Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:54

Тошкент аэропорти божхоначилари журналистдан Муҳаммад Солиҳ китобларини олиб қўйди


Журналист Маҳмуд Ражаб
Журналист Маҳмуд Ражаб

Истанбул-Тошкент рейси билан 26 март куни эрталаб учиб келган хоразмлик журналист Маҳмуд Ражабнинг мобиль телефони ва унинг ëнида бўлган Муҳаммад Солиҳ ва Маҳмуд Бекжоннинг 26 дона китоби аэропорт божхоначилари томонидан олиб қўйилди.

Маҳмуд Ражабнинг айтишича, у Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистондаги укалари ва мухлислари илтимоси билан бу китобларни совға сифатида олиб келган.

Журналист Маҳмуд Ражаб билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:29 0:00
Бевосита линк

Хоразм вилоятининг Гурлан туманида яшайдиган Маҳмуд Ражаб “Европа Бирдамлик маркази” ташкилотининг таклифи билан 22-25 март кунлари Грузиянинг Тбилиси шаҳрида бўлиб ўтган халқаро семинарда иштирок этган.

Маҳмуд Ражабнинг айтишича, қайтиш билети Истанбул орқали бўлганлиги ва у ерда Тошкент учоғини кутиш учун ихтиёрида беш соат бўш вақти борлиги учун аэропортда муҳожиратда яшайдиган шоир ва “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ билан учрашган:

- Хоразмдан Солиҳ акага укалари ўрик қоқи, олма қоқи каби совғалар бериб юборган эди. Аэропортда учрашиб, совғани топширдим. Укалари ва мухлислари Солиҳ аканинг китобларидан олиб келишни илтимос қилган эди. Чунки 2018 йил Солиҳ аканинг уйида меҳмон бўлиб, китобларидан олиб келган эдим. Шунинг учун шоир акамиз билан аввал боғланиб, йўлда уч-тўрт соат вақтим бор, шу китоблардан сўрашган эди, олиб кетсам майлими, деб сўраганимда майли, деган эди. Хуллас, Солиҳ аканинг шеърлари ва публицистикаси битилган ҳамма китобларидан, Муҳаммад Бекжоннинг китобидан, жами 26 та китоб олиб келдим.

Маҳмуд Ражабнинг сўзларига кўра, бу китобларни Тошкент аэропорти божхоначилари олиб қўйган:

- Бирга келган ҳамроҳларим ҳаммаси юкини олиб чиқиб кетди. Менинг юким ҳаммадан кейин чиқди. Божхоначилар кўригидан ўтаётганда, нима бор, деб сўрашди. Мен китоблар дедим. Очиб кўришиб, ие, бу Муҳаммад Солиҳнинг китоблари эканку деб, бошлиғини чақиришди. Ҳусан Бобониёзов деган бошлиғи келиб кўрди-да, бу китобларни олиб қоламиз, мумкин эмас, деди. Мен бу бадиий китоблар, укалари илтимос қилган, совға бу десам ҳам, божхона бошлиғи, бу китобларни диний идорага берамиз, балки ичида диний-экстремистик ғоялар бордир, ўшалар кўриб, хулоса беришади, мен барибир тушунмайман деб, олиб қолишди.

Журналист божхоначилар унинг мобиль телефонини ҳам олиб қўйишганини айтади:

- Кейин менинг телефонимга ёпишишди. Мен қаттиқ туриб олдим. Мана олдимда хоҳлаган нарсангизни очиб кўринг, бирор бир жиноят аломати бўлса олиб қўйинг, бўлмаса ҳаққингиз йўқ, дедим. Кейин у очиб кўрди, Солиҳ аканинг Озодликка, Би-Би-Сига берган интервьюлари чиқди. Мана булар мумкин эмас, деди. Мен унга, бу дунё кўрган нарсалар, бунда ҳеч қанақа сир йўқ десам ҳам, барибир кўнмади. Қарасам, у билан тортишидан наф йўқ ва телефонимни ҳам бердим.

Шундан сўнг, Маҳмуд Ражабнинг айтишича, уни бир хонага олиб кириб аэропорт ходимлари гувоҳлигида тинтув қилишган:

- Тинтувдан ҳеч нарса топишолмади. У ердан қайтиб чиқиб, қизиқ бир ҳолатга гувоҳ бўлдим. Божхона, аэропорт ходимлари ҳаммаси Муҳаммад Солиҳнинг китобларини завқ билан ўқишаяпти экан. Мендан ҳам сўрашди, 1991 йилда президентликка номзодини қўйган ўша одамми деб? Мен уларнинг қизиқаётганидан хурсанд бўлиб кетдим.

Маҳмуд Ражабнинг сўзларига кўра, шундан сўнг уни фуқаролик кийимидаги ва ўзини таништирмаган бир шахс сўроқ қилган.

- Менимча, 25-30 ёшлардаги бу йигит ДХХдан эди. У бу китобларнинг тақиқланганини биласиз, нега олиб келдингиз, деди. Мен, қани менга исботини беринг, ким ва қачон тақиқлабди, деб қарши савол берсам, индамай қолди. Ўзингизни таништиринг, кимсиз, қаерда ишлайсиз, десам, жаҳл билан менга ўгирилдида, менинг кимлигимни ҳали чақирганимда биласиз, деди. Кейин, китоблар ва телефоним олиб қўйилгани ҳақидаги баённомаларга имзо чекдим. Соат 7да учоғимиз қўнган бўлса, соат 11 яримда жавоб беришди.

Озодлик Тошкент аэропорти божхоначиларининг бу ҳаракати қанчалик қонуний эканлигини аниқлаш мақсадида, Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот хизматига сўров жўнатди. Аммо, ҳозирча матбуот хизмати бу сўровга жавоб берганича йўқ.

XS
SM
MD
LG