Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:02

Бухородаги “Мурувват” уйи ҳамширалари ногиронларга муддати ўтган дорилар берилганини иддао қилди


Муддати тугаган Флусам дориси
Муддати тугаган Флусам дориси

Бухоро шаҳридаги “Мурувват” аёллар интернат уйидаги беморларга йиллар давомида муддати ўтган дорилар бериб келинган.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган интернат ҳамшираларининг айтишларича, руҳий хасталиги бўлган бемор аёллар кир-йиртиқ кўрпа-ёстиқларда ётган, янги кийимлар берилмаган.

Интернат ходимларининг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қилган шикоятидан сўнг, интернат директори ишдан олиниб, интернат ҳомийлик кенгашининг раиси вазифасига тайинланган.

Интернат бош ҳамшираси ва хўжалик булими мудири ўз вазифаларида қолган.

Интернат бош ҳамшираси муддати ўтган дориларни сақлагани учун жаримага тортилганини айтмоқда.

Бухоро шаҳридаги “Мурувват” аёллар интернат уйи ҳамшира ва санитаркаларидан Озодликка юборилган суратда “Алоэ” ва “Флусам” дорилари акс этган.

Муддати ўтган Алоэ дориси
Муддати ўтган Алоэ дориси

Озодлик суҳбатлашган ҳамшираларнинг иддао қилишича, интернат бош ҳамшираси Гулшан Раҳматова муддати ўтиб кетган бу дориларни беморларга беришга уларни мажбур қилган.

Интернатда 250 нафар ногирон аёл яшаб, даволанади.

Уларнинг аксарини руҳий хасталиги бор аёллар ташкил этади.

Уларга кечаю-кундуз 157 нафар ҳамшира ва санитаркалар навбати билан қарайди.

Исми сир қолишини сўраган ҳамширалардан бирининг айтишича, қиммат дориларнинг талон-торож қилиниши, беморлар озиқ-овқати сифатининг ёмонлиги, кўрпа ёстиқларнинг кир, йиртиқлиги ҳақида улар Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига шикоят қилганидан сўнг, май ойида текширув ўтказилган. Лекин асосий айбдорлар ишдан олинмаган:

“Бош ҳамшира бизларга қанақадир йўқ қиммат дориларни қилдик деб беморларни номига ёздириб оларди. Булар бу дориларни аптекадан олишганми ёки йўқми, буни билмаймиз. Биз бу ҳақда кўп жойларга мурожаат қилганмиз, лекин текширувчилар келса ҳам ҳаммасини бости-бости қилиб юборишди. Охирги марта ҳокимиятга мурожаат қилган эдик, лекин улар бир ой ичида сизларга хат билан жавоб берилади, деди. Лекин жавоб келмади”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа ҳамширанинг иддао қилишича, уларга муддати ўтган дориларни укол қилишга бош ҳамшира мажбурлаган:

“Мана шу муддати ўтиб кетган “Алоэ” уколи яқинда тўхтатилди. Узоғи билан икки ҳафтача бўлди. Биз расмга олдик эски дорини. Август ойида учта ўлим бўлди, кексалик, касаллик деб ёпиб юборишди. Уларга ҳам муддати ўтган уколлар қилинган. Лекин, эски дорилар уларни ўлимига ҳам сабабчи бўлган бўлиши мумкин. Буни энди ҳеч ким билмайди”.

Ҳамширанинг айтишича, собиқ директор Баҳодир Олтиев ишдан олинган бўлса ҳам, у ҳозиргача интернатни бошқариб келяпти:

“Уч ойча бўлди, директорни ишдан олишди. Лекин ҳеч нарса ўзгармади. Чунки у интернат ҳомийлик кенгашининг раиси бўлди. Ҳар куни шу ерда. Ўрнига директорликка қўйилган Алимардон Бобоев ҳам фақат унинг айтгани билан иш юритяпти. Тўғри, сўнгги ўн кунда эски дорилар берилиши тўхтатилди, беморларнинг постеллари янгиланяпти, лекин асосий айбдорлар бош ҳамшира билан хўжалик мудири ўз ўрнида ишламоқда. Ҳозир Олтиев сал ҳовурни босиш учун иккаласини ҳам таътилга чиқартириб юборган”.

Беморнинг кўрпа тўшаги
Беморнинг кўрпа тўшаги

Исми сир қолишини сўраган санитаркалардан бирининг иддао қилишича, хўжалик бекаси Муҳаббат Раҳимова беморларга инсондек муносабатда бўлмаган:

“Беморлар доим эскирган кийимларда юришади. Қачонки бир комиссия келмоқчи бўлса, янги кийимлар беришади. Комиссия кетганидан сўнг яна ечиб олишади. Ҳатто пайпоқлар ҳам пойма-пой бўлиб кетган. Яқинда бош ошпазни бир тоғора гўшт, гуруч, макарон маҳсулотларини олиб чиқиб кетаётганда ушладилар. Лекин у бош ҳамширанинг акаси бўлганлиги учун ҳеч нарса демадилар, ишлаб юрибди. Ёлғон бўлмасин, сўнгги ҳафтада беморлар косасида гўшт кўряпман. Биз бу ҳақда қанча шикоятлар ёздик, лекин келган текширувчиларни собиқ директор оғзини мойлаб жўнатмоқда”

Суҳбатдошнинг айтишича, Меҳнат кодексида жавобгарлик лавозимида яқин қариндошлар ишлаши мумкин эмас дейилган, лекин бу қоида интернатда амал қилмайди.

Интернатда беморлар хилма-хил пайпоқ кийишади
Интернатда беморлар хилма-хил пайпоқ кийишади

Озодлик билан суҳбатлашган бошқа бир ҳамшира эса, бош ҳамшира ва хўжалик бекаси жамоада носоғлом муҳитни юзага келтирганини айтади:

“Ўзидан катта ёшдаги ҳамшираларга жуда қўпол муносабатда бўлади. Муомала деган нарса йўқ. 11 йилдан буён бош ҳамшира бўлиб ишлайди, жуда ўзидан кетиб қолган. Бошқарма ҳам буларни ротация қилмайди. Рағбатлантиришда эса фақат ўзларига яқин одамларни ёзиб беряпти, тажрибали ҳамширалар эса четда қоляпти. Ҳамма норози бу иккисидан. Масалан, шаҳар ҳокимлиги ўтган йил 31 декабрда беморлар учун 500та янги йил совғаси берди. Бош ҳамшира бошчилигида бу совғалар ичи бўшатилиб, бир дона печене ва олма қолдирилган. Шоколад ва бошқа ширинликлар олиб қўйилган. Беморнинг ҳаққига кўз олайтирган одамдан бошқа нима ҳам кутиш мумкин”

“Мурувват” аёллар интернат уйи директори Алимардон Бобоев Озодликдан қўнғироқ қилаётганимизни эшитганидан сўнг алоқани узиб қўйди.

Интернат бош ҳамшираси Гулшан Раҳматова эса Озодлик билан суҳбатда беморларга эски дорилар берганини тан олди:

“Бу, тўғри, дориларнинг муддати ўтиб қолганлиги учун эътиборсизлик қилганман. Бунинг учун назорат инспекцияси май ойининг охирида келиб мени жаримага тортган. Ҳайфсан ҳам берилган”

Аммо интернат ҳамшираларидан бири, бу воқеадан кейин ҳам муддати ўтган дорилардан фойдаланилганини айтади:

“У ҳайфсанни шкафда дориларни беморларга бермай сақлагани учун олган эди. Лекин, бу кейин ҳам давом этган. Муддати ўтган “Алоэ” уколи беморларга яқинда қилингани ҳақида мен юқорида айтган эдим”.

XS
SM
MD
LG