Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:37

Озодлик суриштирувлари ортидан Болгарияда тўртинчи расмий истеъфо берди


Цветан Цветанов Болгарияда ГEРБ партияси етакчиси¸ Бош вазир Бойко Борисовдан кейинги энг қудратли сиёсатчи ҳисобланади.
Цветан Цветанов Болгарияда ГEРБ партияси етакчиси¸ Бош вазир Бойко Борисовдан кейинги энг қудратли сиёсатчи ҳисобланади.

Болгариядаги ҳукмрон ГEРБ партияси раиси ўринбосари Цветан Цветанов парламент депутатлигидан истеъфо берди. Бунга Озодлик радиоси болгар хизмати фош қилган кўчмас мулк можароси сабаб бўлди. Ҳозирда Цветановнинг ушбу можарога алоқаси тергов қилинмоқда.

27 март куни Цветанов ГEРБ партиясининг парламентдаги гуруҳи раиси лавозимидан ҳам, депутат лавозимидан ҳам кетаётганини маълум қилди.

Аммо Цветанов ГEРБ партияси раиси ўринбосари лавозимида ишлашда давом этишини айтди.

Цветанов Болгарияда ГEРБ партияси етакчиси¸ мамлакат бош вазири Бойко Борисовдан кейинги энг қудратли сиёсатчи ҳисобланади.

Цветанов Озодлик радиоси март ойи бошида пойтахт Софияда кўчмас мулк савдоси бўйича ўтказган суриштирувлари натижаларини ёйинлай бошлаганидан бери истеъфо берган тўртинчи расмийдир.

Бугунда қадар собиқ адлия вазири Цецка Цачева, собиқ энергетика вазири ўринбосари Красимир Парванов ҳамда собиқ спорт вазири ўринбосари Ваня Колевлар истеъфога чиққан эди.

Цветанов 2018 йилнинг июнида Софияда қурилиш ширкатидан янги люкс квартира олган. Цветанов янги квартирани 100 минг евро ҳамда икки бошқа квартирага айирбошлаган.

Озодлик радиоси суриштирувлари Цветанов квартирани Arteks ширкатидан бозор нархидан тўрт баробарга арзон нархда олганини фош қилди.

Arteks Цветановдан олган икки квартирани бир неча соат ичида қайта сотиб юборган. Квартираларни ГEРБ сайлов штабининг собиқ ходими ҳамда Цветановнинг яқин ёрдамчиси сотиб олган.

2009 – 2013 йилларда Болгария Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган Цветанов ҳеч қандай ножўя ишга қўл урмаганини айтмоқда.

Цветанов ушбу айбловлар май ойида Болгариянинг Европа Парламентидаги аъзоларини белгилаш сайлови арафасида бошлаб юборилган дискредитация кампаниясининг бир бўлаги эканини иддао қилмоқда.

Мамлакат Бош прокурори Сотир Цацаровнинг матбуот котиби Румяна Арнаудова Цветанов иши кўриб чиқилаётганини айтди.

Болгария Коррупцияга қарши курашиш комиссияси ҳам Arteks Цветанов ва ГEРБ партиясининг бошқа аъзолари билан тузган битимларни кўриб чиқмоқда. Хусусан, комиссия тўлашда қўлланилган маблағлар қаердан олингани ҳамда ГЕРБ депутатлари қонун қабул қилишида манфаатлар тўқнашуви бўлган-бўлмаганини тафтиш қилмоқда.

Arteks ширкатининг сиёсий партияларга алоқаси, партияларга ўтказган хайриялари ҳамда давлат тендерларидаги иштироки ҳам мазкур текширув жараëнида алоҳида ўрганиб чиқилади.

Озодлик радиоси ҳамда bivol.bg сайтининг навбатдаги суриштирувлари Цачева, Парванов, Колева ҳамда ГEРБ партияси номидан парламент депутати Вежди Рашидовлар ҳам шаҳарнинг айни туманида Arteksдан бозор нархидан анча арзон баҳода квартира олганини фош қилди.

Бу квартираларнинг барчаси ГEРБ депутатлари 2017 йилнинг январида мамлакатнинг қурилиш соҳасини назорат қилувчи қонунларига тузатиш киритганидан кейин сотилган. Янги тузатишлар Arteksга Софияда 34 қаватли люкс турар-жой биносини қуриш имконини берган.

XS
SM
MD
LG