Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:27

Муҳожир олиб келаётган буюмларга солинадиган бож кескин ошди. Минглаб ҳайдовчи ишсиз қолди (ВИДЕО)


Қорақалпоғистондаги Ҳазрати Довуд божхона постида юзага келган навбат.
Қорақалпоғистондаги Ҳазрати Довуд божхона постида юзага келган навбат.

2020 йил, 1 январдан президент Шавкат Мирзиëевнинг «Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиëжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори кучга кирди.

«Божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш» иддаоси билан қабул қилинган бу қарор бож тўловларининг бир неча бараварга ошиши ва Ўзбекистонга кириш божхона постларида километрлаб навбатлар юзага чиқишига сабаб бўлди.

1 январдан бери чегарадан ўтолмай турган киракашларнинг Озодликка айтишича¸ 1 январгача 4 миллион сўм бож солинган моллар учун ўзбек божхоначилари ҳозирда 80 миллион сўм талаб қилмоқда.

Оқибатда¸ оиласини Россиядаги меҳнат муҳожирлари уйига юбораëтган юк ташиш билан боқиб келган минглаб хусусий машина ҳайдовчиси киракашликни тўхтатишга мажбур бўлган.

Президент қабулхонаси¸ Олий мажлис¸ Божхона қўмитасига бу қарор ижросини ўзгартириш сўрови билан бош ураëтган ҳайдовчиларнинг Озодликка айтишича¸ бирор давлат идорасидан жўяли изоҳ ола олмаган.

Давлат божхона қўмитасининг Озодлик боғланган расмийлари¸ “масаладан хабарлари борлиги ва яқин соатлар ичида расмий сайтда бу масалада маълумот берилишини билдирди”. Тошкент вақти билан кечки соат 7 га қадар бундай маълумот эълон қилинмади.

Ўзбекистонликлар ўз уйига киролмаëтир

Озодликка мурожаат қилган бухоролик киракашлар ўзларининг камида 500 кишилик гуруҳ номидан гапираëтганини билдирди.

1 январдан божхона тўловлари ҳар кило юк учун 3 АҚШ доллари қилиб белгиланди. 31 декабрь соат 12 дан президент қарори кучга кирди. Шундан бери шерикларимиз Ўзбекистонга киролмай¸ Қозоғистонда совуқда¸ машина ичида ëтипти”¸ деди Озодлик гаплашган бухоролик ҳайдовчилардан бири.

Россиялик муҳожирларнинг ўз оиласига юбораëтган арзон товарлари¸ уларга солинган божнинг кескин ошгани ортидан¸ Қозоғистон ҳудудидан Ўзбекистонга ўтолмай турипти.
Россиялик муҳожирларнинг ўз оиласига юбораëтган арзон товарлари¸ уларга солинган божнинг кескин ошгани ортидан¸ Қозоғистон ҳудудидан Ўзбекистонга ўтолмай турипти.

Суҳбатдошларга кўра¸ улар бир неча йилдан бери ўз енгил машинасида Россиядан ҳар-хил товар ташиш билан рўзғор тебратиб келган.

Муҳожирлар боласига кийим-кечак¸ ҳар хил ширинлик¸ мактаб буюмлари¸ маиший техника юборади. Сабаби¸ Ўзбекистонда¸ масалан¸ Артелнинг битта холодильниги ками 3,5 миллион сўм туради. Россиядаги муҳожир эса 3 миллионга битта холодильник¸ битта кир ювиш машинаси¸ битта телевизор юборади. Иккинчи қўл¸ лекин сифати яхши¸ янгидек. Бизга хизмат ҳақини беради¸ олиб келамиз”.

Суҳбатдошлар таъкидича¸ 1 январдан бошлаб Ўзбекистонга кираëтган енгил автомобиллар ҳам юк машиналари оғирлигини ўлчовчи тарозига қўйилиб¸ машина вазни чиқарилганидан қолган ҳар бир килограмм учун 3 долларлик божга тортилмоқда.

Ҳозиргачаям 4-5 миллион сўмгача бож тўлаëтгандик. 1 январдан айни шу товарлар учун килосига 3 доллар тўлайсан¸ деб ўзбек таможнячилари 80 миллион сўмгача чиқариб бераяпти. Тасаввур қилаяпсизми – ўзи 3 миллионгаям бормайдиган товар учун 80 миллион сўм! Ë тўлайсан¸ ëки юкингни ташлаб¸ 10 кило нарса билан кирасан¸ деяпти. Қорақалпоқдаги Ҳазрати Довуд постида ҳозир юзлаб машина ҳайдовчиси нима қиларини билмай совуқда ëтипти. Юкни ташлай олмайди¸ бировнинг моли¸ олиб киролмайди¸ бунча бож тўлолмайди!

Ҳайдовчилар¸ Ўзбекистоннинг қолган божхона-ўтказиш пунктларида ҳам айни вазият юзага келганини қўшимча қилди.

“Шикоятни эшитадиган йўқ!”

Бухоролик киракашларнинг Озодликка айтишича¸ улардан 150 нафарга яқини тўпланиб¸ 3 -6 январь кунлари вилоят ҳокимлиги¸ Халқ қабулхонаси ва Божхона бошқармасига борган.

Президент қарори ортидан ишсиз қолган бухоролик ҳайдовчиларни Халқ қабулхонасида ҳеч ким қабул қилмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:02 0:00

Улар¸ дастлабки икки идорага киритилмаган¸ бирор расмий чиқиб¸ ўзларидан бунча одамнинг нимага келганини ақалли сўрамаганини айтди.

Фақат Божхона бошлиғи бизни қабул қилиб¸ гаплашди. У биз фақат ижрочи¸ президент чиқарган қарорни бажараяпмиз¸ деган гапдан нарига ўтмади”¸ дейди учрашувга кирганлардан бири.

“Олий Мажлисдагилар ҳам қабул қилмади”

Бухоролик ҳайдовчилар вилоят даражасидаги идораларга изоҳ ва ëрдам сўраб мурожаат қилган бўлса¸ қашқадарëлик киракашлар президент қарори ижросидан сўнг ўзлари тушиб қолган вазиятни тушунтириш учун 2 январь куни Тошкентга – Олий Мажлисга борган.

“18 та ҳайдовчи бордик. Бизни Олий Мажлис яқинигаям қўйишмади. Кетинглар бу ердан¸ ҳозир хавфсизликни чақирамиз¸ қамоққа олади¸ деб пўписа қилди қоровуллар. Чинданам бизни кўп ўтмай ярим кун ДХХ сўроқ-жавоб қилди”¸ деди қаршилик киракашлардан бири.

Озодлик суҳбатдошлари¸ жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиëжи учун четдан олиб келаëтган товарлари килоси учун 3 долларлик бож жорий қилиниши ортидан Ўзбекистон бўйича камида 10 мингга яқин Россияга қатнаб келган киракашнинг ишсиз қолганини айтади.

Битта киракаш бир неча оилани боқиб келаëтганди. Масалан¸ битта менинг боқувимда ўз оиламдан ташқари ўлган акамнинг оиласи ва қари ота-онам¸ жами 9 жон бор. Икки йилдан бери Россияга киракашлик қилиб рўзғор тебратаëтгандим. Одам бўлса¸ Россияга олиб кетиб¸ қайтишда муҳожирларнинг юкини тўплаб¸ олиб келардим. Бу қарордан кейин бу иш ўлди¸ буëғига 9 жон қандай кун кўрамиз¸ билмайман”¸ деди бухоролик киракашлардан бири.

Қаршилик ҳайдовчилардан бири эса¸ ДХХ ходимлари билан сўроқ-жавобда¸ ўзи ва касбдошлари эътирозини очиқ билдирганини айтди:

Президентнинг қарори тошга ўйилмаганку! Қанча қарори шароит кўтармагандан кейин¸ халқ норози бўлгандан кейин бекор бўлаяпти. Буниям етказинглар президентга¸ дедим. Ўзбекистонда иш тополмай 3 миллион одам Россияда ишлаб юрипти¸ шулар сотиш учун эмас¸ болам-чақамга деб егулик¸ техника юбораяпти. Кўпи эски нарсалар¸ шунгаям шунча солиқ соладими? Халқ ИШИДга қўшилмасин¸ ваҳобий бўлмасин¸ деб гапирасизлар. Ҳозир камида 10 000 эркак оиласини боқолмай қолса¸ уларга кимдир келиб иккита кўк қоғоз берса (200 АҚШ доллари назарда тутилмоқда – таҳр.)¸ ким гарантия беради ваҳобийга қўшилмаслигига¸ дедим. Шоферлар нима қилсин энди? Ҳозир ҳаммамиз алам ичида ўтирибмиз¸ бу ëғига ўғрилик қилайликми¸ зўравонлик қилиб¸ банкни урайликми¸ ë бориб ваҳобийларга қўшилайликми?

Ўзларининг ҳар ой икки марта Россияга қатнаб¸ ҳар кирганда давлатга камида 3 миллион сўм бож тўлаб келганини таъкидлаган ҳайдовчилар Озодлик орқали президентга мурожаат қилди.

Битта Бухоронинг ўзида камида 1000 та шофëр ишсиз қолди¸ тирикчилиги тўхтади. Ўзбекистон бўйича 10 мингдан кам эмасмиз. Давлатга тўланаëтган миллиардлаб сўм солиқ ҳам тўхтади. Бу ҳам халққа¸ ҳам давлатга нисбатан бориб турган ноҳақлик. Президентдан буни тўхтатишни¸ олдинги тартибга қайтаришни сўраймиз!деди Озодликка телефон орқали гапирган ҳайдовчилардан бири.

Пешкў туманидаги ҳайдовчилар эса¸ президентга қилинган видеомурожаат қилди.

Пешкўлик ҳайдовчиларнинг президентга мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:06 0:00

Битта қарор билан янги йилнинг илк кунида ишидан ажраган минглаб киракаш ҳайдовчилар номидан билдирилган бу эътироз¸ шикоят ва мурожаатга муносабат сўраб Озодлик Ўзбекистон давлат Божхона қўмитаси матбуот хизмати билан боғланди.

Қўмита расмийлари¸ “масаладан хабарлари борлиги ва яқин соатлар ичида расмий сайтда бу масалада маълумот берилишини билдирди”. Тошкент вақти билан кечки соат 7 га қадар бундай маълумот эълон қилинмади.

Шавкат Мирзиëевнинг «Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиëжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида» деб номланган қарори муаллифи Давлат божхона қўмитасидир.

Бу қарор лойиҳаси 2019 йил 23 октябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши билан кескин эътирозга сабаб бўлган эди.

Муҳокама қатнашчилари, лойиҳа қабул қилинган тақдирда у Ўзбекистонни дунëнинг энг қашшоқ ва қолоқ давлатлари - Ҳаити¸ Зимбабве ва Венесуэла сафига қўшиши¸ коррупцияни кучайтириб¸ халқни ўз маҳсулотларини қиммат нархда сотиб олишга мажбурлаëтган саноқли монополистларга хизмат қилишини таъкидлаган эди.

Хусусан¸ муҳокамаларда:

Яна асоссиз божларми? Яна халқни шилишми? Халқнинг сабр косаси тўлаяпти… Яқинда Ливанда бўлган воқеаларни унутманг! Асоссиз божлар¸ солиқларни оқибати мана шунақа бўлади! деган огоҳлантиришлар ҳам айтилган эди.

Қарор лойиҳасига нисбатан жамоатчилик фикри мутлақ негатив бўлганига қарамай¸ 7 ноябрь куни Шавкат Мирзиëев уни имзолаган эди.​

XS
SM
MD
LG