Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:56

“Қадимий Бухоро”ни замонавийлаштириш билан президент сайëҳлар сонини кўпайтирмоқчи


Президент Шавкат Мирзиëев махсус қарор билан Бухорога хориж сайëҳларини кўпроқ жалб этиш мақсадида эски шаҳар қисмида “Қадимий Бухоро” номли замонавий марказ қуришга топшириқ берди.

Лойиҳа сармоядори сифатида асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов номи ҳам тилга олинган бу қарор ижроси устида иш бошланиши билан Бухородаги юзга яқин хонадоннинг ота-боболаридан қолган ҳовлилари бузилиш¸ қадимий Бухоро эса¸ хорижликларни чорловчи ўзига хослигидан ажраш таҳдиди остида қолди.

Бухорога қанча сайëҳ келади?

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Озодлик суҳбатлашган расмийсига кўра¸ 2016 йили Бухорога 70 мингга яқин хориж сайëҳи келган.

“Бу Бухородаги меҳнонхоналардан олинган маълумот асосида ҳозирланган статистика. Кўп хорижликлар Самарқанд¸ Бухоро ва Хивани кўришга келади ва меҳмонхонада тунамасдан¸ ўша куннинг ўзида қайтиб кетади. Лекин улар бу статистикага киритилмаган. Тахминимизча¸ 2016 йили Бухорога 130 мингга яқин хорижий сайëҳ келиб кетган”¸ деди қўмита мутахассиси.

(Қиëс учун – Прагага 2016 йилда 6¸05 миллион хорижлик сайëҳ келган – таҳр.)

Туризм соҳаси мутасаддиси¸ “Қадимий Бухоро” лойиҳаси¸ сайëҳлар сонини ошириш мақсадида қабул қилинган бўлса-да¸ унинг ижросига оид режаланаëтган чора-тадбирларда сайëҳлик қўмитаси тавсиялари кўп ҳам эътиборга олинмаëтганини айтди.

“Биз президент қарори ижросига алоқадор идоралардан биттасимиз¸ холос. У ерда яна қанча вазирлик ва идоралар бор. Бу лойиҳада асосий гапни¸ албатта¸ президент¸ ундан кейин маҳаллий ҳоким айтади.

Масалан¸ биз¸ хориж сайëҳларини кўпайтириш учун эски маҳаллаларни бузиб¸ ялтироқ меҳмонхона ва ресторанлар қурилсин¸ деб таклиф бермадик. “Қадимий Бухоро” учбурчагидаги ҳовлиларни бузиш¸ президент қарорининг 11-бандида кўрсатилган. Президентни бундай топшириқ беришга¸ тахминимча¸ маҳаллий ҳокимият кўндирган. Бизнинг ҳокимлар тарихий обидаларни асраб-авайлаш эмас¸ уларни бузиб¸ ўрнида ялтиллаган янгисини қуриш бўйича мутахассис бўлиб кетган”¸ деди қўмита мулозими микрофонсиз суҳбатда.

“Қадимий Бухоро” лойиҳаси билан сайëҳлар сони 1¸9 мартага ошадими?

“Қадимий Бухоро” лойиҳаси Бухорога келадиган хориж сайëҳлари сонини 2021 йилга қадар 1¸9 марта ошириш мақсадида режаланаëтган улкан ишларнинг бир қисми саналади.

Ўзбекистон туризм саноати мутахассислари Озодлик билан суҳбатда¸ хориж сайëҳларини кўпроқ жалб этишни¸ қадим шаҳарларни замонавийлаштириб¸ маҳаллий аҳолини шаҳар ташқарисига ҳайдаш эмас¸ балки улар учун визани бекор қилиш ва хориж валютасининг эркин олди-бердисини йўлга қўйишдан бошлаш лозимлигини таъкидладилар.

“Биз чет элликлар¸ хусусан¸ Ғарб сайëҳлари учун визани бекор қилиш таклифини бердик. Лекин “эртага Ўзбекистонга 5 миллион турист келса¸ уларни қайси аэропортда кутиб олиб¸ қайси меҳмонхонада тунатамиз¸ аввал инфраструктура қурайлик¸ кейин визани бекор қилайлик” деган идоралар президентнинг бу қарори ижросини кечиктирди. Хориж сайëҳини Ўзбекистон¸ хусусан¸ Бухорога келиш фикридан узоқлаштирадиган биринчи муаммо ўзи¸ виза муаммоси.

Иккинчиси¸ йўлига фалон пул сарфлаб келган немис ëки француз¸ пулини қаерда¸ қайси курсда алмаштиради. Давлат курсида алмаштирса¸ сафари янада қимматлашиб кетишини улар ҳам билади. Ҳақиқий курсда алмаштирадиган жой йўқ¸ қора бозорга бориш турист учун хавфли. Конвертация йўқлиги¸ валюта алмаштиришнинг очиқ-эркин эмаслиги¸ банкоматлар тизимининг йўқлиги сайëҳларни чўчитадиган асосий омиллардан яна биттаси.

Учинчиси¸ ғарблик сайëҳга Бухоро ë Самарқандда 5 юлдузлик меҳмонхона керак эмас¸ сайëҳнинг маҳаллий одамлар орасида¸ уларнинг анъанавий ҳаëт тарзида бир-икки кун бўлса ҳам яшаб кўргиси келади. Bed&Breakfast типидаги¸ тунаб¸ нонуштасини еб¸ чиқиб кетадиган уй-меҳмонхоналар кўпайса¸ ҳам маҳаллий аҳолига даромад манбаи очилади¸ ҳам маҳаллий солиқ ошади¸ ҳам сайëҳга қизиқ ва арзон қўноқ бўлади. Беш юлдузлик¸ ҳашаматли меҳмонхоналар ҳам бўлсин¸ уларнинг ҳам мизожи бор¸ лекин немис ëки автралиялик Бухорога 5 юлдузлик меҳмонхонада ҳордиқ чиқариш учун келмайди¸ у қадимий шаҳарни кўриб¸ унинг одамлари бугун қандай яшаëтганини ҳис қилиш учун шунча йўл босиб келади”¸ деди Ўзбекистон сайëҳлик тизими мутахассиси.

Бухорони кўрган хорижликлар қадим шаҳарнинг “замонавийлашув” эҳтимолидан хавотирда

Бухоролик тарихчи ва ҳуқуқшунос Шуҳрат Ғаниев “Қадимий Бухоро” лойиҳаси ҳақидаги хабарлар тарқалиши ортидан¸ қадим бу шаҳарни келиб кўрган хориждаги танишлари хавотирга тушганини айтади:

- Бу нафақат бухороликларнинг¸ балки умрида бир марта бўлса ҳам Бухорони келиб кўрганларнинг хавотирига айланмоқда. Узоқ давлатлардаги танишларимдан¸ Ню Йоркдан шунақа хатар борми¸ деб сўралган хатлар олаяпман. Бухорони кўрганларни ҳайратга солган нарса¸ шаҳарнинг инфраструктураси¸ йўллари эмас – йўллар дабдала¸ сувимизни ичиб бўлмайди. Аммо уларни ҳайратлантирган нарса қадимий шаҳарда ҳозиргача одамларнинг тарих билан уйғунликда яшаб келаëтгани. Бухоро¸ Самарқандга ўхшаб¸ тарихий обидалари ҳамма томондан бетон билан ўралиб¸ асфальт босилган шаҳарга айланмай келди. Бухоронинг тарих нафаси уфуриб турган¸ айни пайтда бугун ҳам жонли ҳаëт давом этаëтган юзи сақланиб қолди. Тарихий обидаларнинг ичида яшаб келаëтган инфраструктураси бор бу шаҳарнинг. Сайëҳ шуни кўриш учун¸ тарихнинг тирик қолаëтган тўқимасини ҳис қилиш учун келади бу ерга – асфальт йўллар ва ҳашаматли меҳмонхона бассейнида чўмилиш учун эмас¸ дейди бу суҳбатдош.

Туризмни ривожлантириш йўлида бир қадам олға¸ икки қадам орқага!

Ўзбекистон президентлиги ваколатларини вақтинча бажариш давридаëқ Шавкат Мирзиëев сайëҳликни ривожлантиришни устувор иқтисодий вазифалардан бири деб эълон қилди.

2016 йилнинг 2 декабрь куни Мирзиëев “Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон чиқарди ва “Ўзбектуризм» компаниясини тугатиб, ўрнида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этди.

Айни фармон билан муваққат президент 2017 йил 1 апрелидан 15 мамлакат ватандошлари¸ шунингдек 12 давлатнинг 55 ёшдан ошган сайёҳлари учун Ўзбекистонга кириш учун виза тартиби бекор қилишга топшириқ берди.

Аммо 22 декабрь кунги бошқа бир фармон билан президент Мирзиëев бу қарор ижросини 2021 йил 1 январга қадар кечиктирди.

Reuters агентлиги ўз дипломатик манбаларига таяниб¸ бу қарорнинг МХХ раиси Рустам Иноятов босими остида бекор қилинганини хабар қилди.

XS
SM
MD
LG