Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:48

Бодомзордаги "психогенетик" имом жума ваъзида Озодлик ва эркин матбуотга таҳдид қилди


9 март кунги жума ваъзида Раҳматуллоҳ Сайфутдинов ўзини "психогенетика" илмининг мутахассиси деб эълон қилди.
9 март кунги жума ваъзида Раҳматуллоҳ Сайфутдинов ўзини "психогенетика" илмининг мутахассиси деб эълон қилди.

Ўз қавмига дояликни фақат аёллар қилиши керак, аëллар жинсий алоқа пайтида бошқа эркакни хаëлига келтирса¸ туғилажак боласи гей бўлади¸ дея қилган ваъзлари билан жамоатчиликка танилган ўзбекистонлик имом 9 март кунги ваъзини Озодликка бағишлади.

Тошкентнинг Юнусобод туманидаги Мирза Юсуф жомеъ масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов ўзининг 2 март кунги гейларнинг туғилишига оид ваъзини ëритган Озодлик радиосини “мунофиқлар радиоси”га чиқарди ва унинг “жанозасини (мусулмонлар ўлганда ўқиладиган сўнги намоз. Ҳозирча Озодликка Исломда бирор ташкилотга жаноза ўқиш ритуали борлиги маълум эмас – таҳр.) ўқигани”ни билдирди.

Озодликдаги мақола интернет ва ижтимоий тармоқларни “қайнатгани”ни эътироф этган имом¸ Озодликка раддия деб аталган 17 минутлик маърузасини ўз Facebook саҳифаси ва масжиди сайтида ëйинлади.

Ваъзи муқаддимасида имом¸ нафақат ўзбекистонликлар¸ балки халқаро майдонда ҳам ҳажв қилинаëтган “гейлар генетикаси” ҳақидаги маърузасини “тўғри айтилган гаплар” сифатида яна такрорлади.

Имомнинг Озодлик мақоласига асосий эътирози¸ унинг “Турк актёрларига ошиқ ўзбек оналаридан гейлар туғилади!” деб номланишига нисбатан бўлди:

- Мен ўзбек оналари демаганман. Дунëдаги аëллaр¸ дунëдаги ҳолатни мисол келтирганман. Бу маълум бир илм. Озодлик бир мутахассиснинг фикрини келтирипти. “Илмий мантиққа тўғри келмайди”¸ деяпти. Уларнинг илмий мантиғига бизларни Оллоҳ таоло яратганлиги тўғрисидаги хабар ҳам тўғри келмайди. Уларнинг илмий мантиғи одам маймундан тарқаган деб (Дарвиннинг эволюция назарияси назарда тутилмоқда – таҳр.) юрипти ҳалиям. Уларнинг илмий мантиғи дунëда бир кучли портлаш (Big Bang назарияси назарда тутилмоқда – таҳр.) дан яралган деб юрипти. Агар илмий мантиқни тутса улар. Илмий мантиқни қаердан билсин улар¸ маймуннинг авлодлари¸ дейди Юнусобод масжиди имоми.

Ўтган ваъзида¸ жинсий алоқа пайтида аëл эридан бошқа эркакни хаëлига келтирса¸ ундан гей фарзанд туғилади¸ деган гапини "олимларнинг айтишича”¸ деб тақдим этган Сайфутдинов 9 март кунги ваъзида бу “олим”нинг шахсини очиқлади:

- Психогенетика бу янги фан. Ўзим мен бу фанни ўқияпман¸ бунда мен мутахассисман. Шундан ўқиб-ўрганиб¸ татбиқ қилиб¸ ҳадислар билан солиштириб¸ сизларга ҳавола қилаяпман. Бировнинг гапини айтмаяпман кўтариб келиб. Ўрганиб тадқиқ ва таҳқиқларнинг хулосасини азбаройи шу халқимизни¸ ватанимизни¸ келажагимизни¸ эртамизни ўйлаб¸ шунинг хавотири билан айтаяпман¸ дейди “психогенетик” имом.

9 март кунги маърузасининг бир неча жойида ўзини пайғамбар билан қиëслаган Раҳматуллоҳ Сайфутдинов¸ Озодлик кўтарган мавзуни ëритган маҳаллий нашрлардан “бир оғиз гап билан” чоп этилган мақолани олиб ташлашга муваффақ бўлганини айтади.

- Одамларни булар чалғитишаяпти¸ бошқа нарса билан банд қилиб қўйишаяпти. Бошқа бир нарса чиқса муҳокама ¸ нари борса 100-200 та лайк бўлади (Facebookдаги Like тугмачаси назарда тутилмоқда – таҳр.). Бизнинг кечаги гапимизга 2000 дан ошиқ лайк йиғилди. Буни кўрган ўзимидаги баъзи бир сайтлар ҳам ҳовлиқиб қолаяпти. Бизга биродарликни изҳор қилган ахборот порталлари ҳам ҳовлиқиб¸ Озодликни қўллаб¸ кеча мақола чиқаришди. Бир оғиз гапимиздан кейин узр сўрашиб¸ мақолаларини олишди. Шу мақолани ëзган бир ҳамшаҳаримиз кейин билсак¸ Озодликнинг гумаштаси¸ бошқа нарса эмас. Оллоҳ кифоя қилсин¸ дея қарғиш билан тугатади 9 март кунги маърузасини Бодомзордаги Мирза Юсуф жомеъ масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов.

(6 март куни ўзини Мирза Юсуф жомеъ масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдиновнинг ëрдамчисиман деб таништирган шахс Озодликка 2 март кунги ваъз ҳақида "мақола ëзиш шарт эмаслиги"ни таъкидлаган эди.)

Ҳозирча Озодликка ўзбек нашрларидан қай бирининг ўз “гумашта”си экани ва "гейшунос" имомнинг ваъзи ҳақида мақола эълон қилгани маълум эмас.

Айни пайтда¸ авваллари асосан оммавий ахборот воситаларини назорат қилувчи МХХ кураторларига оид бўлиб келган “цензор”лик ваколатининг қачон ва қайси асосда имомларга ўтгани ва ўзбек нашрлари қачондан бошлаб дунëвий илмни инкор қилувчи имомларнинг "бир оғиз гап" билан ўз материалларини олиб ташлашга киришганига оид маълумот ҳам Озодликда ҳозирча йўқ.

Озодлик бу савол жавобини яқин келажакда Ўзбекистондаги давлат идоралари¸ хусусан¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита расмийларидан топишга уринади.

Зотан¸ Ўзбекистон Конституциясининг 7-моддасига кўра:

- Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Конституциянинг 10-моддасига кўра:

- Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин. Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.

Ўзбекистон конституциясининг 12-моддасида эса¸

- Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас¸ деб ëзиб қўйилган.

XS
SM
MD
LG