Марказий Осиёда юзлаб одам фирибгарларга алданмоқда: улар ўзларини чет элда ишга жойлаштирувчи ажнабий фирмаларнинг вакили ёки воситачиси деб кўрсатиб, виза ва бошқа хизматлар учун фуқароларни мўмай пулга туширишяпти.
Тошкентда чет элда ишга жойлаб қўйиш ваъдаси билан соддадил фуқаролардан алдов йўли билан қарийб 50 минг доллар ундирган бир гуруҳ фирибгарлар фош қилинди, дея маълум қилган эди июнь ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.
Прокуратура хабарномасида урғуланишича, Ўзбекистон фуқаролари бўлмиш фирибгарлар одамларга Ғарб мамлакатлари элчихоналарида ишлайдиган танишлари орқали виза олиб беришларини айтиб, “хизмат ҳақи”ни олдиндан тўлашни талаб қилганлар.
Бунақа ҳолатлар қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам қайд этилган. Бу мамлакатларда фирибгарлар ўз хизматларини асосан ижтимоий тармоқларда реклама қилишади.
Иш топиб бериш ваъдаси билан фирибгарлик қилиш ҳолатлари мутлақо янгилик эмас, бироқ ҳукумат идоралари ва экспертлар ковид чекловлари юмшатилиб, хорижга чиқиш осонлашгани манзарасида сўнгги ойларда сохта фирмалар ва фирибгарлар сони кескин ошганидан огоҳлантиришмоқда.
Марказий осиёлик ҳимоясиз одамлар Россияда тузукроқ иш излаш асносида жиноятчиларга ўлжа бўлишяпти. Мамлакат Украинага бостириб кирганига жавобан Ғарбнинг аёвсиз санкцияларига йўлиққанидан сўнг миллионлаб мигрантларнинг даромадлари кесилди, иш топиш имкониятлари камайиб кетди.
Қирғизистонлик 150 дан зиёд мигрантнинг ҳар бири Европага катта ҳақ тўланадиган мавсумий ишга юборишни ваъда қилган Москвадаги хусусий ширкатга камида 1600 доллардан тўлаган ва пировардида пулига куйган.
Жабрланувчилардан бир нечаси Озодликнинг қирғиз хизмати билан суҳбатда Immigration 365 номли ширкат улардан гўё меҳнат визалари ва бандликни расмийлаштириш хизматлари учун олдиндан ҳақ тўлашни талаб қилганини айтди.
44 ёшли Ойзода Муродилова Immigration 365 ширкатига салкам 2 минг доллар тўлайди. Унга Европа мамлакатларидан бирида қишлоқ хўжалиги соҳасидан яхши иш топиб беришни ваъда қилишган экан.
“Аввалига февралда жўнаб кетасиз деб айтишганди, кейин мартга кўчди, сўнгра апрелга... Апрелда борганимда сизга таклифнома келди, ҳадемай учасиз, дейишди. Лекин таклифномани кўрсатишмади”, дейди Муродилова.
Ширкат Муродиловага визани Екатеринбургдаги консулхонадан олишни таклиф қилади. Аёл 1670 километр йўл босиб, Москвадан Екатеринбургга боради – ўша ерда унинг фирибгарларга алдангани маълум бўлади.
Қирғизистоннинг Москвадаги дипломатлари Муродилова ҳамда бошқа қирғизистонликлар фирибгарларни тутиш ва зарарни ундиришда ёрдам сўраб элчихонага мурожаат қилишганини тасдиқладилар.
Қирғизистон милицияси жорий йил биринчи чорагининг ўзида иммиграция билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари бўйича 32 та жиноят иши очган.
Фирибгарлар ўз қурбонларини асосан Европа, АҚШ, Канада ва Жанубий Кореяга ишга жўнатиш ваъдаси билан чув туширганлар.
Ноқонуний бандлик ширкатлар тобора кўпаймоқда
Сўнгги ойларда Марказий Осиёдан минглаб киши Буюк Британияда Брекзит туфайли юзага келган ишчи кучи танқислигини бартараф этиш учун мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига қонуний ёлланди.
Ишчилар учинчи томон – Британия фирмалари билан шартнома тузган расмий рекрутинг ширкатлари орқали танлаб олинди.
Бироқ Марказий Осиёдаги фирибгарлар бундан хабар топгач, ўзларини рекрутинг фирмаси вакиллари деб кўрсатиб, “Буюк Британияга ишга жўнатамиз”, деган мазмунда эълонлар тарқатишди.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ички ишлар идораларига кўра, фирибгарлар Буюк Британияга қулупнай теришга жўнатиш учун иш изловчилардан кўпинча 100 доллардан 1000 долларгача пул талаб қилишмоқда.
Бу Буюк Британиядаги айрим иш берувчиларни Марказий Осиёдаги потенциал ишчиларни фирибгарлардан эҳтиёт бўлиш ҳақида огоҳлантиришга ундади.
Хусусан, Британиядаги Fruitful Jobs ширкати Марказий Осиёдаги талабгорларни у билан шартнома имзолаган ягона рекрутинг фирмаси – AGRI HR орқали ариза беришга чақирди.
Марказий Осиё давлатлари расмийлари талабгорларга ишни қонуний фаолият юритаётган каналлар орқали излашни, рекрутинг ширкатларининг ваколатларини синчиклаб текширишни ва олдиндан ҳақ тўлашни талаб қилувчиларга ишонмасликни тавсия қилишмоқда.
“Лицензиясиз, ноқонуний фаолият кўрсатувчи ширкатлар сони тобора ошиб боряпти”, дейди Ўзбекистон Меҳнат вазирлигининг юқори мартабали мулозими Зоҳид Асқаров.
“Қонунга мувофиқ, фақат расман рўйхатдан ўтган ширкатларгина чет элга ишга жўнатиш ҳуқуқига эга, шу боис фуқароларимиздан пул тўлашдан олдин ширкатлар фаолиятини текширишни сўраймиз”, деди у Тошкентда ўтказилган анжуманда.
Экспертлар фикрича, фирибгарлар одамлар ишга жойлашиш ва виза олишнинг асосий қоидаларини, чет тилини билмаслигидан фойдаланиб қолаётганини айтадилар.
“Агар ширкат ишчи визасини икки ҳафтада олиб беришини, бунинг учун пулни олдиндан бериш кераклигини айтса, ҳушёр тортинг. Одатда ишчи визасини олишга уч ойдан олти ойгача вақт керак бўлади”, дейди Қирғизистондаги бандлик фирмаси ходими Дониёр Муканбетов.
Форум