Ўзбекистон Бош прокуратураси Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари М. Ў. ва айни бошқарманинг собиқ терговчиси С. Ф. "Ўзметкомбинат иши" доирасида устидан жиноят иши қўзғатилган ўнлаб тадбиркордан йирик миқдорда пора ундирганликда айбланиб, апрель ойи бошида ҳибсга олинган.
Бу ҳақда Озодликка исми сир қолиш шарти билан Ўзбекистон Бош прокуратураси қошидаги тергов гуруҳига яқин масъул ходим маълум қилди.
2017 йил октябрида Бекободдаги "Ўзбекистон Металлургия комбинати" ("Ўзметкомбинат") Акционерлик жамияти билан ҳамкорлик қилган 49 та ширкатнинг 80 га яқин ходими қамоққа олинганди.
Мазкур тергов иши суд-адлия тизими ходимлари орасида "Ўзметкомбинат иши" номини олди.
Тергов ишига алоқадор прокуратура ходимининг маълум қилишича, тергов жараёнида дастлаб қамоққа олинган 80 нафарга яқин гумонланувчининг аксари "жиноят аломати бўлмагани учун" кейинчалик қўйиб юборилган.
Тергов иши деярли бир ярим йил давом этди ва 2019 йилнинг 14 февралида Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди "Ўзметкомбинат" билан ҳамкорлик қилган 23 шахс устидан суд жараёни бошланди.
Қамоқ таҳдиди
Ўзбекистон Бош прокуратурасининг собиқ икки мулозими М. Ў. ва С. Ф. мамлакат жиноят кодексининг 205- ("Ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш") ва 210- ("Пора олиш") моддалари бўйича айбланмоқда.
Ўзбекистон Бош прокуратураси қошидаги тергов гуруҳига яқин масъул ходимнинг айтишича, М. Ў. ва С. Ф.нинг ҳибсга олинишига уларга пора беришга мажбур бўлган ўндан зиёд тадбиркорнинг март ойи давомида Давлат хавфсизлик хизматига ёзган аризалари асос бўлган.
Аризачиларнинг иддао қилишича, қамоқдан қўйиб юбориш ва жиноят ишини ёпиш ваъдаси билан М. Ў. ва С. Ф. уларнинг ҳар биридан ўнлаб минг доллар пора олган.
"М.Ў. ва С.Ф. ишни тўхтатиш эвазига ўнлаб одамдан 40 мингдан 60 минг долларга қадар пора олишган. Акс ҳолда қамоқда чиритиш билан таҳдид қилишган",- деди тергов гуруҳига яқин масъул.
Унинг қўшимча қилишича, Бош прокуратуранинг ҳозирда Тошкентдаги ДХХ тергов изоляторида сақланаётган икки собиқ мулозими, шунингдек, "Ўзметкомбинат иши"га гувоҳ сифатида жалб этилган "тадбиркорларни алдаб, миллионлаб долларни" Бош прокуратура депозит ҳисобига ноқонуний туширганлар.
"М.Ў. ва С.Ф. уларни ҳақоратлаб, овқатсиз ва сувсиз Бош прокуратура биносида кечаси иккигача сақлаб ўтириб, қамаш билан қўрқитиб, гўёки улар бошқа хўжалик юритувчи субъектлардан металл маҳсулотларини сотиб олишга ҳуқуқлари бўлмаганини билдириб, улар сотиб олган металл маҳсулотлари билан биржа баҳоси ўртасидаги тафовутни асоссиз ҳисоблаб чиқариб, улардан миллионлаб долларни Бош прокуратура депозит ҳисобига ноқонуний туширишган", - деди тергов гуруҳига яқин масъул.
Тадбиркорлар суди
Айни пайтда Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида Бекободдаги "Ўзбекистон Металлургия комбинати" ("Ўзметкомбинат") Акционерлик жамияти билан ҳамкорлик қилган ширкатлар эгалари ва ходимлари устидан суд ниҳоялаб бормоқда.
23 нафар судланувчининг ҳаммаси Ўзбекистон ЖКнинг 167- ("Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш") ва 209- ("Мансаб сохтакорлиги") моддалари бўйича қўзғатилган жиноят ишлари бўйича судланмоқда.
Бош прокуратура масъул ходимининг айтишича, қамоққа олинган шахслар юритган ширкатлар "Ўзметкомбинат" раҳбарияти билан келишиб, комбинатга шартнома асосида бошқа юридик шахслар номидан металлолом топширганлар ва "қайта ишланган металлоломни "қонунга хилоф равишда" сотганлар.
5 аёл ва 18 эркакнинг барчаси "давлат ва жамиятнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига" тахминан 800 миллиард сўм (салкам 100 миллион АҚШ доллари) миқдорида "иқтисодий зарар" етказишда айбланмоқда.
Судланувчиларнинг баъзилари суд жараёнида терговнинг дастлабки кунларида қийноққа тутилганликларини иддао қилганлар.
Ҳиссадорларнинг ўзгариши
2017 йил июль ойида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг қарийб йигирма нафар ходими Бекободдаги металлургия комбинатида икки ой давомида комплекс текширув ўтказгани ортидан бир неча амалдор ишдан бўшатилган эди.
Шу йил Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги ягона металлургия комбинати бўлган “Ўзметкомбинат” Акционерлик жамиятидаги улушни SFI Management Group хориж ширкатига ишончли бошқарув учун ўтказиб берган эди.
SFI Management Group асли ўзбекистонлик миллиардер Патох Шодиевга тегишли ширкатлардан биридир.