Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:57

“Путин агрессиясидан ҳеч ким суғурта қилинмаган”. Эксперт Блинкеннинг Марказий Осиёга ташрифи ҳақида


Энтони Блинкен Остонадаги музокаралардан кейин матбуот брифингида. Қозоғистон, 28 февраль, 2023
Энтони Блинкен Остонадаги музокаралардан кейин матбуот брифингида. Қозоғистон, 28 февраль, 2023

28 февраль оқшоми Тошкентга етиб келган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўзбек расмийлари билан музокаралар олиб бормоқда. Аввалроқ у Остонада Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан учрашган ва Марказий Осиё давлатлари ҳамда АҚШ ташқи ишлар вазирларининг С5+1 форматидаги музокараларида қатнашган.

АҚШ давлат котиби Украинадаги уруш масаласида қатъий позиция тутишлари учун Марказий Осиё ҳукуматларига босим ўтказишга уринади, деб ҳисоблайди Карнеги фонди илмий ходими Темур Умаров. Озодлик билан суҳбатда эксперт минтақа давлатларининг муҳтамал реакцияси, Украина масаласида турли қудратлар тарафидан Марказий Осиёга босимлар қанчалик кучайиши мумкинлиги ва минтақа давлатлари қанча узоқ мувозанат сақлай олиши ҳақидаги саволларига жавоб берди.

“Таркибий ўзгариш бўлмайди”

Озодлик: Энтони Блинкен АҚШ давлат котиби ўлароқ Қозоғистон ва Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюрди. Ғарб матбуоти у Москванинг баъзи анъанавий ҳамкорларини Украинадаги уруш масаласида АҚШ позициясига яқинлаштиришга уринаётгани ҳақида ёзяпти. Нима деб ўйлайсиз, АҚШ минтақанинг икки энг йирик мамлакатига бирон бир йўсинда таъсир ўтказишга ҳаракат қиладими?

Темур Умаров: АҚШ давлат котиблари лавозимда бўлган чоғларида бир марта Марказий Осиёга, одатан Қозоғистон ва Ўзбекистонга келишади – бу дипломатик анъана бўлиб қолган. Трамп президентлигида Майкл Помпео келган эди. Бироқ ҳозир, Украинада давом этаётган уруш манзарасида Ғарб мамлакатлари ёки бошқа исталган мамлакатнинг Марказий Осиё билан боғлиқ барча ҳаракатлари, чамамда, Россияга қарши ёки минтақа давлатларининг Украина уруши бўйича позицияларини ўзгартиришга қаратилган.

Россия босқинига бир йил тўлди. Уруш хроникаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:53 0:00

Айни чоғда тушунишимиз керакки, АҚШнинг бу борадаги имониятлари чекланган, чунки сўнгги бир неча ўнйилликда Вашингтоннинг минтақага қизиқиши сусайди. Афғонистондан чиқиб кетганидан сўнг АҚШнинг минтақадаги мавжудияти тарихий минимумга тушиб кетган бўлса эҳтимол. Бинобарин, унинг қўлида Марказий Осиё мамлакатлари тутумига таъсир ўтказиш учун зарур инструментлар кўп эмас. Шу боис АҚШ давлат департаменти вакилининг Маркази Осиёга ташрифига одатдаги расмиятчилик ташрифи деб қараш керак. Ҳамкорлик масалалари ва ҳоказолар муҳокама қилинади. ТИВ раҳбарлари билан АҚШ ва Марказий Осиё форматида учрашув бўлади. АҚШ минтақа мамлакатларининг ҳудудий бутлиги, суверенитети ва мустақиллигини қўллаб-қувватлаймиз, деб албатта айтади. Марказий Осиё мамлакатлари эса АҚШ билан алоқалари муҳимлигидан баҳс этади. Хуллас, мен бу ташрифдан ҳеч қандай сюрприз кутмаяпман.

Озодлик: Айтдингизки, АҚШ Афғонистондан чиқиб кетганидан сўнг Вашингтоннинг минтақадаги мавжудияти минимумга тушган. Шундай бўлса ҳам АҚШ Марказий Осиё унинг учун ҳануз муҳимлигини кўрсатишга уринмаяптимикан, айниқса Украинадаги уруш манзарасида?

Темур Умаров: АҚШ турфа усуллар билан буни кўрсатишда давом этади. У ўзини дунёнинг энг эътиборли ва қудратли мамлакати деб билади. Худди шу сабабга кўра давлат котиби Блинкен ва бошқалар нафақат Марказий Осиёга, балки АҚШдан жуда узоқ ва миллий манфаатларидан четда жойлашган мамлакатларга ҳам келиб туришади.

Дарҳақиқат, Украинадаги уруш Марказий Осиё мамлакатларининг ўз аҳволи ҳақидаги тасаввурларини бир оз ўзгартириб, минтақани АҚШ учун долзарброқ ҳудудга айлантирди, аммо минтақага қайтадан кирадиган даражада актуал қила олгани йўқ. Уруш бошлангани учун Марказий Оси-АҚШ муносабатларида ҳеч қанақа таркибий ўзгариш юз бермайди. Ҳамкорликнинг янги форматларини, ушбу мамлакатлар ўртасида иқтисодий алоқалар гуркираб ривожланиши ёки ҳарбий ҳамкорлик кучайишини кўрмаймиз. Бугунги кунда барча кулар Украинага сафарбар этилганини ҳисобга олганда АҚШ Марказий Осиёга таклиф этиши мумкин бўлган ресурслар хийла чекланган. Қўшма Штатлар қандайдир гуманитар ёрдам, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш, камбағал оилалар учун таълим дастурлари ёки нари борса бир миллион долларлик бағараз ёрдам таклиф қилса ҳайрон бўлмасдим. Лекин бирон арзигулик ёки шов-шув бўларлик нарса таклиф қилинишига шубҳам бор.

АҚШни чеклаб турган биргина нарса – унинг Украинада Россия билан курашга ўралашиб қолганидир. Шу боис улар мазкур масалада бир қадар қатъий позицияни тутиши учун Марказий Осиё мамлакатларига босим қилишга уринишмоқда. Яъни, минтақага “сизлар ҳам Россияга қарши аниқ позицияда туринг”, деб ундашяпти.

Москва Карнеги маркази эксперти Темур Умаров
Москва Карнеги маркази эксперти Темур Умаров

Бироқ Марказий Осиё мамлакатлари учун ниҳоятда мураккаб стратегик масала бу. Минтақа давлатлари Россияга қаттиқ қарамлиги туфайли шунчаки, АҚШнинг бир оғиз гапи билан аксилроссия позициясига ўтолмайди. Билишадики, Россия минтақада ўткинчи эмас. Хитой ҳам шундай, чунки ўртада умумий чегаралар бор. Лекин АҚШ билан боғлиқ ҳамма нарса қисқа муддатли вазифалар – улар ҳал этилиши билан Вашингтон яна Марказий Осиё билан жиддий қизиқмай қўяди. Яъни Марказий Осиё Россияга терс позицияга ўтгани эвазига хавфсизлик кафолатларини ололмайди, АҚШ билан алоқалари кўзга кўринарли даражада яхшиланишига эришолмайди. Блинкен ана шу ечимсиз масала билан тўнаш келмоқда. Агарда АҚШ маъмурияти бунинг ечимсиз масала эканини ва Марказий Осиё мамлакатларини яққол аксилроссия позициясини тутишга мажбурлашга уринишлар беҳудалигини тушунса, бу гаплар очиқ айтилмайди, балки парда ортидаги суҳбатларда айтилади. Халққа эса АҚШ билан Марказий Осиё ҳамкорликни давом эттиради, дейилади.

Қозоғистон ва Ўзбекистон қачонгача мувозанат сақлай олади?

Озодлик: Марказий Осиё мамлакатлари қўлларидан келганчабетараф қолишга ҳаракат қилишмоқда. Аммо яқинда Беларуснинг авторитар лидери Александр Лукашенко КХШТ бош котиби Имангали Тасмагамбетов билан учрашувда “ҳеч ким бир чеккада биқиниб тура олмайди” деб айтди ва “КХШТ ичида бирликни кучайтириш”га чақирди. Бир томондан, анъанавий ўйинчи бўлмиш Россия Лукашенко тили билан “тарафингни аниқ қил” деб талаб қиляпти, иккинчи томонда эса – Ғарб ва унинг ҳам ўз манфаатлари бор. Минтақа мамлакатларига босим зўраймоқдами?

Темур Умаров: Шак-шубҳасиз, босим борган сари кучаяди, чунки минтақа икки ўт орасида жойлашган. Марказий Осиё давлатлари барча билан дўстона алоқалар қилади. Бу улар кўп векторли ташқи сиёсатнинг ножўя таъсиридир. Ҳамма билан дўст бўлгандан кейин ҳамма келиб тилаганини сўрайди. Кимдир юмшоқ, дипломатик оҳангда сўрайди, кимдир эса Лукашенкога ўхшаб дағдаға қилади.

Лукашенко биринчи марта бунақа қилаётгани йўқ. Бир гал у Ўзбекистонга ҳам писанда қилган, мамлакат ичида ғавғо бўлмаслиги учун КХШТга киришни ўйлаб кўринглар, деб. Лекин бу борада Лукашенко ғирт прагматик бўлиб, воқеаларга ўз нуқтаи назаридан қарайди. Беларусь Россияга батамом қарам бўлиб қолганини тушуниш керак. 2020 йил августда Лукашенко режимини қулатаёзган оммавий норозиликдан сўнг тобе бўлиб қолган эди. Сўнгра уруш бошланди ва Лукашенко ўз-ўзидан босқинчи мамлакат ёнида турди. У ўзини жуда ҳам ноқулай сезмоқда, чунки Москвага қарши биронта аргументи йўқ ҳозир.

Илгари, намойишлардан олдинги йилларда Лукашенко “Москва фалон шартимни бажармаса, Европа мен билан жон-жон деб ҳамкорлик қилади”, деб бемалол айта оларди. Лекин сиёсий режими тақдири Россия қўлида қолганидан бери у бунақа манёврлар қила олмаяпти. Ягона йўл – бу балоларга иложи борича кўпроқ мамлакатларни тортиб, ўзига ўхшаган сатрапларни кўпайтириш. Шунда Беларусь уларнинг ёнида ажралиб турган ва Россиянинг орқа ҳовлиси бўлишдан кўра баландроқ мақомга лойиқлигини кўрсатган бўлур эди. Шундай экан, Лукашенконинг ҳамма гапларини Кремлнинг муждасига йўяверманг, чунки бу унинг ўз позицияси бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Ташқи сиёсатни ҳеч бир мамлакат ҳислари билан юритмайди. Барча ўз жамияти ёки сиёсий режими учун мумкин қадар кўпроқ фойда кўзлаб иш қилади. Бинобарин, ҳар бир янгилик, ҳар бир воқеа дунёда вазиятни ўзгартираётган экан, Қозоғистон ҳамиша мувозанат сақлайди. Мамлакатнинг ташқи сиёсати жуда мослашувчан, қанча керак бўлса шунча тоб бера олади.

Озодлик: Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу минтақа мамлакатларининг Россия билан кўпйиллик алоқалари борлигини ва бу алоқалар ҳали-бери тўхтамаслигини айтар экан, “лекин биз улар билан улар ўйнай оладиган рол ҳақида сўзлашамиз”, дея ишора қилган эди. Нима деб ўйлайсиз, қанақа рол назарда тутилган бўлиши мумкин??

Темур Умаров: Марказий Осиё мамлакатларининг Украинадаги урушга қандайдир таъсир қилиш имкониятлари йўқ ҳисоб. Яъни, улар Владимир Путинни ёки Владимир Зеленскийни мавжуд воқеликда ўз фикрини ўзгартиришга мажбур эта олишини тасаввур қилиб бўлмайди. Ўлкада бунинг учун зарур инструментлар жуда кам. Уларнинг қўлидан келадигани – юз бераётган воқеаларга кўра иш тутиш.

Масалан, Раҳмон ушбу вазиятда Россиядан унга кўпроқ эътибор беришни сўраяпти, Россиядан фойдаланиб қолишга уриняпти, айни чоғда уруш ҳақида лом-мим дегани йўқ.

Қозоғистон эса ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларни дастакламаслигини, тинчлик ва халқаро қонунлар риоя этилиши тарафдори эканини рўй-рост айтяпти. Лекин амалда у ҳам Россия иқтисодиёти фаолиятининг янги шарт-шароитидан ўзига наф чиқаришга, яъни Россия билан савдони оширишга интилмоқда, чунки кўп импорт товарлар келмай қўйганидан сўнг Россия бозорида улкан талаб пайдо бўлган.

Назаримда, Лунинг бу гапи минтақадаги воқеликнинг холис таҳлили эмас, балки сиёсий баёнотдир.

“Минтақа учун муҳими – Россия ҳужум қилган тақдирда ёлғиз қолмаслигини билиш”

Озодлик: Блинкен “Қўшма Штатлар Марказий Осиё мамлакатларининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий бутунлигига содиқлигини тасдиқлаш мақсадида” С5+1 форматидаги учрашувда қатнашади. Бу таъриф нимани англатади? Россияга йўлланган мессежми бу?

Темур Умаров: Россия “Украина аслида большевиклар ва Ленин томонидан яратилган ва яшашга ҳақсиз сунъий давлат” деган иддао билан уруш бошлагани Марказий Осиё мамлакатларини қўрқитиб юборди. Чунки бу усулни исталган собиқ совет республикасига нисбатан қўллаб, ҳарбий бўлмаганида ҳам бошқа бир шаклдаги амалиётни бошлаб юбориш мумкин. Шундай экан, АҚШ Марказий Осиё мамлакатларига Россия тарафидан агрессия бўлган тақдирда уларнинг тарафдорлари борлигини англатмоқчи ва бу жуда муҳим.

Си Цзиньпин ҳам Самарқандда ўтган ШҲТ саммитидан олдин Қозоғистонга келганида худди шундай қилган эди, Европа Иттифоқи баёнотларида ҳам шу гап. Украинада уруш бошланганидан бери бу ҳар қандай дипломатик учрашувнинг мажбурий бандига айланди.

Озодлик: АҚШ билан Хитойнинг Марказий Осиё борасидаги баёнотлари ва мақсадларида қандай фарқ бор?

Темур Умаров: АҚШ ва Хитойнинг баёнотлари уларнинг Россия билан муносабатлари қандайлигига кўра фарқланади. АҚШнинг юқоридаги баёноти Россияга нисбатан таҳдид каби жаранглайди. Чунки Россия Украина билан эмас, балки НАТО блоки, биринчи галда АҚШ билан урушаётганини даъво қилади.

Хитой нуқтаи назаридан эса бу шунчаки, фактларни қайд қилишдек гап. Чунки ҳудудий яхлитлик, суверенитет ва мустақилликни ҳурмат қилиш ростдан ҳам халқаро тамойил, барча мамлакатлар БМТга аъзо бўлаётганида уни тан олади. Бу осмон кўк, ўт яшил, деган билан баравар.

Бироқ уруш контекстида, ушбу муқаддас принциплар бир мамлакат томонидан шубҳа остига олинган пайтда буларнинг бари Россияга қарата таҳдид ёки кўзқисиш деб кўрилади. Яъни, АҚШ айтадиган бўлса – таҳдид, Хитой айтадиган бўлса – кўзқисиш.

“Путин бир куни “Қозоғистон бизга душман” деган фикр билан уйғониши ҳеч гап эмас”

Озодлик: Яқинда Коммуникацияларни ривожлантириш Миллий тадқиқот институти 14 мамлакатнинг Россия билан “дўстлик индекси”ни эълон қилди. Рейтингда ЎЗбекистоон юқори ўринлардан бирида. Шу рейтингнинг ўтган йилги лидери бўлмиш Қозоғистон эса, бу йил Россияга ҳануз дўст, аммо “тебраниб турадиганлар” сирасига киритилди. Сизнингча, нега?

Темур Умаров: Бу жуда ғалати индекс. Улар Марказий Осиё мамлакатларининг Россияга дўстлигини қандай баҳолашда қандай методикадан фойдалангани билан қизиқиб кўрдим. Мазкур рейтинг билан воқелик билан ўртасида бирон алоқа бор, деб ўйламайман. Аммо бу симптом, мамлакат раҳбарияти дунёнинг барча мамлакатларини дўсту душманга ажратишни бошлаганида шундай бўлади.

Булар бари Россиянинг бадтар яккаланиб қолишига – нафақат Ташқи ишлар вазирлиги эълон қиладиган манавиндай рўйхатлар билан, балки фундаментал жиҳатдан, жамият миқёсида яккаланиб қолишига олиб боради. Жамият ҳам энди мамлакатларни дўст ва душманларга ажратади. Энг ёмони, экспертлар ҳам бу ҳақда ёзишмоқда. Масалан, сиз тилга олган институт ўзини эксперт ташкилот чоғлайдию жамиятга холис ахборот бериш ўрнига тамом тескарисини қиляпти.

Озодлик: Ташқи ишлар вазири муовини Михаил Галузин ТАССга берган интервьюсида АҚШ ва ЕИ Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни фаоллаштириб, улардан Украинадаги “махсус амалиёт”ни қоралашни талаб қилаётганини айтди. Яъни, Москва минтақа мамлакатларини АҚШ билан яқинлашувдан огоҳлантирди. Қанақа реакция бўлиши мумкин?

Темур Умаров: Бунинг ортидан қандайдир жазо чоралари қўлланади, деб ўйламайман. Гап шундаки, Владимир Путин ва Россия Хавфсизлик кенгаши мантиққа ғирт терс иш тутадиган бўлиб қолган. Одамлар ўз раҳбариятининг ҳаракатларини олдиндан тахмин қила олмай ҳалак бўлишяпти. Россия ташқи сиёсатига оид қарорлар Россия ТИВда қабул қилинмаслигини аввалдан билардик. Бунақа қарорлар Кремлда, президент администрациясида ва шахсан президент томонидан қабул қилинади. ТИВ эса улардан халқаро қонунларга сал-пал ёпишадиган бир нима ясайди, холос.

Энди бўлса мамлакатлар, аниқроғи, турли вазирликларнинг ходимлари, турли каналлар, турли экспертлар Россиянинг Владимир Путин тасаввуридаги институтлашган ташқи сиёсатини англашга тиришмоқдалар. Шу боис ҳам минтақа мамлакатларига “ҳеч ким Ғарб билан гаплашмасин, Украинани қўлламасин”, деган гаплар айтиляпти. Ҳамма урушни “махсус ҳарбий амалиёт” деб аташи керакмиш. Худди юқоридаги сабабга кўра, Роскомнадзор чет эл ОАВларига “махсус ҳарбий амалиёт”га доир “фейк”лар тарқатмаслик ҳақида хабарномалар юборишни табиий деб ҳисобламоқда.

Шу боис ҳам ТИВ Марказий Осиё мамлакатларига “у билан дўст бўл, бу билан дўстлашма”, деб ақл ўргатишни ўзига раво кўрмоқда. Шунинг учун ҳам эксперт ташкилотлар ўзларини дунё мамлакатларини дўсту душманга ажратишга ҳақли деб билишяпти. Бироқ қарорлар бу муассасаларда қабул қилинмаслиги сабабли, бунақа баёнотлар, рейтинглар ортидан ҳеч нима бўлмайди, Владимир Путин ва Кремль кўнгли тусаганини қилаверади.

Дейлик, Владимир Путин бугун эрталаб уйғонади ва тўсатдан “Қозоғистон ҳам аслида бизга дўст эмас ёки етарлича дўст эмас ёхуд у ҳам аллақандай Аксилроссия” деган фикрга келади ва ўтган йилнинг 24 февралида қилган ишини такрорлайди. Бундан ҳеч ким суғурталанмаган. Мен бу муҳтамал сценарий демайман, бунақа бўлиши эҳтимоли кам, лекин Путиннинг ичидагини топиш жуда қийин бўлиб кетди. Аммо, шуниси аниқки, айни пайтда Россия ТИВнинг баёнотлари Россиянинг реал хатти-ҳаракатларида акс этиши амри маҳол.

Форум

XS
SM
MD
LG