Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:39

Блогер Аслиддин Камол Дубайда “Тошкент сўрови билан ушланган”


Аслиддин Камол қарийб икки йилдан бери Дубайда яшаб келмоқда.
Аслиддин Камол қарийб икки йилдан бери Дубайда яшаб келмоқда.

Уч кун аввал Дубай аэропортида ғойиб бўлгани айтилаётган ўзбекистонлик блогер Аслиддин Камол “Ўзбекистон сўрови билан ушланган”. Бу маълумотни Озодликка Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот тизимидаги бир-биридан мустақил икки манба тасдиқлади.

Манбалар таъкидича, Аслиддин Камол 13 октябрь куни Дубай аэропортида маҳаллий полиция томонидан Ўзбекистон “запрос”и билан ушланган ва ҳозирда уни экстрадиция қилиш процедураси бошланган.

Аслиддин Камолнинг Тошкентга топширилиши аниқлигини айтган манбаларга кўра, ҳозирча блогерга нисбатан расмий айблов маълум эмас, лекин у тармоқлардаги танқидий чиқишлари учун ушлангани эҳтимоли катта.

Дубайда қарийб икки йилдан бери яшаётган блогер Аслиддин Камол Дубай

Аслиддин Камол 8 йилга қамалган блогер Олимжон Ҳайдаров билан.
Аслиддин Камол 8 йилга қамалган блогер Олимжон Ҳайдаров билан.

аэропортида ғойиб бўлгани хабари 13 октябрь куни пайдо бўлган.

Журналист Улуғбек Ашур Аслиддин Камол билан охирги гаплашган кишилардан.

Аслиддин Камол 13 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 00:32 да менга видеочақирув қилди ва "Мени Дубайга киритишмади. Паспортимни ходимлар олиб, мени бошқа хонага олиб кетишяпти" деб гапиришга улгурди. Видеода у аэропортда эди”, дея пост қолдирди Улуғбек Ашур Facebook тармоғидаги саҳифасида.

Улуғбек Ашур ўз постида Дубайдаги дўстлари аэропортга бориб, хавфсизлик хизмати ходимлари билан учрашгани, улар Аслиддин Камолни икки соат ушлаб турганларидан сўнг, текширишиб, чиқариб юборишганини айтишгани ҳақида ҳам ёзди:

“Лекин буни тасдиқловчи видеотасвирларни уларга кўрсатишмаган... Аслиддин Камол шаҳарга чиқиб кетмаган... Агар шундай бўлганида у ҳаммамизга "Мен чиқдим, хавотир олманглар, таксига ўтирдим" деб хабар берарди”.

Аслиддин Камол ҳаж зиёратида.
Аслиддин Камол ҳаж зиёратида.

Кейинги икки кун давомида тармоқларда Аслиддин Камол ғойиб бўлгани ҳақида постлар кўпайди. Бироқ орадан бир кун ўтиб, бу постларнинг аксари ўчириб ташланди. Бу Аслиддин Камол ҳимоясига чиққан фаолларга нисбатан босим бўлгани ҳақидаги талқинга сабаб бўлди.

Озодлик шундай пост ёзиб кейин ўчирган блогерлардан бири билан боғланганида, у постни ўз ихтиёри билан ўчиргани, ҳеч ким унга босим қилмаганини айтди.

“Аслиддин йўқолган куни Ўзбекистонда унинг жияни аварияга учраб, ҳалок бўлди. Шу сабаб Аслиддиннинг ота-онасига қўшимча дард бўлмасин, деган мақсадда постни ўчириб ташладим”, деди хавфсизлик сабаб исми очиқланишини истамаган блогер йигит.

Аслиддин Камолга яқин манбалар турли хил талқинларни билдиришди.

Ўзини Аслиддиннинг дўсти деб таништирган йигит унинг ушланишига визаси билан боғлиқ муаммо сабаб бўлганини айтди.

АҚШда яшаётган журналист Жаҳонгир Муҳаммад эса Аслиддин Камол ушланишида “Тошкентнинг қўли бор”лигини иддао қилди.

Тармоқ фаоли Мирраҳмат Мўминов Аслиддин Камолнинг ғойиб бўлишини кейинги кунларда Дубайдаги ўзбекистонликларга нисбатан босим кучайгани билан боғлади.

“БААда сўнгги икки ҳафта ичида минглаб ўзбекларнинг визалари отмен бўлибди. Бош сабаблардан бири қора рўйхатга киритилгани боис. Шу сабабдир балким, алоқа воситаси йўқдир? Бироз аввал Сайфуллоҳ Носир акада ҳам шу каби ҳолат бўлганди. У киши ҳам Дубай аэропортида икки кун йўқолиб қолгандилар”, дея ёзди Мирраҳмат Мўминов тармоқдаги изоҳида.

Озодликнинг Аслиддин Камол борасида Дубай полициясидан маълумот олишга уринишлари бирор самара бермади.

Дубайдаги Ўзбекистон элчихонасига Аслиддин Камолнинг яқинлари расман мурожаат қилишган. Бу ҳақда Озодликка гапирган манбага кўра, консуллик Аслиддин Камол масаласини ўрганаётгани ва 16 октябрь куни кечқурунгача расмий жавоб берилишини билдиришган. Бироқ ҳозирча на элчихона ва на консуллик томонидан Аслиддин Камол тақдири борасида бирор маълумот берилгани йўқ.

Юридик маълумотга эга Аслиддин Камол блогер сифатида танқидий постлари билан танилган. У 2023 йил августида 7 йилу 3 ойга қамалган блогер Абдуқодир Мўминов билан ҳамкорлик қилган.

Аслиддин Камол айнан Абдуқодир Мўминов ҳибсга олинганидан кўп ўтмай ўз хавфсизлиги сабаб Дубайга кетишга мажбур бўлган. Бироқ у Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ҳавфсизлик кучлари уни Дубайда ҳам тинч қўймаётганини айтган эди.

“Буёғи энди очиқ кўзбўямачилик бўлиб кетди, менимча ҳамма билиб ҳам бўлди буларни кимлигини. Мен саҳифаларимни ўчиришни режа қиляпман, босимлар кучайиб кетгани сабаб. Энди менимча ёзишдан, гапиришдан фойда бўлмай қолди”, деганди Аслиддин Камол жорий йил июлида Озодлик мухбирига.

Аслиддин Камол 7 йилу 3 ойга қамалган блогер Абдуқодир Мўминов билан.
Аслиддин Камол 7 йилу 3 ойга қамалган блогер Абдуқодир Мўминов билан.

Дубайдаги ўзбек фаоллари билан боғлиқ хавотирли хабарлар Туркиядаги ўзбекистонлик фаоллар босимга учраётган бир пайтга тўғри келди.

Кейинги икки йил давомида Туркия хавфсизлик хизмати ушбу мамлакатдаги ўзбек фаолларига босим ўтказгани, уларни мамлакатдан чиқариб юборгани фактлари анчагина.

Сўнгги пайтларда ўзбек фаолларининг Туркияга киритилмаслиги ҳолатлари эса кўпайиб бормоқда.

Вазиятдан хабардор манбаларга кўра, Туркия хавфсизлик хизмати бу ҳаракатларни “Ўзбекистон томони тақдим қилган рўйхат асосида амалга оширмоқда”.

Кейинги пайтда Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги блогер, журналист ва тармоқ фаолларига нисбатан босимлар кучайди. Президентни ҳақорат қилгани учун 10 дан ортиқ одам қамоққа ташланди. Каримов давридаги каби қўрқув муҳити қайтди.

Озодлик Мирзиёев президентлиги даврида ҳибсга олинган, қамоққа ташланган ва босимга учраган 100 дан ортиқ журналист, блогер ва фаолларнинг ишини ҳужжатлаштирди.

Агар сиз озод сўз учун жазоланган ёки босимга учраган бўлсангиз, Озодликка хабар беринг. Ozodso'z лойиҳаси мунтазам янгилаб борилади.

Форум

XS
SM
MD
LG