Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:50

Блогер Фозилхўжа Орифхўжаев муддатидан олдин қамоқдан бўшатилгани айтилмоқда. У 7,5 йилга қамалган эди


Фозилхўжа Орифхўжаев ўзбек расмийларининг дин бўйича сиёсати борасидаги танқидий чиқишлари билан танилган.
Фозилхўжа Орифхўжаев ўзбек расмийларининг дин бўйича сиёсати борасидаги танқидий чиқишлари билан танилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди ҳукми билан 2022 йилнинг 26 январида 7,5 йилга қамалган блогер Фозилхўжа Орифхўжаев муддатидан олдин қамоқдан бўшатилгани айтилмоқда.

Бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов 6 декабрь куни ўзининг Фейсбук саҳифасида маълум қилди.

“Дўстимиз Фозилхўжа Орифхўжаев шартли равишда муддатидан аввал қамоқдан озод қилинди. Ҳозир Навоий-Тошкент йўлида уйига қайтмоқда”,- деб ёзди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳозирча бу хабар расмийлар томонидан тасдиқланган эмас. Бу хабарга расмий муносабат ҳам билдирилмади. Орифхўжаевнинг муддатидан олдин қамоқдан бўшатилгани юзасидан маълумот мавжуд эмас.

Блогер Фозилхўжа Орифхўжаев ижтимоий тармоқларда Аброр Мухтор Алий тахаллуси остида зиддиятли чиқишлари билан танилган Аброр Абдуазимов билан Тошкентдаги “Тўхтабой” масжиди олдида бўлиб ўтган тортишув ортидан 2022 йилнинг 28 июнида қўлга олинган эди.

Орифхўжаев 2021 йилнинг 26 июнь куни юзма-юз сўзлашиш учун Абдуазимов ваъз ўқиётган Тошкентдаги “Тўхтабой” масжиди олдига борган. У ерда Орифхўжаев Абдуазимовни “иккиюзламачи” деб атаган.

2021 йил 28 июнь куни ички ишлар ходимлари Орифхўжаевни чақиртириб, уни майда безориликда айблашиб, ҳибсга олишган ҳамда уяли телефонини тортиб олишган. Ўша куни суд блогерни 15 суткага ҳибсга олиш тўғрисида ҳукм чиқарган.

Орифхўжаев жазо муддатини ўтаётганида адвокати Сергей Майоровга COVID-19 пандемиясини баҳона қилиб, у билан учраштиришмаган.

Диний эркинликларни назорат қилувчи Forum18 халқаро ташкилоти Ф. Орифхўжаев 15 кун ҳибсда сақланган пайтда қамоқхона маъмурлари унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишгани ҳақида хабар қилган.

2021 йил 13 июль куни – Орифхўжаев озод этилиши керак бўлган кунда унинг адвокати С. Майоров чақирилиб, мижозига “оммавий ахборот воситалари ёки телекоммуникация воситаларидан ёки Интернетдан фойдаланган ҳолда жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш ёки кўрсатиш” айблови билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган.

Тошкент суди Орифхўжаевни ҳибсга олиш муддатини аввал уч ойга, кейинроқ 2021 йил 13 декабригача узайтирган.

41 ёшли Орифхўжаев 2022 йилнинг 26 январида жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан 7 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилган эди. Блогер ўзига билдирилган айбловларни тан олмаган.

Судья З. Нуриддинов раислигида юритилган суд ҳукмига кўра, судланувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.

Ўзбек расмийларининг дин бўйича сиёсати борасидаги танқидий чиқишлари билан танилган Фозилхўжа Орифхўжаев тақдири халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан диққат билан кузатиб борилган. Хусусан, Human Rights Watch (HRW) ҳуқуқбонлик ташкилоти 2021 йилнинг 9 декабрида расмийларни тошкентлик блогерга қўйилган “асоссиз” айбловларни бекор қилиш ва уни зудлик билан озод қилишга чақирган.

Форум

XS
SM
MD
LG