Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:21

Буғдой режасини бажара олмаган ўзбек фермерлари "Бангладеш"га мурожаат қилаяпти


Ўзбекистонда давом этаётган буғдой ўрими кампанияси, фермерларнинг айтишларича, қатағон суръатини олмоқда. Давлат режасини бажара олмаётган фермерлар маҳаллий ҳокимлар томонидан ҳақорат қилиняпти, калтакланяпти, қамоққа олиниш билан таҳдид қилинмоқда. Баъзи туманларда, фермерлар мол-ҳолини сотиб, бозордан буғдой сотиб олишга мажбур бўлмоқдалар.

Озодликка келаётган мактубларда буғдой ўриш кампанияси давомида фермерлар маҳаллий ҳокимлар ва милиция ходимлари томонидан тазйиққа учраётганликлари ҳақида хабар қилмоқда.

“Режани “Бангладеш”дан олиб бажаряпмиз”

Наманган вилоятининг Чуст тумани ҳокими буғдой режасини бажаролмаётган фермерларни режани бажарган фермерлардан буғдой сотиб олишга мажбур қилмоқда. Бу ҳақда маҳаллий фермерлардан бири Озодликка гапирди:

“Ҳоким бизга шундай шарт қўйган. Ўзингга бир грамм ҳам буғдой қолдирмайсан, ҳаммасини топширасан деяпти. Планинг тўлмаган бўлса, планни бажарган фермердан буғдой сотиб олиб топшир, деяпти. Бизда фермерлар орасида бир ибора пайдо бўлган. Фермерлар бир-биримизни кўрганда “планни бажардингми” деб сўраймиз. “Ҳа, Бангладешдан олиб бажардик”, дейди. Бангладеш дегани йўқ нарса, яъни йўқ жойдан топиб бажардик, дегани бу. Кимдир буғдой сотиб олиб беряпти, кимдир пулини нақд беряпти”, дейди фермер.

Чустлик бошқа бир фермер эса, планни бажара олмасликнинг объектив сабабларини ҳокимият инобатга олмаётганидан шикоят қилади:

“Бу йил ёғингарчилик кўп бўлгани сабабли буғдойга занг касали тушди. Айрим жойларда буғдой гулга кирган пайтда чириб кетди. Бошоқ зўр, сомон зўр, буғдой дабдала. Лекин бу сабабларни ҳеч ким эшитишни ҳам истамайди. Еринг тагидан бўлса ҳам топиб бажар, деяпти ҳоким. Қишлоқ хўжалиги бошқармаси агрономи Алишер Тожибоев бир фермернинг пахтасини дўл уриб кетгани учун акт қилиб берган экан. Сен нега бу фермерга акт қилиб бердинг деб, уни ва яна бир мутахассисни ишдан ҳайдаб юборди”, деди фермер.

Чустлик тадбиркорлардан бирининг айтишича, ҳоким ҳар бир ташкилотга ва катта дўконларга 400-500 килограммдан буғдой топшириш вазифасини юклаган.

Чуст тумани ҳокимининг ёрдамчиси Адҳамжон Озодлик билан суҳбатда, фермерларнинг иддаоларини қисман тасдиқлар экан, ташкилотларга буғдой солиғи солинганини инкор қилди:

- Тўғри, ёғингарчилик бу йил кўп бўлиб, планга сал зарар бўлди. Биз фермерларга буғдойни сотиб олиб бер демаяпмизу, лекин барибир планни бажариш керакда. Биз ҳам вилоятга ҳисобот берамиз. Энди, имконият даражасида буғдой топиб бажаринглар, деяпмиз. Боғбонларга мурожаат қилдик, ёрдам қилинглар, деб. Чунки улар боғларига буғдой эккан. Планини зўрға 30-40 фоиз қилган фермерлар ҳам борда, ахир. Энди уларга анақа қилмасангиз бўлмайди, эртага пахтада ҳам қийнайди, деди ҳоким ёрдамчиси.

“Режани бажармаган фермерларни участковойлар ҳокимга олиб боряпти”

Андижон вилоятининг Избоскан туманидан бўлган фермер ҳам, аксарият фермерлар давлат режасини бажаролмагани учун ҳар куни сўкиш эшитаётганини айтди:

“Кўплар қатори мен ҳам планимни бажара олмадим. Буғдойга касал тушгани бунга сабаб бўлди. Аксарият фермерларнинг аҳволи шундай. Участковойлар ҳар куни уйма-уй юриб плани тўлмаган фермерларни ҳокимнинг олдига олиб боряпти. Нуқул сўкиш эшитяпмиз, ҳоким планни бажармаган фермерлар устидан жиноят иши қўзғатаман деяпти. Тамоман безиб кетдик, фермер бўлганимизга минг пушаймон бўляпмиз”, деди исми сир қолишини сўраган фермер.

Избоскан тумани ҳокими Улуғбек Абдуллаевнинг телефони ўчирилгани боис, бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Жорий йилдан бошлаб Ўзбекистонда шартномада белгиланган планни бажаролмаган фермерларга нисбатан жарима миқдори кўпайтирилди.

Ҳукумат қарорига кўра, агар фермер шартномада кўрсатилган маҳсулотни топширишдан бўйин товлаган ёки топшира олмаган бўлса, ана шу топширилмаган маҳсулотининг 30 фоизлик нархи миқдорида жарима тўлайди.

Бироқ, фермерлар, режани бажармасликка сабаб бўлган сув танқислиги, табиий офатлар, ўсимлик касаллиги каби объектив сабаблар ҳокимият томонидан эътиборга олинмаётганидан шикоят қиладилар.

XS
SM
MD
LG