Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:27

Наманганлик боғбонларга ҳам буғдой топшириш мажбурияти юкланди


Наманган вилояти ҳокимининг топшириғига кўра, боғ ва токчилик билан шуғулланадиган фермер хўжаликлари ҳар гектар боғи ҳисобига 500 килодан буғдой топиб топшириши керак. Боғбонлар бозордан қиммат нархда буғдой сотиб олиб, арзон нархда ҳукуматга топширишга мажбур бўлмоқдалар.

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида боғбонларга ҳар гектар ери ҳисобига 500 килограммдан буғдой солиғи солинди.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган боғбонларга кўра, туманда буғдой режаси бажарилмаганининг оғирлиги уларнинг зиммасига юкланмоқда:

“Ассалому алайкум Озодлик. Яқинда хусусий боғлар ва токзорлар тугатилиб, уларнинг ўрнида фермер хўжаликлари ташкил қилинди. Мен ҳам ана шундай фермер хўжаликларидан бирининг раҳбариман. Туманда буғдой режаси бажарилмаётгани сабабли бизга еримизнинг ҳар гектари ҳисобига 500 килограммдан буғдой топширасан деб мажбурлашяпти. Бизнинг бундан бошқа ишимиз йўқми? Биз боғбон бўлсак буғдойни қаердан топиб берамиз?”, деб ёзади боғбонлардан бири.

Туманда токчилик билан шуғулланадиган бошқа фермер ҳам Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, бозордан буғдой сотиб олиб ҳукуматга топширишга мажбур бўлаётганини айтди:

“Бу йил ёмғир кўп бўлгани боис ғалла яхши бўлмади. Ҳоким энди бизга ёпишяпти. Ўзи планларимиз етарли бўлса, яна ғаллага бало борми? Қўймаяпти. Ҳар куни ҳокимиятга чақириб бошимизни оғритяпти. Мажбур бўлдик. Бозордан буғдойнинг ҳар килосини 800 сўмдан сотиб олиб, 460 сўмдан топширмоқдамиз. Улар бу ишлари билан кўзи қонга тўлиб турган одамларни президентимизга қарши қўймоқда”, деди боғбонлардан бири.

Озодлик манбаларига кўра, режани бажарган фермерларнинг ўзларига қолиши керак бўлган буғдойи ҳам тортиб олиниб, дон қабул қилиш пункти омборига олиб бориб қўйилмоқда.

Фермерларнинг арз-додларига жавобан, ҳокимият уларнинг ерлари тортиб олиниши билан таҳдид қиляпти.

Озодлик бу масалага муносабат олиш мақсадида Янгиқўрғон тумани ҳокимияти билан боғланди. Ўзини таништирмаган мулозим ҳақиқатан ҳам, боғбонларга буғдой солиғи солинганини тасдиқлади:

“Энди бу фақат бизда бўлаётгани йўқ. Бу йил ғалла масаласи бутун вилоятда ёмон бўляпти. Бу вилоят ҳокимининг топшириғи. Бошқа туманлардаги боғбонларга ҳам шундай солиқ солинган. Планни бажармасак, бўлмайди”, деди мулозим.

Наманган вилояти ҳокимлигидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Бундан бир неча кун аввал Наманган вилоятининг Чуст туманидаги боғбонларга ҳам ҳар гектар ер ҳисобига 500 килограммдан буғдой топшириш мажбурияти юклангани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Жорий йилдан бошлаб Ўзбекистонда шартномада белгиланган планни бажаролмаган фермерларга нисбатан жарима миқдори кўпайтирилди.

Ҳукумат қарорига кўра, агар фермер шартномада кўрсатилган маҳсулотни топширишдан бўйин товлаган ёки топшира олмаган бўлса, ана шу топширилмаган маҳсулотининг 30 фоизлик нархи миқдорида жарима тўлайди.

Бироқ, фермерлар, режани бажармасликка сабаб бўлган сув танқислиги, табиий офатлар, ўсимлик касаллиги каби объектив сабаблар ҳокимият томонидан эътиборга олинмаётганидан шикоят қиладилар.

XS
SM
MD
LG