Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:01

"Нодир Тўрақулов гуруҳи Бобомурод Абдуллаевни 38 кун тинимсиз қийнаган!"


Журналист Бобомурод Абдуллаев
Журналист Бобомурод Абдуллаев

Бобомурод Абдуллаев ва унинг шериклари сифатида кўрилаётган яна уч киши устидан 5 мартга белгиланган илк суд жараёни 7 мартга қолдирилди. Суд арафасида Бобомурод Абдуллаев билан учрашган адвокат Сергей Майоров журналистнинг ҳибсга олинган 27 сентябрдан то 5 ноябрга қадар тинимсиз қийноққа тутилганини билдирди. Жорий йилнинг 22 январь куни Абдуллаевнинг қийноққа солинишига бошчилик қилган МХХ терговчиси Нодирбек Тўрақуловнинг ўзи ҳам ҳибсга олинди.

"Бобомуродга 6 кун уйқу бермай, қийнашган"

Адвокат Сергей Майоровнинг 5 март куни Озодликка айтишича, 3 март куни ҳибсда сақланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев билан учрашган пайти, Абдуллаев ўзининг қийноққа тутилганидан шикоят қилган:

- Тергов изоляторида учрашган пайтимиз мен ундан қийноқ излари қолган жойларини кўрсатишни сўрадим. У белигача ечиниб кўрсатганида, унинг чап қўлида яра излари ва шикастланган жойлари бор эди. Унинг таъкидлашича, булар унга нисбатан жисмоний куч қўллаш таъсирида қолган излардир. Энг оғир қийноқ - унга 6 кун давомида ухлашга рухсат беришмаган. Яна 3 кун давомида уни бир хонали камерага қип-яланғоч ташлаб қўйишган. Бу хона ўз жонига қасд қилишга уринувчиларга мўлжалланган камера бўлган. Уни калтаклаш пайти асосий қурол сифатида бир метрлик водопорповод учун ишлатиладиган пластик трубани қўллашган. Шу труба ва компьютер шнури билан уни калтаклашган. Компьютер шнури билан дўппослашни улар “эслатма” деб аташган, дейди адвокат.

Бобомурод ўзини ўлдиришга ҳаракат қилмагани ва бундай нияти ҳам йўқлигини айтиб, агар ўзини ўлдириб “ўз жонига қасд қилди” деган, хабар беришса, бунга ишонмасликни сўраган.

Бобомурод ўзига нисбатан нафақат жисмоний¸ балки руҳий қийноқ усуллари ҳам қўлланилганини айтган.

- Улар Бобомуроднинг Россияда ўқиётган қизини зўрлашни ва Тошкентда яшаётган бошқа болаларини ўлдириб, хотинини ҳам қамоққа тиқишларини айтишган, дейди Майоров.

Майоровга кўра, Бобомурод 27 сентябрда ҳибсга олинганидан бошлаб, 5 ноябргача унга нисбатан тўхтовсиз қийноқ қўлланилган.

- 5 ноябрь куни у терговчилар талаб қилган барча “иқрор”ларга қўл қўйган. Шундан кейин уни қийнашни тўхтатишган, дейди адвокат.

Мулозимларга қарши кўрсатма

Сергей Майоровнинг айтишича, Бобомурод Абдуллаев терговчилар талаби билан собиқ Бош прокурор¸ ҳозирда МХХ раиси бўлган Ихтиёр Абдуллаев ва ўтган йилнинг 4 сентябрида Ички ишлар вазири лавозимига тайинланган Пўлат Бобожоновга қарши ëзилган кўрсатмага қўл қўйишга мажбурланган:

- У терговчи айтиб турган нарсаларни ёзиб кўрсатма берган. Аслида¸ бу одамлар билан таниш бўлмаган, улар билан бирор иш қилмаган, бироқ қийноқлар ортидан терговчи талаби билан ёзиб берган, дейди адвокат.

Майоровга кўра, Бобомурод Абдуллаев терговчилар кимлиги ҳақида ҳеч нарса айтмаган ва уни калтаклаш учун тергов хонасига бегона кишилар келтирилганини айтган.

Бобомурод Абдуллаев иши бўйича Озодликка етиб келган ҳужжатдан аниқланишича¸ журналист терговига жорий йил 22 январида ҳибсга олинган МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов бошчилик қилган.

(16 февраль куни Тошкент ҳарбий суди чиқарган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиëт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажримга кўра¸ Нодир Тўрақулов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 301-моддаси 1-қисми (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) ва 230-моддасининг 2-қисми (Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.)

“Бобомурод Абдуллаев Ҳақназаровнинг радикал мақолаларини ёзмаган”

3 март куни ўз ҳимоясидаги маҳбус билан учрашган адвокат Сергей Майоровга кўра¸ Бобомурод Абдуллаев айни учрашувда 2003 йил январидан бошлаб "Усмон Ҳақназаров" тахалллуси билан мақолалар ёзгани, 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг ёзишни тўхтатиб, кейинчалик яна ушбу тахаллус остида мақола ёзишни бошлаганини тан олган:

- Бобомурод “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси уники экани ва ушбу тахаллус остида кўплаб мақолалар ёзганини айтди. Бироқ у ушбу тахаллус остида мамлакатда тўнтариш қилиш мазмунида эълон қилинган мақолаларга алоқаси йўқлигини айтди. Тергов пайти уни ëзмаган мақолалари муаллифлигини ҳам бўйнига олишга мажбурлашган, деди адвокат.

Майоровга кўра, Бобомурод Абдуллаев қийноқ ҳақидаги маълумотларни видеокамера орқали назорат қилинган учрашув хонасида қоғозга ёзиб берган ва кейин бу қоғозларни ўзлари йиртиб ташлаган. Учрашув охирида йиртилган қоғоз бўлакларини МХХ ходимлари йиғиштириб олиб кетган.

Майоровнинг айтишича, у учрашувдан кейин Бобомурод Абдуллаевни зудлик билан МХХ ҳибсхонасидан Ички ишлар вазирлигига қарашли ҳибсхонага ўтказишни сўраган.

- Чунки уни МХХ тергов изоляторида қийнашган. Агар у ҳозир ўз кўрсатмаларини ўзгартирса, уни қийнаган одамлар яна буни давом эттириши хавфи мавжуд. Шунинг учун мен шанба куни уни Ички ишлар бўлими изоляторига ўтказишни сўрагандим. Ҳозирча бу борада бирор жавоб бўлмади, дейди Майоров.​

Суд қолдирилди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида журналист Бобомурод Абдуллаев¸ блогер Ҳаëт Насриддинов¸ шунингдек тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоëровларга нисбатан 5 март куни ўтказилиши режаланган илк маҳкама 7 мартга қолдирилди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоровга кўра, суднинг кечиктириш сабаби "прокурор етиб келмагани" билан изоҳланган.

Журналист Бобомурод Абдуллаев¸ блогер Ҳаëт Насриддинов¸ тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоëровлар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси бўйича айбланмоқда.

Ўтган йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олинган Бобомурод Абдуллаев 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.

12та халқаро ташкилот Ўзбекистон ҳукуматидан Бобомурод Абдуллаев, Ҳаёт Насриддинов ва Акром Маликовни озод этишни талаб қилган эди.

XS
SM
MD
LG