Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:11

Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида милиция хусусий комбайнларни “ҳибс”га олди


Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида буғдой режасини бажарган фермерлар қолган ҳосилини ўриб олмаслиги учун барча хусусий комбайнлар милиция ходимлари томонидан “ҳибс”га олиниб, Машина-Трактор Паркларига (МТП) олиб бориб қўйилмоқда. Фермерларнинг айтишларича, уларнинг режадан орттирган ва шартнома бўйича ўзлариники бўлиши керак бўлган буғдойи, режанинг бажарилиши учун "захира" сифатида сақланмоқда.

Фарғона вилоятининг Фурқат туманидан фермер Очил Бегматовнинг айтишича, туман ҳокими комбайнларни “ҳибс”га олиш учун милиция ходимларини юбормоқда:

- Тумандаги барча комбайнларни қамаб қўйди. Фермерларнинг пландан ошиқча бир-бир ярим гектар буғдойи қолади-ку, мана шуни ўриб бермайсан деб, ҳамманикини қамаб қўйди. Фермер бечора 40-50 гектарга ғалла экади, уни давлатимизга топширади. Бир оз пландан ортиб қолганини ўзига ўриб оларди. Энди шуни ўрдириб бермайди, комбайнни беркитиб қўяди. Қачонки фермер гуруҳ бошлиғига 200-300 минг сўм берса, отряд бошлиқларига 2-3 қоп буғдой берса, ўшанда ўрдириб беради. Лекин мен бермадим, началник мелиса звонит қилди, вилоятдан одам келди. Йўқ, дедим. Комбайн меники, бор, қаерга борсанг боравер дедим, дейди Очил Бегматов.

Фермернинг айтишича, бу йил режани бажарган аксарият фермерлар ҳам ўзларига буғдой олиб қололмаган.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида ҳам “ҳибс”га олинган комбайнлар, фермерлар ва ҳокимлик ўртасидаги келишувдан сўнг озод қилинган.

Бу ҳақда исми сир қолишини сўраган оққўрғонлик фермер бундай дейди:

Бизда ҳам аксарият фермерлар режани бажаролмай қолди. Шунга туман бўйича ҳамма комбайнларни қамаб қўйишган эди. Вақт ўтяпти. Буғдой пишиб кетиб, тўкила бошлади. Биз, режани бажарган фермерлар, ҳокимлик билан келишишга мажбур бўлдик. Режани 110 қилиб бажардик. Кейин ҳар гектар ўрилмай қолган ердан бир тоннадан буғдой беришга рози бўлдик. Кейин комбайнларни озод қилишди”, деди оққўрғонлик фермер.

Ёғингарчилик ва занг касали

Фермерларнинг айтишларича, бу йил ёғингарчилик кўп бўлганлиги ва буғдойга занг касали тушгани боис буғдой режасини бажариш имконсиз бўлиб қолган.

Ҳар бир тумандан кўпи билан ўн-ўн беш фоизгина фермерлар буғдой режасини бажаришга муваффақ бўлган, холос. Ҳокимлар қолган фермерларга давлат режасини “ернинг тагидан топиб бўлса ҳам” бажаришни талаб қилмоқда.

Бироқ, фермерларнинг буғдой режасини бажаришига кўзи етмаган ҳокимлар, уларга нисбатан турли хил босимларни ўтказмоқда.

Жумладан, режани бажарган фермерларнинг шартнома бўйича ўзларига қолиши лозим бўлган буғдойни ҳам ўрдиргани қўймаяпти.

Ана шу мақсадда фермерларнинг хусусий комбайнлари вақтинча қамаб қўйилмоқда.

Фермерлар, режани бажармасликка сабаб бўлган сув танқислиги, табиий офатлар, ўсимлик касаллиги каби объектив сабаблар ҳокимият томонидан эътиборга олинмаётганидан шикоят қиладилар.

"Ғалла мустақиллиги"

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 90-йиллар ўрталарида "ғалла мустақиллиги"га эришиш сиёсатини бошлаб берди.

Ўзбекистон ғалла-дон етиштиришни ошириш, четдан импорт миқдорини камайтириш учун барча куч ва ресурсларни сарфлаб ҳаракат қилаётган эса-да, мамлакат ҳамон буғдой ва унни импорт қилиш бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.

Халқаро Дон Кенгаши (ХДК) ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда ўтган йилги мавсумда 7,1 миллон тонна ғалла йиғиштириб олинган ва яна қўшимча 2.2 миллион буғдойни четдан импорт қилган.

XS
SM
MD
LG