Хитойга олти кунлик сафар билан борган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет пайшанба куни президент Си Цзиньпин ва бошқа расмийлар билан мулоқот қилган.
Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ҳамда айрим Ғарб ҳукуматлари Пекин Бачелетнинг ташрифидан фойдаланиб, Шинжон минтақасида инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганини босди-босди қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришган.
Бачелетнинг сафари Хитой жанубдаги Гуанчжоу шаҳридан бошланди. Комиссар Шинжондаги Қашқар шаҳри ҳамда вилоят маркази Урумчига ҳам боради. Сафар давомида Хитойдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, Пекин Гонконгга ўтказаётган тазйиқ, ҳамда Хитойнинг Тибет ва Ички Мўғулистондаги сиёсати каби масалалар кўриб чиқилади. Аммо Бачелетнинг сафари давомида Хитой Коммунистик партиясининг Шинжондаги лагерь тизими ва мусулмон халқларга қарши кампанияси диққат марказида бўлиши кутилмоқда.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари сўнгги марта Хитойга 2005 йилда борган эди. Бачелет ташрифини уюштириш масаласи Пекин билан бир неча йил давомида муҳокама қилинди. Ташрифи давомида Бачелет нима қилишни ва нимага эришишни режалаштираётгани ҳақида тўлиқ маълумот йўқ. Хитой комиссарнинг ташрифидан фойдаланиб, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол борасидаги танқидларни янада қатъий рад этиши мумкинлиги ҳақида хавотир изҳор қилинмоқда.
Бундай хавотирларни изҳор қилганлар орасида Хитой бўйича парламентлараро альянс (Parliamentary Alliance on China, IPAC) халқаро қонунчилар гуруҳи ҳам бор. Гуруҳ 20 май куни баёнот эълон қилиб, Пекинни «Потёмкин услубидаги турни» уюштирганликда айблади ҳамда Бачелетнинг ташрифи унинг офиси обрўсига путур етказиши мумкинлигини таъкидлади. Баёнотни 18 мамлакат номидан 40 дан ортиқ қонунчи имзолаган.
Хитой Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан чегарадош бўлган Шинжонда 1 миллиондан ортиқ уйғур, қозоқ, қирғиз ва бошқа мусулмон озчиликларни қамоқхоналарга ва лагерларга ташлаган. Пекин у ерда инсон ҳуқуқларини жиддий поймол қилганликда, шу жумладан, ушбу гуруҳларнинг маданий ўзлигини йўқ қилиш йўлида кенг қамровли кампанияни йўлга қўйганликда айбланмоқда.
Human Rights Watch ташкилотнинг Хитой бўйича директори Софи Ричардсон баёнот эълон қилиб, «Бачелетнинг олий комиссар ўлароқ мероси унинг қудратли давлатни ўз назорати остида содир этилган инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгарликка тортишга ҳозирлиги билан ўлчанади», деди.
Ошиб бораётган хавотирлар
Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари, уйғур фаоллар ва Ғарб расмийларининг асосий ташвиши шундаки, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича энг юқори лавозимли амалдори ҳисобланувчи Бачелетда Хитой ҳукумати қўл урган қонунбузарликлар ҳақидаги айблов ва далилларни тўлиқ текшириш имконияти бўлмайди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (Office of the United Nations High Commissioner for Human Rights, OHCHR) 2018 йилдан бери Пекин билан Шинжонга чекловсиз сафар қилиш борасида музокара ўтказиб келади. Бачелет жамоасининг беш кишидан иборат илк гуруҳи ташрифга тайёргарлик кўриш учун 25 апрель куни Хитойга етиб борди. Бачелетнинг сўзларига кўра, у ўз ташрифи давомида фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашади.
Аммо Хитойнинг ўзига қаратилган ҳар қандай танқидга тоқат қилмаслиги, мамлакатда фаолларга қарши тазйиқлар ҳамда кенг қамровли кузатув имкониятлари туфайли кўпчилик Бачелет ташрифидан бирор натижа чиқишига шубҳа билдирмоқда.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс 20 май куни бўлиб ўтган матбуот брифингида:
«Биз режалаштирилган ташрифдан қаттиқ хавотирдамиз», - деди.
Котиб АҚШ «[Хитой ҳукумати] Шинжондаги инсон ҳуқуқлари муҳитини тўлиқ, манипуляциясиз баҳолашга рухсат беришига умид қилмаётганини» қўшимча қилди.
Ташриф арафасида «Озод Осиё» радиоси Шинжондаги расмийлар уйғурларни чет элликлар билан гаплашмаслик ҳақида огоҳлантираётгани ҳамда Қашқар полицияси БМТ сафарига тайёргарлик кўриш учун «сиёсий ўқув машғулотларига» юборилаётгани ҳақида хабар берди.
Бачелет 26 май куни, яъни ўз хизмат сафарининг биринчи кунида Хитойдаги 70 га яқин дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари билан виртуал учрашув ўтказди. Bloomberg нашрининг хабар беришича, БМТ расмийси онлайн учрашув чоғида ўз ташрифидан катта натижа кутмасликка чорлаган. Учрашув давомида бир неча дипломат «Пекиннинг сафарни манипуляция қилиш уринишлари ҳақида чуқур хавотир» изҳор қилган.
Хитой расмийлари Бачелетнинг ташрифини «терговга» айлантирилмаслик кераклигини бир неча бор таъкидлаб, фақат «дўстона ташрифни» мамнуният билан кутиб олишларини айтишди.
OHCHR Хитой лагерларидан омон чиққанлар билан суҳбатлар, етакчи олимлар билан интервьюлар, сунъий йўлдош тасвирлари ҳамда сиздирилган Хитой ҳукумати ҳужжатлари каби очиқ манбалардан тўпланган далиллар асосида уч йилдан бери ҳисобот ёзмоқда. Ташкилот ҳисоботни Бачелетнинг Хитойга сафари муносабати билан ва ниҳоят эълон қилиши кутилмоқда.
Бутун дунё бўйлаб юзлаб ҳуқуқ гуруҳлари Бачелетни ҳужжатни эълон қилишга чорлаб келади. Аммо ҳисобот ҳануз нашр этилмаган ва ҳозирги ташриф ортидан ундаги айрим топилмалар яширилиши мумкинлиги ҳақида хавотир юзага бор.
Пекиннинг глобал кампанияси
Пекин Шинжондаги сиёсати бўйича айбловларни рад этиб, ўз хатти-ҳаракатларини «экстремизмга қарши кураш», уйғур, қозоқ ва қирғиз ва бошқа халқлар қамалаётган лагерларни эса «қайта тарбиялаш марказлари» дея иддао қилиб келади.
Ўз сиёсати халқаро миқёсда тобора кўпроқ танқид қилинаётган бир пайтда Пекин ўзининг сиёсий ва иқтисодий таъсири кучайиб бораётганидан фойдаланиб, айрим ҳукуматларни тилини тийишга ва ўз сиёсатини қўллашга чорламоқда.
Пекин Судан ва Тожикистон каби Хитойга дўстона сиёсат юритувчи давлатлар дипломатлари ва расмийлари учун Шинжонга саёҳат уюштирган. Ушбу мамлакатларнинг давлат ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Хитой сиёсати олқишланди.
Хитойнинг бундай таъсири БМТ каби халқаро ташкилотларга ҳам етиб борди. БМТда Пекин кўплаб ривожланаётган мамлакатларни Хитойни қоралашга қаратилган чора-тадбирларни қўлламасликка ёки овоз беришдан бош тортишга кўндирди. Натижада асосан Ғарб давлатларидан иборат оз сонли мамлакат Хитой сиёсатига қарши чиқишга журъат қилмоқда.
2021 йил июнь ойида Украина БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида 40 дан ортиқ давлатга қўшилиб, Шинжонга кузатувчилар чекловисиз киритилишини қўллаб овоз берганидан кейин, Озодлик ва The Associated Press Пекин Киев билан савдони чеклаши ва ҳамда мамлакатга COVID-19 вакциналарини элтиб беришни кечиктиришини айтиб, таҳдид солгани ҳақида хабар берганди.
Хитойнинг Шинжондаги сиёсати қўшниларига, айниқса Марказий Осиё давлатларига ҳам ҳам чуқур таъсир кўрсатмоқда.
Масалан, Қозоғистон 2017 ва 2018 йилларда Пекин лагерлар тизими кенгайтирилганидан сўнг Қозоғистонда фаоллар ҳамда мамлакатга Шинжондан қочиб борган собиқ маҳбуслар бошдан кечирганлари ҳақида кўрсатма бера бошладилар.
Айни пайтда, уйғур гуруҳлар адвокатлари Халқаро жиноят судига (ХЖС) Тожикистон ҳукумати уйғурларни Хитойга жўнатиб, Пекин билан ҳамкорлик қилаётганини кўрсатувчи далилларни тақдим этган.