2 декабрь куни Буюк Британия Германияда жойлашган BioNTech фармацевтика компанияси ва унинг АҚШдаги ҳамкори Pfizer ширкати ишлаб чиққан коронавирус вакцинасидан фойдаланишни маъқуллаган дунёдаги биринчи мамлакат бўлди. Британия расмийлари сўзларига кўра, вакцина кейинги ҳафтадан бошлаб тарқатилади.
Икки ширкат Британия ҳукумати қарори ҳақида Нью-Йорк ва Германиянинг Майнц шаҳарларида эълон қилди. Шу аснода коронавирусга қарши эмлаш Британияда Европа Иттифоқи ва АҚШдан олдин бошланишини кутиш мумкин.
Pfizer ширкати бош директори Альберт Бурла Британия ҳукумати қарорини «тарихий» деб атади.
«Бутун дунё бўйлаб юқори сифатли вакцинани айни суратда ва хавфсиз етказиб беришга эътибор қаратмоқдамиз», - деди Бурла.
Бу янгилик 1,5 миллионга яқин одам умрига зомин бўлган ва глобал миқёсда иқтисодий бўҳрон келтириб чиқарган коронавирус пандемиясига қарши курашда муҳим ютуқ ўлароқ кўрилмоқда.
Британия ҳукумати «Бугун ҳукумат мустақил Дори-дармон ва соғлиқни сақлаш маҳсулотларини тартибга солиш агентлигининг Pfizer ва BioNTech ишлаб чиққан COVID-19 вакцинасини тасдиқлаш борасидаги тавсиясини қабул қилди», дея баённома эълон қилди.
Британиянинг вакциналар бўйича қўмитаси қайси гуруҳлар биринчи навбатда эмланиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилади. Бундай гуруҳлар орасида қариялар уйлари ходимлари, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт ходимлари, қариялар ва клиник жиҳатдан заиф одамлар бор.
Pfizer ва BioNTech ширкатлари билан бир қаторда АҚШнинг Moderna биотехника фирмаси янги мессенжер РНК (мРНК) технологиясига асосланган вакцинани ишлаб чиқди. Клиник синовлар бу вакциналар 90 фоиздан ошиқ самарадорликка эга эканини кўрсатди.
Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэттью Хэнкокнинг айтишича, эмлаш жараёни келаси ҳафта бошларида йўлга қўйилади.
Хэнкок шифохоналар вакцинани қабул қилиб олишга аллақачон тайёр эканини айтди.
«Бу жуда яхши янгилик», - дея сўзини якунлади вазир.