тўққизинчи февраль куни келишув доирасида Исроил секторнинг марказий қисмини иккига бўлувчи Нецарим йўлагидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетган.
АҚШга импорт қилинажак пўлат ва алюминий учун 25% бож киритилди
![Металлургия корхонаси (иллюстратив сурат)](https://gdb.rferl.org/4112b74d-3757-4660-9ac0-c91991d5a6c3_cx0_cy7_cw0_w250_r1_s.jpg)
АҚШ президентп Дональд Трамп мамлакатга импорт қилинаётган бутун пўлат ва алюминий учун 25 фоизлик бож жорий этиш кўзда тутилган фармонни имзолади.
“Ҳужжатда истиснолар кўзда тутилмаган”, дея таъкидлаган Трамп. Фармонга мувофиқ, эндиликда Канада, Бразилия, Мексика, Жанубий Корея, Вьетнам ва бошқа ишлаб чиқарувчилар АҚШга етказиб бераётган пўлат ва алюминийнинг барчаси учун бож тўланади.
Трампга кўра, кўрилган чоралар металлар учун бож тизимини соддалаштиради. Бу ҳақда куни кеча билдирган Қўшма Штатлар президенти АҚШ маҳсулотларига нисбатан тариф белгилаган давлатларга қарши яқин келажакда жавоб божлари киритилишини ваъда қилди.
Трампнинг савдо масалалари бўйича маслаҳатчиси Питер Наварро божлар америкалик пўлат ва алюминий ишлаб чиқарувчиларга кўмак бериши ҳамда АҚШнинг иқтисодий ва миллий хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилганини урғулаган.
Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатида пўлатга 25 фоиз, алюминийга эса 10 фоиз миқдорида бож киритган, бироқ кейинчалик АҚШнинг айрим савдо ҳамкорлари – Канада, Мексика ва Бразилияга божсиз савдо учун квоталар тақдим этган эди.
Россиялик юзлаб ҳарбий Шимолий Кореяда даволанмоқда
![](https://gdb.rferl.org/DE3F057A-DDBE-49C5-81D7-62A39F8B2B54_w250_r1_s.jpg)
Украинада яраланган кўплаб россиялик ҳарбий Шимолий Кореяда даволаниб, реабилитациядан ўтмоқда. Бу ҳақда Россиянинг КХДРдаги элчиси Александр Мацегора “Российская газета”га берган интервьюсида билдирган. Элчига кўра, улар Шимолий Кореядаги энг яхши касалхона ва оромгоҳларда бепул муолажа олишяпти. Мацегора КХДРда даволанаётган россияликлар сони “юзлаб” эканини айтган.
“Биз [шимолий кореялик] дўстларимизга харажатларнинг ҳеч бўлмагандан бир қисмини қоплашни таклиф қилганимизда, улар бундан астойдил хафа бўлишди ва бундан кейин ҳеч қачон бундай қилмасликни сўрашди”, деган элчи.
Дипломат Шимолий Кореяда Украинада ҳалок бўлган россиялик ҳарбийларнинг фарзандлари ҳам бепул дам олишаётганини, ОТМлар ўртасида талаба алмашуви ривожланаётгани ҳамда Россия Шимолий Кореяга кўмир, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бераётганини қўшимча қилган.
2024 йил ноябрида Россия билан Шимолий Корея ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани ратификация қилганди. Унда савдо-сотиқ, илмий-техник ва мудофаа ҳамкорлигини ривожлантиришга оид ниятлар баён қилинган, бироқ ҳужжатда россиялик ярадорларни даволаш режалари ҳақида айтилган эмас.
Ўтган йил кузидан Шимолий Корея қўшинлари Россиянинг Украина билан урушида иштирок этаётгани ва улар, хусусан, Россиянинг Курск вилоятига жойлаштирилгани тўғрисида хорижий разведкаларнинг кўплаб хабарлари чиқа бошлаган. Бундай ҳарбийларнинг бир қанчаси Украина Қуролли кучлари томонидан асирга олинган.
Кейинроқ улар Курск вилоятида сезиларли даражада талафотлар беришгани, шу сабабли жанггоҳ ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинган. Россия президенти Владимир Путин журналистларнинг шимолий кореялик ҳарбийлар жанговар ҳаракатларда иштирок этаётганига оид саволларига мужмал жавоб берган.
Марко Рубио: АҚШ бошқа давлатларга ёрдам беришда давом этади
![АҚШ Давлат котиби Марко Рубио](https://gdb.rferl.org/04c1ebea-9b8a-4ac4-b17f-cb9035443fad_w250_r1_s.jpg)
Қўшма Штатлар хорижий ўлкаларга ёрдамни давом эттиришдан бош тортаётгани йўқ, бироқ бундай ёрдамни кўрсатиш шакли ва жараёни АҚШнинг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қайта ташкил этилиши лозим. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио SiriusXM’даги Patriot подкасти бошловчиси Скотт Дженнингсга берган интервьюсида маълум қилди, дея хабар қилди “Америка овози”нинг рус хизмати.
Интервьюда Рубио АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ишига Дональд Трамп маъмурияти томонидан киритилаётган жиддий ўзгартишларга оид саволга ҳам жавоб берган.
“Биринчидан, биз хорижий ёрдамдан бош тортаётганимиз йўқ. Биз ёрдам кўрсатишда давом этамиз, чунки мен тўғри ташкил этилган ёрдам мамлакат учун фойдали, деб ҳисоблайман. Бироқ у тўғри ташкил этилган бўлиши лозим. Биз хорижга ёрдам учун 40 миллиард доллардан 60 миллиард долларга сарфлашимиз лозим ва бу пулларнинг ҳаммаси оқилона мақсадларга кетяпти, деган ҳозирги тасаввур бемаъниликдир. Бу маблағнинг бир қисми самарасиз сарфланмоқда”, деган Рубио.
АҚШ Давлат котибига кўра, ҳозирда Трамп маъмурияти хорижий ёрдамнинг ҳаммасини тўхтатиб қўйган ва уни лойиҳа-лойиҳа таҳлил қилиб бормоқда.
“Маъниси бўлмаган [лойиҳалар] чиқариб ташланади, фойда келтираётганлари эса сақлаб қолинади ёки ҳатто кучайтирилади”, дея урғулаган Марко Рубио.
Ўзининг Марказий Америка мамлакатларига (Панама, Сальвадор, Коста-Рика, Гватемала ва Доминикан Республикаси) яқинда амалга оширилган сафари ҳақида сўзларкан, Рубио бу мамлакатларнинг барчасидаги расмийлар АҚШга “жуда ижобий” муносабатда эканини қайд этган. АҚШ Давлат котибига кўра, улар Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик қилишни истаяпмоқда. “Улар ноқонуний миграция ва наркотрафик ўтган йўлда жойлашган, шу сабабли улкан муаммоларга дуч келишяпти”, деган Рубио.
Бир неча кундан кейин АҚШ Давлат котиби Германияга йўл олиши кутилмоқда. У 14 февралдан 16 февралгача хавфсизлик бўйича Мюнхенда бўлиб ўтадиган конференцияда иштирок этади. У ерда ҳамма учун асосий масала Украинадаги уруш бўлиб ҳисобланади.
Рубиога кўра, президент Трамп бу уруш тугаши лозимлиги ҳақида очиқ-ойдин баёнотлар берган. “Чамаси, биз бу масалани ташқи ишлар вазирлари ва бошқа дунё лидерлари билан муҳокама қиламиз”, деган АҚШ Давлат котиби.
Озарбайжон россиялик депутат Николай Валуевни “исталмаган шахс” деб эълон қилди
![Николай Валуев](https://gdb.rferl.org/B4EB9B08-A09D-4BEC-8132-355607FF098C_cx0_cy12_cw0_w250_r1_s.jpg)
Озарбайжон Россия Давлат думаси депутати, собиқ боксчи Николай Валуевни “исталмаган шахс” (персона нон грата) деб эълон қилди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар взаирлиги билдирди.
Бунга Озарбайжон “Россотрудничество” фаолиятини тўхтатиб, унинг Бокудаги ваколатхонаси - “Рус уйи”ни (“Русский дом”) ёпганидан кейин Валуев томонидан билдирилган кескин фикрлар сабаб бўлган.
“Рус уйи” ёпилгани ортидан Валуев Россиядаги озарбайжон диаспорасини тугатиш, унинг вакиллари бизнеси ва мол-мулкини тортиб олиш, виза тартиби жорий қилиш ва Россияда яшовчи озарбайжонлик фуқароларни депортация қилишга чақирган эди
Озарбайжон ТИВ Валуевнинг бу гапларини таҳқирли ва мутлақо номақбул, деб атаган. Унинг исми Озарбайжонга кириши тақиқланган шахслар рўйхатига киритилган. Мазкур рўйхатга Валуевдан аввал унинг Давлат думасидаги ҳамкасблари бўлмиш Константин Затулин ва Виталий Милоновлар киритилган эди. Уларнинг ҳаммаси Россия парламенти қуйи палатасида “Единая Россия” ҳукмрон партиясини тамсил этишади.
Валуев “Газета.ру” нашрига берган интервьюсида Боку қарори уни ҳайрон қолдиргани ва тақиқ сабаблари ўзи учун тушунарсиз эканини, бироқ у бундан хафа эмаслигини билдирган.
Озарбайжон ТИВ 3 февраль куни Москвани мамлакатда “Россотрудничество” фаолияти тўхтатилгани ва унинг ваколатхонаси - “Рус уйи” информацион-маданий маркази ёпилгани ҳақида хабардор қилган эди. Бунга расмий сабаб ўлароқ “Рус уйи” гўё “юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтмаган”и ва “ташкилот Озарбайжон қонунчилигини жиддий бузган”и айтилган.
Аввалроқ Озарбайжон расмийлари назорати остида бўлган Baku.tv Озарбайжондаги “Рус уйи” фаолияти ҳақида лавҳа тайёрлаган. Лавҳада “Рус уйи” ходимлари феълан дўст бўлмаган, ҳатто жосуслик фаолиятида айбланган.
Мазкур репортаж “Озарбайжон ҳаво йўллари” авиаширкати учоғи Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида қулаганидан бир неча ҳафта ўтиб ёйинланган. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев фожиага Россия алоқадорлигини билдириб, учоқ Грознийга қўнишга уринган пайтда у ерда Россия ҳаводан мудофаа тизими ишлаб турганини қайд этган. Алиев Россия расмийлари содир бўлган воқеа учун масъулиятни ўз зиммаларига олмаганини танқид қилган.
Гватемалада содир бўлган автоҳалокатда 50 дан зиёд одам нобуд бўлди
![](https://gdb.rferl.org/3552d90f-e1d4-44dc-7b99-08dd3bb48444_cx0_cy9_cw0_w250_r1_s.jpg)
Гватемалада 10 февраль куни йўловчи автобуси кўприкдан жарликка қулаган. Қутқарув хизматлари маълумотига кўра, ҳодиса чоғида камида 51 киши ҳалок бўлган.
Пуэнте-Белис кўприги пойтахтдан мамлакат шарқига олиб борувчи юқори тезликли йўлнинг бир қисми бўлиб ҳисобланади. Баландлиги 20 метр бўлган кўприк остида яна бир йўл ва ботқоқли жарлик бор. Автобус жарликка ғилдираги осмондан шаклда қулаб тушган.
Гватемала пойтахти ўт ўчириш хизмати вакили Карлос Хернандес ҳозиргача фожиа содир бўлган жойдан ўликхонага 36 нафар эркак ва 15 нафар аёл жасади йўлланганини маълум қилган. Мамлакат президенти Бернардо Аревало содир бўлган воқеа ортидан уч кунлик мотам эълон қилган.
Эрон АҚШ билан “босимларсиз” музокара олиб боришга тайёрлигини билдирди
![Эрон ТИВ раҳбари Аббос Ароқчи](https://gdb.rferl.org/CA49C2A6-095E-4007-8F52-68EA18244852_w250_r1_s.jpg)
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Теҳрон ўз ядровий дастури ва бунга оид санкциялар бўйича АҚШ билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирди. Бироқ, дипломатга кўра, музокаралар АҚШ президенти Дональд Трампнинг “максимал даражадаги босими” стратегияси асосида бўлиб ўтиши мумкин эмас,
“Санкцияларни олиб ташлаш учун музокараларга эҳтиёж бор, бироқ бу “максимал даражадаги босим” сиёсати доирасида ўтмаслиги лозим, чунки бундай бўлса, бу музокара эмас, капитуляция шакли бўлиб қоларди”, дея билдирган Ароқчи ижтимоий тармоқлар орқали.
Дипломат: “Эрон айни пайтнинг ўзида янги санкциялар киритаётган мамлакат билан музокаралар олиб боришни истамайди”, дея қўшимча қилган.
Тўртинчи февраль куни Трамп Эронга нисбатан “максимал даражадаги иқтисодий босим” сиёсати қайта тикланиши тўғрисидаги фармонни имзолаган бўлиб, мазкур ҳужжат нефть экспортига тўсқинлик қилиш ва Эрон ядровий дастурини секинлатишга қаратилган эди. АҚШ президенти мамлакат Молия вазирлигига амалдаги санкцияларни бузаётган жисмоний ва юридик шахсларни санкцияларга риоя қилишга мажбурлаш механизмлари ҳамда санкциялар ёрдамида босим қўллаш ҳақида топшириқ берган.
Бундан ташқари, Трамп Молия вазирлиги ва Давлат департаментига Эрондан нефть экспортини нолга туширишга қаратилган кампанияни амалга оширишни топширган.
Меморандумни имзоларкан, АҚШ президенти уни жуда кескин деб атаган, бироқ шу билан бирга, Эрон билан келишув тузишга ҳамда Эрон раҳбарияти билан гаплашишга тайёрлигини билдирган.
“Менимча, ҳаммаси жуда жўн: Эрон ядровий қуролга эга бўлолмайди”, дея қўшимча қилган Трамп.
Эрон санкциялар юмшатилиши эвазига ўз ядровий дастурини чеклаш бўйича 2015 йилда жаҳондаги қудратли давлатлар билан муҳим келишувга эришганди. Бироқ Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатида Қўшма Штатларни бу шартномадан чиқарган ҳамда 2018 йили қайтадан санкциялар жорий этганди. Бу Теҳронни уранни бойитишни тезлаштириш ва ўз ядровий объектларига халқаро назоратчиларни қўйишни чеклашга туртган эди.
Ядровий шартномадан чиқишда Трамп Теҳрон шартнома руҳига мувофиқ ҳаракат қилмаётгани ва ядровий қурол ишлаб чиқиш ҳаракатлари давом эттираётганини билдирган. Шунингдек, у Эронни минтақада экстремистик зўравонликни дастаклаётганда айблаган, Теҳрон эса бу айбловни инкор қилганди.
Аббос Ароқчи Эрон ҳеч қачон ядровий қурол ишлаб чиқиш ёки ядровий қуролга эга бўлишга уринмаслигини аллақачоноқ очиқ-ойдин намойиш қилганини айтди.
У Эронда ядровий қурол бўлмаслиги бўйича Теҳрондан амалий кафолатлар олиш қийин бўлмаслигини урғуларкан, бунинг учун “иқтисодий босим ва санкциялар дохил Эронга қарши душманона чоралар самарали равишда тўхтатилишига оид объектив кафолат тақдим этилиши” шартлигини қўшимча қилган.
Ким Чен Ин Россияни оғишмай дастаклашини билдирди
![Ким Чен Ин КХДР Мудофаа вазирлиггига ташрифи чоғида, 2025 йил 8 феврали](https://gdb.rferl.org/386af5dc-6925-4a68-b91b-d7b2c83ec151_cx0_cy2_cw0_w250_r1_s.jpg)
Шимолий Корея армияси ва халқи Пхеньян билан Москва ўртасидаги стратегик ҳамкорлик руҳига амал қилган ҳолда Россиянинг ўз суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича хатти-ҳаракатларини оғишмай дастаклайди. Бу ҳақда Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин мамлакат Мудофаа вазирлигига ташрифи чоғида билдирган.
Ким АҚШ, Япония ва Жанубий Кореянинг уч томонлама ҳарбий ҳамкорлиги юзасидан изоҳ бериб, бу мамлакатларни минтақадаги тарангликни кучайтираётганликда айблаган. У Пхеньян эскалацияни мақсад қилмаганини, бироқ ҳарбий мувозанатни сақлаш учун зарур чораларни кўришини урғулаган.
Аввалроқ Япониянинг NHK телеканали 2025 йили Шимолий Корея Россия кўмагида узлуксиз равишда дрон ишлаб чиқаришни бошлаши ҳақида хабар қилган эди. Манбаларга кўра, мазкур битимга шимолий кореялик ҳарбийларни Россияда томонида туриб, Украинага қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун йўллаш эвазига эришилган бўлиши мумкин. Айни пайтда Москва КХДРга ядровий қурол яратишда ёрдам бермоқчи эмас, дея иддао қилишган телеканал суҳбатдошлари.
Ўтган ойда Жанубий Корея Шимолий Кореяни жангларда иштирок этиш учун аввал Россияга йўлланган 11 минг аскардан ташқари у ерга қўшимча ҳарбийларни йўллашга ҳозирлик кўраётганликда гумонлаётганини билдирган.
9 февраль куни ёйинланган бошқа бир хабарда КХДР Марказий телеграф агентлиги Жанубий Кореянинг АҚШ билан ҳамкорликда ҳарбий фаоллигини яна бир бор танқид қилиб чиққан. “Тажовузкор хатти-ҳаракатлар исталмаган оқибатларга сабаб бўлиши мумкин”, дейилган агентлик хабарида.