Линклар

Шошилинч хабар
30 июн 2024, Тошкент вақти: 04:05

Халқаро хабарлар

Бишкекда 56 нафар ноқонуний мигрант қўлга олинди

Ноқонуий мигрантларни аниқлаш бўйича рейддан лавҳа (Қирғизистон ИИВ фотосурати)
Ноқонуий мигрантларни аниқлаш бўйича рейддан лавҳа (Қирғизистон ИИВ фотосурати)

Қирғизистон пойтахтида милиция ходимлари мамлакат ҳудудида қонуний яшаб ва ишлаб келган 56 нафар хорижликни қўлга олишган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Бишкек ШИИБ матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, Бангладеш фуқаролари бўлиб чиққан ноқонуний мигрантлар 25 июнь куни ўтказилган рейд чоғида ушланган. Хорижликларнинг ҳаммаси милиция бўлими етказилиб, уларга нисбатан Қирғизистон Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексининг 431-моддаси (Хорижлик фуқаролар томонидан Қирғизистонда бўлиш тартиби, меҳнат фаолиятини амалга ошириш қоидалари ёки транзит ўтиш тартибининг бузилиши) бўйича 18 та маъмурий баённома тузилган.

Бишкек ШИИБ ҳуқуқбузарларга умумий ҳисобда 99 минг сўм (шу кундаги курс билан 1145 АҚШ доллари атрофида) миқдорида жарима тайин қилинган.

Ноқонуний мигрантларни аниқлаш бўйича рейдлар милициядан ташқари Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан ҳам ўтказилмоқда. 25 июнь куни МХДҚ вакиллари рейд чоғида виза муддати ўтиб кетгани ҳолда Чуй вилоятидаги паррандачилик фабрикасида ишлаб келган покистонлик ва бангладешлик 45 киши аниқланганини билдиришган. Бу шахслар маъмурий жавобгарликка тортилиб, сўнгра ватанига депортация қилиниши учун Қирғизистон ИИВга ўтказиб берилган.

Қирғизистонда ҳуқуқ-тартибот ва махсус хизматлар ходимлари ноқонуний мигрантларни аниқлаш бўйича шу йил апрелидан буён рейдлар ўтказиб келяпти. Ноқонуний мигрантлар хизмат кўрсатишнинг турли соҳаларида - кўпинча тикувчилик ва етказиб бериш хизматлари соҳаларида аниқланаётгани айтилмоқда.

Кун янгиликлари

Эронда муддатидан илгари президент сайлови бўлиб ўтмоқда

Эрондаги сайлов участкаларидан бирида овоз бериш учун навбат кутиб турган аёллар
Эрондаги сайлов участкаларидан бирида овоз бериш учун навбат кутиб турган аёллар

Эронда 28 июнь куни маҳаллий вақт билан эрталабки соат 8.00 дан бошлаб 58 мингдан зиёд сайлов участкаси очилган.

Давлатга қарашли IRNA агентлиги маълумотига кўра, мазкур сайловда 61 миллион 452 минг 321 нафар фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга.

Уларга президент сайловида иштирок этаётган тўрт номзоддан бирини танлаш имконияти берилган.

Аввалроқ Эрон конституцияси посбонлари кенгаши сайловда иштирок этиш учун олти нафар номзодни маъқуллаган эди. Аммо вице-президент Амир Ҳусайний Ҳожизода Ҳошимий ва Теҳрон мэри Алиризо Законий сайловда иштирок этишдан бош тортгани ортидан номзодлар сони тўрт нафарга тушган.

Улар - ядровий битимга оид музокараларда Эрон делегациясига раҳбарлик қилган Саид Жалилий, собиқ ички ишлар вазири Мустафо Пурмуҳаммадий, парламентнинг амалдаги спикери Муҳаммадбоқир Қолибоф ва парламент депутати Масъуд Пезешкианлардир. Бу номзодлар орасида фақат Пезешкиан ислоҳотчи номзод ўлароқ кўрилади.

Эронда муддатидан илгари президент сайлови марҳум президент Иброҳим Раисийнинг 19 май куни автоҳалокат қурбони бўлгани ортидан ўтказилмоқда.

Эронда президент давлат раҳбари бўлиб ҳисобланмайди, у айниқса ташқи сиёсатда анчагина чекланган ваколат эгаси бўлмиш ижроия ҳокимияти раҳбаридир.

Қирғизистонда 1918–1953 йилларда қатағонга учраганлар оқланади

Бишкекдаги "Атабейит" мажмуасида 1937-1938 йиллардаги Сталин қатағони қурбонлари хотираси учун қўйилган ҳайкал
Бишкекдаги "Атабейит" мажмуасида 1937-1938 йиллардаги Сталин қатағони қурбонлари хотираси учун қўйилган ҳайкал

Қирғизистон парламенти депутатлари 1918-1953 йиллар оралиғида сиёсий ва диний эътиқоди учун қатағон учраган фуқароларни реабилитация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилишди.

Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, “Сиёсий ва диний эътиқоди, ижтимоий, миллий ва бошқа мансубият белгиларига кўра қатағон натижасида жабр кўрган ва реабилитация қилинган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва уларга берилган кафолатлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар 27 июнь куни парламент томонидан учинчи ўқишда қабул қилинган.

Ҳужжатга мувофиқ, қонунга 1922 ва 1926 йиллар оралиғида РСФСР Жиноят кодексининг айрим моддалари билан судланганларни (бу моддалар 1961 йилгача Қирғизистон ҳудудида амалда бўлган) сиёсий қатағонга учраган деб ҳисоблашга оид янги моддани қўшиш таклиф қилинмоқда.

Бундан ташқари, қонунга мувофиқ, расмийларнинг “Қизил террор тўғрисида”ги қарор асосида қабул қилинган қарорлари, босмачиликка қарши кураш масалалари бўйича буйруқлари, давлат жиноятлари ва қулоқ қилинган хўжаликлар белгиларига оид қарорлари ҳамда СССР расмийлари томонидан қабул қилинган бошқа қатор ҳужжатлар сиёсий қатағон аломатлари бўлиб ҳисобланади.

Қонун билан Реабилитация бўйича комиссия тузиш ҳам кўзда тутилган. 2023 йил сентябрида ҳужжат ташаббускорларидан бири бўлган депутат Жанар Ақаев мазкур комиссияни Миллий фанлар академиясининг Тарих, археология ва этнология институти қошида ташкил этиш таклиф қилинаётганини айтган эди. Комиссия таркибига олимлар, ноҳукумат ташкилотлари вакиллари, Омбудсмен институти, прокуратура, ИИВ, МХДҚ ва давлат архиви идоралари ходимлари киритилиши кўзда тутилган. Комиссия таркиби мамлакат парламенти (Жўғўрқу кенеш) томонидан тасдиқланади.

Турли манбаларга кўра,1937-1938 йилларга бориб кучайиб кетган қатағонлар даврида Қирғизистонда 20 минг нафардан 40 минг нафаргача одам отилган. Улар орасида Тўрўқул Айтматов (Чингиз Айтматовнинг отаси), Иманали Айдарбеков, Баяли Исакеев, Қасим Тинистанов бошчилигидаги 137 нафар зиёли бор. “Халқ душмани” деб тан олишган бу кишилар 1938 йилнинг 5-8 ноябрь кунлари оралиғида отиб ташланган. Бу шахслар жасадларининг қаерга кўмилгани ўнлаб йиллар давомида номаълумлигича қолган ва бу қабрларни фақат 50 йилдан кейин топишга муваффақ бўлинган.

АҚШда Байден ва Трампнинг илк дебати бўлиб ўтди

Жо Байден билан Дональд Трамп ўртасидаги дебатдан лавҳа
Жо Байден билан Дональд Трамп ўртасидаги дебатдан лавҳа

Қўшма Штатларда 27 июнь куни демократлар партиясидан президентликка номзод Жо Байден билан республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп ўртасида илк дебат бўлиб ўтди.

CNN телекомпанияси томонидан уюштирилган дебатда бошловчилар номзодларга америкаликлар учун энг долзарб бўлган муаммолар — инфляция даражасининг юқорилиги, аёллар учун аборт ҳуқуқи, ноқонуний миграция, Украинага ёрдам, афроамерикаликлар муаммолари, болали оилаларни дастаклаш, иқлим ўзгаришига қарши кураш, сайлов натижаларини ҳурмат қилиш ва бошқа масалаларга дахлдор саволларга жавоб беришни таклиф қилишди. Аммо иккала номзод ҳам бир ярим соат давом этган дебатларда аввалдан ҳозирланган тезисларни такрорлаб, мазкур саволларнинг кўпига жавоб беришдан қочишди.

Президент Байден ўзининг раҳбарлиги остида мамлакат COVID пандемияси туфайли юзага келган рецессия оқибатларига қарши муваффақиятли кураш олиб боргани, ўз маъмурияти сиёсати туфайли инфляция даражаси пасаяётгани, у кекса ёшдаги америкаликлар учун дори-дармон нархларини пасайтиришга муваффақ бўлганини айтди.

Байден президентликка қайта сайлангудек бўлса, ижтимоий дастурларни молиялаштириш учун юқори даромадли америкаликлар учун солиқларни оширишни ваъда қилди.

Собиқ президент Дональд Трамп эса аслида ҳозирги иқтисодий ўсиш учун тамал унинг президентлиги чоғида солиқларни пасайтириш ва иқтисодиётдаги давлат бошқарувини қисқартириш эвазига қўйилганини билдирди. У Жо Байденни ноқонуний миграция муаммоларига нисбатан лоқайдликда ва ҳатто буни рағбатлантирганликда айблади. Трампга кўра, бу муаммо кам таъминланган америкаликларга катта зарар етказмоқда.

Дебатлардаги энг ҳассос эпизодлардан бири Россиянинг Украинага босқинига оид муҳокама бўлди. Дональд Трамп, агар у Оқ уйда бўлганида, Россия Украинага бостириб кирмаган бўлишини бир неча бор такрорлади. Унга кўра, АҚШ армиясининг Афғонистондан “шармандаларча” чиқиб кетиши Путинга Украинага қарши уруш бошлаш журъатини берган. Трамп фикрича, Байден сиёсати ишларни учинчи жаҳон уруши томон олиб бормоқда.

Бунга жавобан Байден “Трампнинг хатти-ҳаракатлари, унинг Украина ёрдам беришни истамаслиги Путинни НАТОга аъзо мамлакатларга бостириб киришга рағбатлантириши ва учинчи жаҳон урушига олиб келиши мумкин” дея рақибига эътироз билдирди.

Дебат бошловчисининг саволига жавобан Трамп у Путин томонидан таклиф этилган урушни тинч йўл билан тугатиш режасига қўшилмаслиги айтди. У Россия президентини жиноятчи деб атаган, бироқ президентликка қайта сайланган тақдирда, президентлик лавозимига расман киришмай турибоқ Украинадаги урушни тўхтатиши мумкинлигини яна бир бор такрорлади.

Кузатувчи ва шарҳловчиларнинг илк муносабатидан келиб чиқилса, президент Байден бу дебатда очиқ мағлубиятга учраган. Рақибидан фарқли равишда у доим ҳам ўз фикрини охиригача ифодалай олмаган, баъзан керакли сўзларни қидириб қолган, жавобларда каловланган. Байденнинг сайловолди штаби вакиллари буни президент дебатга шамоллаган ҳолда чиққани билан изоҳлашган.

Президентликка номзодларнинг илк дебати ортидан The Wall Street Journal газетаси “Байден дебат чоғида Трамп томонидан чилпарчин қилинди” сарлавҳаси билан чиқди. New York Times нашри эса Байден дебатда “нўноқларча чиқиш” қилгани, демократлар партияси эса “саросима”да экани ҳақида ёзмоқда.

АҚШ президенти лавозимига номзодлар ўртасидаги иккинчи дебат сентябрь ойида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Қозоғистон: АЭС қурилиши бўйича референдум кузда ўтказилади

Балхаш кўлининг юқоридан кўриниши
Балхаш кўлининг юқоридан кўриниши

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 27 июнь куни мамлакатда атом электр станцияси қурилиши бўйича референдумни жорий йилнинг кузида ўтказиш режаланаётганини билдирди, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати. Референдумнинг аниқ санаси ҳали очиқланганича йўқ.

Тоқаев АЭС қурилиши масаласи устида ишлаш бўйича масъулларга топшириқ берганини маълум қилди.

Бу масала бўйича сўнгги қарорни халқ қабул қилади”, дея билдирди Қозоғистон президенти ОАВ ходимларини тақдирлаш муносабати билан уюштирилган тантанали маросимда сўзга чиқаркан.

Унга кўра, ҳозирги пайтда бу борада “кенг кўламли муҳокамалар” ўтказилмоқда.

Тоқаев Қозоғистон ҳудудида атом электр станцияси қурилишига оид масалани Россияга илк сафарини амалга ошириб, президент Владимир Путин билан бу масалани муҳокама қилганидан буён бир неча бор кўтарган.

Ўтган йил сентябрида Тоқаев АЭС қурилиши масаласини умумхалқ референдумига олиб чиқишни таклиф қилган.

Ўша пайтда Қозоғистонда АЭС қурилиши мумкин бўлган муҳтамал майдон ўлароқ Балхаш кўли соҳилидаги Улкен қишлоғи айтилган.

Қозоғистонда аҳолининг бир қисми ва қатор экспертлар орасида атом станциялари хавфсизлиги юзасидан хавотирлар мавжуд. Фаоллар фикрича, АЭС қурилиши туфайли экологик, иқтисодий (лойиҳа қиймати бир неча миллиард долларга етиши мумкин) ва сиёсий (реакторни қурган мамлакатга қарамлик) хатарлар юзага келиши мумкин.

Қозоғистон расмийлари АЭС қурилишига сабаблардан бири “яқин келажакда” мамлакат дуч келиши мумкин бўлган электр энергияси танқислиги муаммоси эканини айтишган.

Ҳозирги пайтда Қозоғистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг катта қисми кўмир станциялари ҳиссасига тўғри келади, сўнгги йилларда муқобил — қуёш ва шамол энергетикаси ҳам ривожланмоқда, бироқ уларнинг улуши жуда кичик.

Қозоғистонда сўнгги референдум 2022 йил 5 июнида бўлиб ўтган, ўшанда мамлакат фуқаролари Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича овоз берган эдилар.

Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси Даурен Абаев шу йилнинг май ойида Россиянинг ТАСС агентлигига берган интервьюсида АЭС қурилиши бўйича референдум йил охирига бориб ўтказилиши мумкинлигини айтган эди. Ўшанда у Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича рўйхатда Россиянинг “Росатом” ширкати ҳам бўлишига ишонч билдирган.

Бастрикин: Москва мигрантларни урушга йўллаш орқали улар сонини қисқартирмоқда

Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин
Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин

Меҳнат муҳожирлари Россиядан кетишлари учун Москва уларни Украина урушига йўлламоқда. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Петербург халқаро юридик форумида маълум қилди. Мулозимнинг эътирофича, армияга 10 минг чоғли мигрант олинган.

Биласизми, биз шундай йўл топдикки, бунинг натижасида мигрантлар аста-секинлик билан Россияни тарк эта бошлади. Биз Конституциядаги ва қонунларимиздаги фуқаролик олган шахслар ҳарбий қайдга туриши шартлиги ва зарурат туғилган тақдирда, уларнинг махсус ҳарбий амалиётда иштирок этиши лозимлигига оид моддаларни қўллай бошладик”, дея иқтибос келтирган РБК нашри Бастрикиннинг сўзларидан.

Мулозимга кўра, ҳарбий қайдга қўйиш ишлари билан Тергов қўмитаси терговчилари шуғулланмоқда (бу иш ТҚ вазифасига кирмайди — таҳр.).

Биз фуқаролик олган шундай кишилардан 30 мингдан зиёдини тутдик, ҳарбий қайдга туришни истамаганларни эса қайдга олдирдик”, деган Бастрикин.

Россия қўшинлари Украина ҳудудига кенг кўламда босқин бошлаган 2022 йил февралидан буён Марказий Осиё мамлакатларидан мунтазам равишда Россияга ишлашга борган меҳнат мигрантлари урушга йўлланаётгани ҳақида хабарлар келиб турибди. Минтақа мамлакатлари ҳукуматлари ўз фуқароларига бу каби урушда иштирок “ёлланиш” ўлароқ баҳоланиши мумкинлигини эслатиб келишади.

Россия Тергов қўмитасига 2011 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган Александр Бастрикин бир неча бор мигрантларга қарши чиқиш қилиб, миграцион қонунчилик кучайтирилишини дастаклаб келган.

Тергов қўмитаси раҳбарининг сўнгги баёноти Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” залига ҳужум ортидан Россияда марказий осиёлик мигрантларга қарши бўлиб ўтаётган кампания манзарасида берилган. Россия расмийлари мазкур терактда бир неча тожикистонликни айблаб келмоқда.

Қозоғистон: Бишимбаевга нисбатан суд ҳукми ўзгаришсиз қолди

Собиқ вазир Қуандиқ Бишимбаев Остона апелляция судида, 2024 йил 26 июни
Собиқ вазир Қуандиқ Бишимбаев Остона апелляция судида, 2024 йил 26 июни

Остона апелляция суди 26 июнь куни Қозоғистоннинг собиқ иқтисодиёт вазири Қуандиқ Бишимбаевга нисбатан биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати хабар қилди.

Рафиқаси Салтанат Нукеновани ўлдирганликда айбдор топилган собиқ вазир жорий йилнинг май ойида 24 йилга қамалган эди.

Апелляция суди собиқ вазирдан ташқари унинг жияни Бақитжан Байжановга нисбатан суд ҳукмини ҳам ўзгаришсиз қолдирган. Жиноятни яширганликда айбланган Байжанов аввалроқ биринчи инстанция суди ҳукми билан тўрт йилга қамалган эди.

Бишимбаев ўта шафқатсизлик билан қасдан одам ўлдиришда айбланган эди. Аввалги маҳкамада у мазкур айбловларни рад этиб, қасддан одам ўлдирмагани, тергов эса ижтимоий тармоқлар ва ОАВ томонидан бўлган босим таъсирига тушиб қолганини иддао қилган.

Суд материалларида қайд этилишича, Бишимбаев 2023 йил 8 ноябрь оқшомида ўз оиласига тегишли Bau ресторанида хотини билан жанжаллашиб қолган. У Салтанат Нукеновани дастлаб ҳожатхонада, кейин эса лифтдан чиқишда калтаклаган. Пировардида аёл олинган жароҳатлар туфайли жон таслим қилган.

Собиқ иқтисодиёт вазири Қуандиқ Бишимбаев 2018 йилнинг март ойида коррупцияда айбланиб, 10 йилга қамалган эди. У Қизилўрда шаҳрида шиша заводини қуриш учун ажратилган миллиард тенгени ўзлаштиришда ҳамда қурувчилардан пора олишда айбланган. У 2019 йил октябрь ойида шартли равишда озодликка чиқарилган эди.

43 ёшли Қуандиқ Бишимбаев президент Назарбоев даврида юқори лавозимларда ишлаган. У ўз фаолиятини Нурсултон Назарбоевнинг ёрдамчиси сифатида бошлаган.

Бишимбаев адвокати Остона апелляция судининг 26 июндаги қарори ортидан эндиликда Қозоғистон Олий судига шикоят киритилишини билдирган.

Ҳуқуқбонлар Марказий Осиё расмийларини қийноққа қарши курашишга чақиришди

Олмаотадаги мотам митингида ёйилган плакат (архив сурати)
Олмаотадаги мотам митингида ёйилган плакат (архив сурати)

Халқаро қийноқ қурбонларини дастаклаш куни бўлган 26 июнда бир неча ҳуқуқбонлик ташкилоти Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматларини қийноқ ва аёвсиз муомалага барҳам бериш учун конкрет чора-тадбирлар қабул қилишга чақирди.

Қозоғистон ва Тожикистондаги қийноқларга қарши коалиция, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (AHRCA, қароргоҳи Францияда), Туркманистон инсон ҳуқуқлари ташаббуси (қароргоҳи Австрияда), Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки жамғармаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик каби ташкилотлар ўз қўшма баёнотида Марказий Осиёнинг беш мамлакатида қийноқлар кенг ёйилгани ва жазосиз қолаётганини таъкидлашган.

“Сиёсий сабабларга кўра қўлга олинган маҳбусларни қийноққа солиш муаммоси айниқса долзарб бўлиб турибди. Мамлакатлар қонунчилигида қоғозда ижобий ўзгаришлар бўлаётганига қарамай, амалда Марказий Осиё давлатлари мазкур муаммо билан курашиш учун етарли чора кўрмаяптилар”, деб ҳисоблашади ҳуқуқбонлар.

Улар Қозоғистонда 2022 йилдаги Январь воқеаларидан сўнг қийноқлар бўйича юзлаб шикоят келиб тушгани, бироқ бу шикоятлар бўйича жиноят ишларининг аксарияти ёпилгани, айбдорлар эса топилмаганини қайд этишган. Ҳуқуқ фаоллари расмийлар томонидан ўтказилган терговлар халқаро стандартларга жавоб бермаганини айтишган.

Ҳуқуқбонлар ўз баёнотларида Қирғизистонда “Кампиробод иши” ва Temirov Live нашри журналистларига қарши, Тожикистонда Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги норозилик чиқишлари иштирокчиларига қарши, Туркманистонда қамоқхонадаги маҳкумларга қарши қийноқ қўлланилганига эътибор қаратишган.

Ўзбекистондаги қийноқ ҳолатларига тўхталар экан, ҳуқуқбонлар ғайриинсоний муомалага дуч келган Дмитрий Иванус, Денис Николаев, Александр Трофимов ва Шоҳида Соломонова каби фуқаролар кейсларини мисол ўлароқ келтирган.

Ҳуқуқ фаоллари Марказий Осиё мамлакатлари расмийларини қийноқ муаммоси кўламини тан олиш, жиноят ишлари ва терговлар бўйича кенг кўламли статистикани эълон қилиш, мустақил кузатувчиларнинг қамоқхоналарга киришига имкон бериш, БМТнинг тегишли механизмлари билан конструктив ҳамкорлик қилиш ва тизимда томир ёйган қийноқ муаммосини шаффоф равишда ҳал қилиш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва қамоқхоналар ходимларининг БМТ органлари ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликка ўргатиш йўли билан қийноқларга зудлик билан барҳам беришга чақиришган.

Афғонистонлик журналист аёл Россиядан ўзи учун ўлим хавфи бўлган Кобулга учиб кетди

Кубро Ҳасаний
Кубро Ҳасаний

Афғонистонлик журналист аёл Кубро Ҳасаний Россиядан ўзи учун ўлим таҳдиди бўлган ватанига учиб кетган. Бу ҳақда “Фонтанка” нашри Ҳасанийнинг адвокатларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Адвокатларига кўра, афғон диаспораси журналист аёлга хавфсиз мамлакатга учиб кетишда ёрдам қилишга уринган. Бу борада танлов имконияти кўп (Албаниядан Германиягача) бўлган: бироқ улар саъй-ҳаракат, вақт ва пул талаб қилган. Россия аёлга сиёсий бошпана беришдан бош тортган.

Ҳасанийнинг адвокатларидан бири фикрича, “унинг бундан буён Россияда қолишга кучи қолмаган” ва у, хавф-хатарга қарамай, ўзи учун Афғонистонга қайтишдан бошқа реал йўл кўрмаган.

Кубро Ҳасаний 2021 йили ҳокимиятни эгаллаб олган “Толибон” ҳаракатига қарши очиқ чиқишлар қилгани учун Афғонистонда журналист аёлга нисбатан ўлим хавфи мавжуд. У толиблар Кобулни эгаллаб олгани ортидан Афғонистондан қочиб чиққан эди.

2022 йилнинг май ойида журналист аёл 12 нафар ҳамюрти билан Россиядан Германияга ноқонуний чиқиб кетишга уринган пайтда қўлга олинган. 2024 йил февралида Петербург суди уларни айбдор деб топган ва тергов ҳибсхонасида ўтказилган кунлар ҳисобидан уларни озод қилган. Шунинг эртасига суд Ҳасанийни Россиядан бадарға қилишга оид қарорни бекор қилган. Суд депортация журналист аёл ҳуқуқ ва эркинликларини бузади, деган қарорга келган.

Кубро Ҳасаний Афғонистонда бўлган пайтда Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги ҳамда АҚШнинг National Public Radio news радиоси билан ҳамкорлик қилган, бундан ташқари, у телевидениеда, хусусан Afganistan Youth TV телеканалида фаолият юритган.

Жапаров жиянининг “қўл сўраш” маросими учун узр сўради

Қирғизистон президенти Садир Жапаров
Қирғизистон президенти Садир Жапаров

Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлатга қарашли “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида жияни Лаззат Нуркожоева иштирокидаги “қўл сўраш” маросими видеоси юзасидан изоҳ берган.

Аввалроқ ёйинланган видео жуфтлик томонидан маросим учун ижарага олинган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вертолёти ҳамда Бишкек яқинидаги тоғда ўтказилган дабдабали маросим (Маrry Ме) туфайли ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва оммавий ахборот воситалари эътиборини тортган эди.

Жапаровга кўра, давлат раҳбарининг яқин қариндошлари бошқаларга ўрнак бўлишлари ва исрофгар бўлмасликлари лозим. Президент фикрича, жиянининг қаллиғи бу ҳақда ўйлаб кўриши лозим эди.

“Агар у президентнинг қариндошига айланиш ҳаракатида бўлса, одамлар танқидига нишон бўлмаслик ва президентни ҳам танқидга нишон қилмаслик ҳақида ўйлаб кўриши керак эди. Ёшлик қилиб қўйди, деб ўйлайман. Жўнгина йўл билан келиб, қўлини сўраса, бир-бирини ёқтирганларидан кейин [жияним ҳам] бош тортмас эди”, деган Садир Жапаров.

Қирғизистон президенти ўз турмушига оид лавҳаларни ижтимоий тармоқларга қўймоқчи бўлган қариндошлари олдига кескин талаблар қўйилганини қўшимча қилган ҳамда уларнинг давлат ишларига аралашишига йўл қўйилмаслигини эслатган. Шу билан бирга, Жапаров ўз жиянининг хатти-ҳаракатлари учун фуқаролар олдида кечирим сўрашини билдирган.

“Мен унинг танқидларга қулоқ тутиб, хулоса чиқаришига аминман. У оила қуриш арафасида турибди ва эндиликда ўйлаб иш тутишига умид қиламан”, деган президент.

Жапаров ФВВ ўз вертолётини давлат топшириғини бажаришга жалб қилинмаган пайтда тижорат парвозлари учун исталган кишига ижарага бериши мумкинлигини ҳам эслатган. Президентга кўра, вертолётлар даромад келтириши лозим, бу маблағларга эса янгисини олиш мумкин бўлади.

Қирғизистон президенти исрофгарлик билан шуғулланаётган фуқаролар ва мулозимларни аввалроқ бир неча бор танқид қилган. 2022 йил охирида у 500 дан 1000 нафаргача одам чақириб, дабдабали маросимлар ўтказаётган амалдорларни танқид қилган эди. Ўшанда у исрофгарлик масаласида астойдил иш олиб бориш ва буни алоҳида назорат остига олишни буюрган.

2022 йил бошида эса Қирғизистон президенти дафн маросимида жонлиқ сўйишни тақиқловчи фармонни имзолаган. Бу фармонни изоҳлай туриб, президент Қирғизистонда жанозалар “дабдабали маросимга айланиб кетаётган”ини ёзган эди.

Бундан ташқари, Садир Жапаров 2024 йил март ойида Қирғизистоннинг янги муфтийси Абдулазиз Закиров билан учрашув чоғида унга исрофгарлик кўринишларини имкон қадар озайтириш ишларини давом эттириш бўйича топшириқ берганди.

Украинанинг ЕИга кириши бўйича музокаралар бошланди

Люксембургда Украинанинг ЕИга кириши бўйича музокаралар бошланди.

Ҳукуматлараро конференцияда айни пайтда ЕИ кенгашида раислик қилаётган Бельгия ташқи ишлар вазири Ҳажа Лабиб биринчи навбатда муҳокама қилинадиган масалалар – Украиадаги суд ислоҳоти, коррупцияга қарши кураш ва миллий озчиликка нисбатан дискриминация йўқлиги кабилар бўлишини урғулаган.

Ўз навбатида, Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель бошланган музокаралар сезиларли ислоҳотларни талаб қилувчи узоқ муддатли жараённинг дебочаси эканини қайд этган.

Украина президенти Владимир Зеленскийга кўра, бошланган музокаралар мамлакат сўзсиз Европа Иттифоқи аъзоси айланиши ҳақида гапиришга имкон беради.

“Мен бу йўлда Украинани дастаклаётган барчага миннатдорлик билдираман”, дейилган президент сайтидаги хабарномада.

Аввалроқ матбуот Киев ва Брюссель учун музокара жараёнини расман 1 июлгача бошлаш муҳимлигини ёзган. Мазкур санадан бошлаб Европа Иттифоқи кенгашида раислик ЕИда Россияга энг хайрихоҳ бўлган мамлакат бўлмиш Венгрияга ўтади.

Будапешт, жумладан Киев Украинадаги венгер озчилиги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун етарли иш қилмаётганини иддао қилиб келган. Бу муаммо келишувдаги миллий озчиликлар ҳуқуқларига оид муросавий таъриф ёрдамида ҳал этилган.

ЕИга кириш юзасидан музокараларда Украина делегациясига бошчилик қилаётган Евроинтеграция масалалари бўйича бош вазир ўринбосари Ольга Стефанишина Киев миллий озчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Венгриянинг 11 та талабини бажаришга тайёр эканини тасдиқлаган.

Будапештнинг Украинага талабларини шу йилнинг январь ойи охирида Ужгородга қилган сафари чоғида Венгрия ТИВ раҳбари Петер Сийярто топширган эди.

Украина ЕИга кириш учун номзод давлат мақомини 2022 йилда олган. 2023 йил 14 декабрида Европа кенгаши Украинанинг ЕИга киришига оид музокараларни бошлаш ҳақида қарор қабул қилган.

Шу йил 7 июнида Еврокомиссия Украина музокараларни бошлаш учун зарур бўлган дастлабки шартларни бажарганини тасдиқлаган. Европа кенгаши Киев 2030 йилгача ЕИга қўшилиши мумкинлиги билдирган, бироқ бу борада аниқ сана маълум эмас.

Россияда 80 дан ортиқ хорижий ОАВ сайти блокланади

Россияда Европанинг ўнлаб етакчи оммавий ахборот воситалари сайтлари ва бошқа медиаресурсларига киришга тўсиқ қўйилади. Бу ҳақда 25 июнь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнот тарқатди. ТИВ баёнотида бу ЕИда Россиянинг учта ОАВ блокировка қилинганига жавоб чораси экани айтилган.

Россия ТИВ томонидан эълон қилинган рўйхатга Европа Иттифоқининг 25 мамлакатига қарашли (Хорватия ва Люксембургдан ташқари) 81 та нашр киритилган. Улар орасида теле- ва радиокомпаниялар, газеталар, журналлар, онлайн-ОАВ бор. Рўйхатда Германиянинг Spiegel ва FAZ, Франциянинг Le Monde ва Liberation, Испаниянинг El País, Италиянинг La Stampa ва La Repubblica, France Presse агентлиги, қатор мамлакатларнинг жамоатчилик телерадиокомпанияларига дуч келиш мумкин.

Москва Европа медиасини “махсус ҳарбий амалиётнинг бориши ҳақида мунтазам равишда нотўғри ахборот тарқатиш”да айбламоқда (“махсус ҳарбий амалиёт” деганда Россия расмийлари ўз армиясининг Украинага бостириб киришини назарда тутади – таҳр.). ТИВ баёнотида “Россия ОАВга нисбатан чекловлар олиб ташланган тақдирда, Россия томони ҳам ўз қарорини қайта кўриб чиқади”, дейилган.

24 июнь ЕИнинг расмий хабарномасида Европа Иттифоқи кенгашининг Украинага бостириб кирган Россияга нисбатан санкцияларнинг 14-пакети киритилганига оид қарори эълон қилинган. Шу билан янги санкциялар кучга кирган. Бу гал, жумладан Россиянинг РИА “Новости”, “Российская газета” ва “Известия” нашрлари ҳам санкция остига тушган. ЕИда бу ОАВ сайтларига киришга чеклов қўйилади.

Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан буён Россияда миллиондан ортиқ сайтлар блокировка қилинган. Улар орасида Facebook, Instagram ва Twitter (ҳозирда - X) ижтимоий тармоқлари ҳамда “Озодлик” радиоси дохил Россия расмийларидан мустақил бўлган ОАВ сайтлари бор. Блокировкани айланиб ўтиш учун россияликлар VPN-хизматлардан фойдаланиб келишади, Россия расмийлари эса бу хизматлар сайтларига ҳам мунтазам равишда тўсиқ қўйиб келадилар.

Ҳаага суди Сергей Шойгуни ҳибсга олиш учун ордер берди

Валерий Герасимов (чапда), Владимир Путин (ўртада) ва Сергей Шойгу (ўнгда)
Валерий Герасимов (чапда), Владимир Путин (ўртада) ва Сергей Шойгу (ўнгда)

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди (ХЖС) Россиянинг собиқ мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Россия Қуролли кучлари бош штаби раҳбари Валерий Герасимовни ҳибсга олиш учун ордер берган.

ХЖС қаноатича, Шойгу ва Герасимов йўқ деганда 2022 йил 10 октябридан 2023 йил 9 мартигача бўлган давр оралиғида Украинанинг электр энергетикаси объектларига Россия Қуролли кучлари томонидан берилган ракета зарбалари учун жавобгар” бўлиб ҳисобланади.

Бу вақт ичида Россия Қуролли кучлари Украинанинг бир неча аҳоли пунктидаги кўплаб электр станциялари ва подстанциялари бўйлаб жуда кўп миқдорда зарбалар берган”, дейилган суд хабарномасида.

ХЖС қайдича, Шойгу ва Герасимов Украинада тинч аҳоли вакилларига ҳаддан зиёд зарар етказилгани, жиноятлар содир этилиши учун буйруқ бергани, ўзларига тобе бўлган кучлар устидан тегишли назоратни амалга ошира олмаганлари учун ҳам масъулдир.

Халқаро жиноят суди 2022 йили Украина ҳудудида болаларнинг ноқонуний депортациясида айбдор кўрилган Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ҳам ордер берган эди. Ўшандан бери Путин Рим статутини ратификация қилган мамлакатларга сафар қилишдан тийилиб келади.

Россия: Черков шамларини ўчирган тожикистонлик даволанишга йўлланади

Асқар Бўтаев (видеодан скриншот)
Асқар Бўтаев (видеодан скриншот)

Москва шаҳри жануби-ғарбидаги черковда шамларни ўчириб кетгани учун диний эркинлик ҳуқуқини бузганига оид иш бўйича ҳибсга олинган 20 ёшли тожикистонлик Асқар Бўтаев “мажбурий даволанишга муҳтож” деб топилган. Бу ҳақда Москва шаҳри бўйича Тергов қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Диндорлар ҳис-туйғуларини таҳқирлаганлик моддаси бўйича Бўтаевга нисбатан очилган жиноят иши тергови 24 июнь куни тугаган. Психологик-психиатрик экспертиза натижаларига мувофиқ, у ўз хатти-ҳаракатларининг ижтимоий жиҳатдан хавфлилигини англамаган ҳамда руҳий носоғломлик туфайли ўз ҳаракатларини бошқара олмаган бўлиши мумкин.

Тожикистон фуқаросининг ҳибсга олинишига сабаб бўлган ҳодиса 18 июнь куни адмирал Феодор Ушаков черковида содир бўлган, деб ёзган Baza телеграм-канали. Гувоҳларга кўра, Бўтаев черковда ёниб турган шамларнинг барчасини ўчириб, ибодатга келган аёллардан бирини туртиб юбориб, ибодатхонадан чиқиб кетган. Кўп ўтмай у қўлга олинган. 19 июнь куни эса суд Бўтаевни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган эди.

WikiLeaks асосчиси Ассанж Британия қамоғидан озод қилинди

WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж
WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж

Лондон Юқори суди WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни ҳибсдан озод қилиш ҳақида қарор чиқарди. Мазкур қарор Ассанж АҚШ расмийлари билан Қўшма Штатларга экстрадиция бекор қилиниши эвазига айбловни тан олиш ҳақида дастлабки келишув тузишга рози бўлганидан кейин қабул қилинган. Бу ҳақда WikiLeaks’нинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилинган.

Ассанж 1 901 кунини ўтказган Белмарш қамоғидан чиқиб, Станстед аэропортига йўл олган ва у ерда учоққа ўтириб, Буюк Британиядан Сайпан оролига (Тинч океани шарқидаги АҚШ ҳудуди - таҳр.) учиб кетган. У ерда 26 июнь куни суд бўлиб ўтади ва Ассанж, келишув шартларига кўра, 18 айбловдан бир банди (миллий мудофаага оид маълумотларга эга бўлиш ва фош қилиш мақсадида тил бириктириш) бўйича ўзини айбдор деб тан олади ва бунинг эвазига озодликка чиқади.

Тахминларга кўра, суд WikiLeaks асосчисини 62 ойга (беш йилу икки ой) озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқаради. Ассанж шу пайтгача Британия қамоқхонасида беш йил ўтирган ва NBC хабарига кўра, суд уни умумий қамоқ муддатига қўшади, шундан кейин у озод бўлиб, ватанига, яъни Австралияга учиб кетиши мумкин бўлади.

2022 йилнинг июнь ойида Британия ички ишлар вазири Прити Пател Ассанжнинг АҚШга экстрадициясини маъқуллаган, бироқ WikiLeaks асосчиси бу қарор устидан Лондон Юқори судига шикоят аризаси киритган. 2024 йил мартида Лондон Юқори суди Ассанж АҚШга зудлик билан экстрадиция қилинмаслиги ҳақида қарор чиқарган ва бу борада қўшимча ҳужжатларни сўраган.

АҚШда WikiLeaks асосчисига жами 17 та айблов эълон қилинган бўлиб, улар орасида Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётларга оид махфий маълумотларнинг очиқланиши ҳам бор. Бу сиздирмани уюштирган асосий киши ҳарбий Брэдли (Челси) Мэннинг бўлган, WikiLeaks эса ҳужжатларни ёйинлаган, холос.

Айблов хулосасига кўра, Ассанж “махфий маълумотга эга бўлиш учун бир неча бор ўз манбаларини, шу жумладан Мэннингни маълумотларни ўғирлаб, чоп этиш учун WikiLeaks’га узатишга ундаган”.

Айбловчилар иддаосига кўра, Ассанж ўз маълумотларида АҚШ билан ҳамкорлик қилган Афғонистон, Ироқ, Хитой ва Эрон фуқаролари дохил “информатор ва воситачилар исмини фош қилган”, бу эса улар учун “ўлим таҳдиди” сабабига айланган.

Бу айбловларга жавобан WikiLeaks вакиллари: “Бу ақлсизлик ва журналистиканинг тамом бўлиши”, дея баёнот беришган.

Аввалроқ Ассанжга қўйилган айбловлар бўйича WikiLeaks асосчиси 175 йилга қамалиши мумкинлиги айтилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG