Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:16

Фарғонада блогер Олимжон Ҳайдаров устидан суд жараёни бошланди


Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаровнинг озодликдаги сўнгги сурати. 29 июль, 2023 йил.
Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаровнинг озодликдаги сўнгги сурати. 29 июль, 2023 йил.

Олий суд матбуот хизматининг 31 октябрда билдиришича, товламачиликда гумонланиб 29 июль куни қамоққа олинган блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида суд жараёни бошланди. Аввалроқ Олимжон Ҳайдаровнинг адвокати Дилшод Жабборов тергов якунлангани ва иш судга оширилганини Озодликка тасдиқлаган эди. Блогер қамоққа олинганидан буён унинг аҳволи ва тергов тафсилотлари ҳақида жамоатчиликка ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, “1989 йилда Россия Федерациясида туғилган, блогер, муқаддам судланмаган Олимжон Ҳайдаров” устидан жараён жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида ўтказилади.

Олимжон Ҳайдаров Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми “а”, 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Мазкур иш Фарғона туман судининг раиси А. Эргашев раислигида кўриб чиқилмоқда.

“Суд мажлиси очиқ деб эълон қилингач, дастлаб судланувчининг ҳимоячиси томонидан суд жараёни мобайнида аудио ва видеоёзувни амалга ошириш ҳақидаги илтимосномаси юзасидан тарафлар фикри тингланди. Жиноят иши доирасидаги жабрланувчиларнинг шахсига доир маълумотлар оммага ошкор этилишини хоҳламаслиги боис илтимосномани рад қилиш ҳақидаги фикрлари инобатга олиниб, суд судланувчининг ҳимоячиси келтирган илтимосномани рад қилиш ҳақида ажрим чиқарди”,-дейилади расмий билдирувда.

Судланувчининг адвокати Дилшод Жабборов 12 октябрь куни Озодликка берган интервьюсида Олимжон Ҳайдаровга қўйилган айбларни “асоссиз” деб ҳисоблашини билдирган эди:

“Олимжон Ҳайдаровнинг умуман айби йўқ. Солиқдан бўйин товлаш масаласи бўйича айби бўлиши мумкин, лекин унда ҳам фақат маъмурий жавобгар бўлади. Олимжон Ўзбекистон Жиноят Кодексининг товламачилик, ҳақорат қилиш, туҳмат қилиш моддалари бўйича айбланяпти. Аммо бу айбловларнинг бари асоссиз, бирор бир далилларга асосланмаган ҳам, исботланмаган ҳам. Биз судда Олимжоннинг тўла оқланишига ҳаракат қиламиз ва бунга қўлимизда етарли далилларимиз бор”.

Адвокат Озодликка интервью беришидан бир неча кун олдин Олимжон Ҳайдаров тергов изоляторидан мактуб чиқаргани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди. Озодликда нусхаси мавжуд мактубда Ҳайдаров ўзининг сиёсий маҳбус эканлигини таъкидлар экан, товламачиликда айбланиб қўлга олинишини узоқ ва пухта тайёрланган “спектакл” деб атайди.

"Ўзимни сиёсий маҳбус деб ҳисоблайман". Олимжон Ҳайдаров устидан тергов тугаб, иш судга оширилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:33 0:00

Олимжон Ҳайдаров ўзининг ҳибсга олиниш жараёни ҳақида бундай деб ёзади:

“Менга нисбатан очилган иш оддий товламачилик иши эмас. ДХХ, ИИБ менинг телефон қўнғироқларимни эшитиш орқали мен билан шартнома қилмоқчи бўлган, ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган тадбиркордан катта эҳтимол билан «ихтиёрий» ариза ёзиши «илтимос» қилинган . Нормал товламачилик ишларида бундай бўлмайди, тадбиркор ўзи келиб , ўзи шартнома таклиф қилиб келишувдаги пулни ярмини бериб, кейин ариза ёзмайди. Бу иш тўлиқ сиёсий характерда бўлиб, охирги кунларда Қўқондаги айрим амалдорлар фаолиятини кескин танқид қилишим натижасида буюртма тадбири деб ҳисоблайман”.

Олимжон Ҳайдаров мактубида ўзини сиёсий маҳбус деб таърифлайди. У аввалида ҳукумат ва президент жамоаси билан дўстона муносабатда бўлгани, аммо сўнгра президент олиб бораётган сиёсатни ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиши ортидан таъқиб ва кузатувга тушганини ёзади:

“Мен нима учун ўзимни сиёсий маҳбус деб ҳисоблайман? Мен ўзимга нисбатан қилинаётган ҳаракатларни журналистик, блогерлик, бироз бўлсада мухолиф фикрларим, фаолиятим сабаб деб ҳисоблайман. Ҳаммаси Мирзиёевнинг 2-сайловда ютганидан кейин бошланди. Сайловдан кейин эркин фикр, диний қарашларга нисбатан кичик-кичик репрессиялар бошланди. Президент Конституция эскиргани ҳақида гапирганда хаёлимга, «наҳотки Мирзиёев ҳам Каримов каби президентлик муддатини узайтириш учун Конституцияни янгиласа» деган фикр келди. Шу вақтдан буён яхши Президент қонунларга амал қилган Президент экани, Конституция янгиланса хам Президент қайта сайланиши демократик жараёнга ёмон таъсир қилиши ҳақида ёза бошладим ва хорижий ОАВ ларга ҳам бу ҳақида фикримни айта бошладим

Кейинроқ Қозоғистон воқеаларини ёритишим, Украинага русларни ҳужуми ҳақида ёзганларим, менинг назаримда Президентнинг нотўғри ҳаракатлари ҳақидаги фикрларим мени ҳукумат наздида «мухолиф»га чиқарди.

Шу каби сабаблар билан 2 йилда яқин дўстдан ёмон душманга айландим. Мен ўтган 2 йилда хеч ҳам ўзгармадим. Аввал ҳам, ҳозир ҳам ўзбек халқи эркин, фаровон, ҳар томонлама мустақил бўлиб яшашини ҳоҳлайман, шунинг учун ҳаракат қиламан. Ким давлат рахбари бўлса ҳам, мақсадларимиз муштарак бўлса, қонунларга амал қилса, ҳамфикр бўламан, қўллаб қувватлайман. Агар қонунларга амал қилмаса, халқни эмас, халқумини ўйласа, авторитар-диктатор бўлса, - унга қарши томонда танқид қиламан. Шу ҳаракатларим сабаб, ҳукумат ўз сиёсатига мени мухолиф сифатида кўриб душманлик қилаяпти. Мени бу майдондан йўқ қилиб ташлашга топшириқ бўлгани сабабли ўзимни сиёсий маҳбус деб ҳисоблайман”.


Олимжон Ҳайдаров ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқишлари ортидан ҳибсга олинган биринчи блогер эмас. Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида ўндан ортиқ журналист ва блогер турли хил айбловларда айбланиб ҳибсга олинди, айримлари узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида 19 сентябрь куни нутқ сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон сўз ва виждон эркинлиги принципларига содиқлигини иддао қилган эди.

“Жорий йил апрель ойида миллий тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи янгиланган Конституция бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи марта умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Референдумда овоз берганларнинг 90 фоиздан зиёди ушбу чинакам халқ Конституциясини қўллаб-қувватлади. Шу тариқа ислоҳотларимизнинг ортга қайтмайдиган муқаррар тус олиши таъминланди”,- деган эди президент.

Аввалроқ Озодлик билан эксклюзив суҳбатда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник ўзбек расмийларини сўз ва матбуот эркинлигини ҳурмат қилишга чақирган эди:

“Ўзбекистон охирги бир неча йилда матбуот эркинлиги борасида улкан қадамларни қўйди. Аммо шу билан бирга, блогерларга қарши жиноят ишлари ташвишга сабаб бўлмоқда. Мен Ўзбекистон ҳукуматини матбуот, сўз ва ифода эркинлигини ҳурмат қилишда давом этишга чақираман. Ҳукумат бу жиноят ишлари ортида сиёсий сабаблар турмаганига амин бўлиши керак, деб ҳисоблайман”.

Демократия, сиёсий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларини кузатувчи Freedom House халқаро нодавлат ташкилоти ўзининг 2023 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни интернет эркин бўлмаган давлатлар рўйхатида қолдирди. Ташкилотга кўра, президент Мирзиёевнинг айрим ислоҳотларига қарамасдан Ўзбекистон авторитар давлат сифатида қолмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG