Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:46

“Пиёз иши” фигурантларидан яна бири тергов изоляторида ўлди


30 март куни Тошкентда "Пиёз иши" доирасида судланаётган бозорқўмлардан бири - “Бек Тўпи” бозори собиқ раҳбари 57 яшар Шукриллахон Эргашев тергов изоляторида вафот этди.

Бош прокуратура маълумотига кўра, Шукриллахон Эргашев ўз ажали билан ўлган.

Бу “Пиёз иши” фигурантлари билан боғлиқ иккинчи ўлим ҳолатидир. 12 ноябрда “Чилонзор буюм савдо комплекси”нинг капитал қурилиш бўлими бошлиғи Дилшод Абдуллаев тергов изоляторида ўзини осиб, ўлдирганди.

“Пиёз иши” бўйича очилган жиноят иши тергови якунланиб, яқинда иш судга оширилди. Ҳозирда ушбу иш бўйича жами 23 киши судланмоқда, улардан 10 нафари панжара ортида ўтирибди.

Пиёз иши: Изолятордан чиққан яна бир жасад

Озодликка 1 апрель куни маълум бўлишича, “Пиёз иши” фигурантларидан яна бири - 57 яшар Шукриллахон Эргашев 30 март куни 1-сонли Тошкент тергов изоляторида юрак хуружидан вафот этган.

“Шукур аканинг ўзи кейинги пайтда соғлиги яхши эмасди. Февралнинг бошида уни Тоштурманинг тиббий бўлимига ётқизишган. Шукур акада диабет бор эди, кейин юрагининг ҳам мазаси яхши эмасди. Бизга уни “инфарктдан ўлди”, дейишди. Биз ҳам шунга ишонишга мажбурмиз. Чунки ёнида бўлмаганмиз, аслида нима бўлганини билмаймиз”, деди Эргашевнинг яқинларидан бири исмини очиқламаслик шарти билан.

"Тоштурма" номини олган 1-сонли Тошкент тергов изолятори.
"Тоштурма" номини олган 1-сонли Тошкент тергов изолятори.

Маҳбус Шукриллахон Эргашевнинг изоляторда юрак хуружидан ўлганини Бош прокуратуранинг матбуот хизмати ҳам тасдиқлади.

Ҳозирда Шукриллахон Эргашевнинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида тиббий экпертиза тайинланган ҳамда тергов изоляторидаги назорат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тошкентдаги "Бек тўпи" бозори собиқ раҳбари Шукриллахон Эргашев ўтган йилнинг ёзида ҳибсга олинган ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 167- моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича айблов илгари сурилган.

"Пиёз иши"га оид ҳужжатларга кўра, "Бек тўпи" бозори 3,3 миллиард сўмга 2 минг тоннага яқин пиёз харид қилган. Пиёз харид қилинган пайтда бозорга Шукриллахон Эргашев раҳбар бўлган ва орадан бироз муддат ўтиб, у ишдан кетган. Унинг ўрнига раҳбар бўлган Ботир Тошматов ҳам ҳозирда "Пиёз иши" судланувчилари сафида.

"Пиёз иши" доирасида ўтказилган тергов давомида йирик растратада айбланиб, қамоққа олинган яна бир маҳкум- “Чилонзор буюм савдо комплекси”нинг капитал қурилиш бўлими бошлиғи Дилшод Абдуллаевнинг ўлиги 12 ноябрь куни тергов изоляторидан чиқарилган эди.

Дилшод Абдуллаев яқинлари Озодлик билан мулоқот давомида маҳкумнинг “тергов изоляторида қийнаб ўлдирилгани¸ кейин “ўзини осди”, дебрасмийлаштирилганини иддао қилган.

Бош прокуратура Абдуллаевга нисбатан рухсат этилмаган ҳеч қандай методлар қўлланилмагани, "у ўз жонига қасд қилгани”ни билдирган.

“Пиёз иши” суди

Бош прокуратура томонидан тергов қилинган “Пиёз иши” бўйича очилган жиноят иши яқинда судга оширилди. 1 апрель куни суднинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Судланувчиларнинг яқинларидан бирига кўра, маҳкамада пойтахтдаги ўндан зиёд бозорнинг собиқ раҳбарларидан ташқари, бозорларнинг бир қанча масъуллари ҳам судланмоқда.

“Жами 23 киши судланаяпти, улардан 10 киши панжара ортида ўтирибди. Яқинда Сергели автомобил бозори раҳбари ва Тошкент савдо департаменти бошлиғининг ўғли қўйилган моддий зарарни қоплагани учун ҳибсдан чиқарилди. Улар энди судга очиқдан қатнаяпти”, деди исмини очиқламасликни сўраган судланувчилардан бирининг яқини.

Бош прокуратуранинг ўтган йилги баёнотига кўра, яна уч киши моддий зарарни қоплагани учун ҳибсдан чиқарилган: “Юнусобод деҳқон бозори” раҳбарлари О. Мустаев ва Б. Юсупов томонидан - тахминан 800 млн. сўм, шунингдек, “Тошкент озиқ-овқат захира” давлат унитар корхонаси директори Р. Расулов томонидан - 3,9 млрд. сўм миқдорида етказилган зарар миқдори қоплангани инобатга олиниб, уларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси қўлланилган.

Бозорқўмлар ҳибси

Ўтган йилнинг 30 июнь куни Тошкентдаги камида 11 та бозорнинг раҳбари “Тошбозорсавдо” ташкилотида ўтаётган мажлис пайти ёппасига ҳибсга олингани ҳақида Озодлик дастлаб 23 август куни хабар берган эди.

Бош прокуратура мулозимига кўра, бозорлар раҳбарлари давлат заҳирасидаги пиёзнинг чириб кетгани учун очилган жиноят иш доирасида қўлга олинган.

Воқеадан хабардор манбаларга кўра, дастлаб пиёз можароси сабаб очилган жиноят иши кейинчалик қўлга олинган бозорлар раҳбарларининг фаолиятини тафтиши билан давом эттирилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати ўтган йилнинг сентябрь ойи бошида пойтахтдаги ҳибсга олинган бозор раҳбарлари пиёз можаросидан ташқари яна бир қатор иқтисодий жиноятларда айбланаётганини маълум қилди.

Ушбу жиноят иши доирасида сентябрь ойида Тошкентдаги собиқ “Ипподром”¸ ҳозирги “Чилонзор буюм савдо комплекси”да ҳам текширув ўтказилиб, бозор фаолияти тафтиш қилинган эди.

Кейинчалик яна бир қанча бозорлар, жумладан, “Ўрикзор” бозори ва Тошкентнинг Изза мавзесидаги металл билан савдо қилувчилар бозорини ҳам солиқчилар босгани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG