Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:40

Бухоролик 28 тадбиркор вилоят ҳокимини президент сиëсатини “саботаж" қилишда айблади


"Дилкушо" бозорининг бузилиши оқибатида 300 дан ошиқ тадбиркор ишсиз қолгани ҳақида ёзди Озодликка мурожаат қилганлар..
"Дилкушо" бозорининг бузилиши оқибатида 300 дан ошиқ тадбиркор ишсиз қолгани ҳақида ёзди Озодликка мурожаат қилганлар..

Озодликка мактуб билан мурожаат қилган 28 нафар бухоролик тадбиркор вилоят ҳокими Ўктам Барноевни президент Шавкат Мирзиëев бошлаган хусусий мулк ва тадбиркор ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш сиëсати¸ шу йўналишда қабул қилинган қонун ва қарорларга қарши чиқаëтганликда айблади. Вилоят ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган масъули эса¸ аксинча¸ ҳокимнинг айнан президент сиëсатини амалга татбиқ қилиш билан бандлигини билдирди.

Озодликка мурожаат қилган тадбиркорлар¸ ўз хавфсизликларига таҳдид туғилишидан чўчишлари¸ шу боис¸ ўз шахслари сир қолишини истади. Вазият бутун бўй-басти билан тушунарли бўлиши учун тадбиркорлар мурожаати матнидан бир неча катта парчани асл ҳолида келтирамиз.

“Бухоро вилоятида аҳоли¸ айниқса¸ тадбиркорларнинг эртага бирор ишни бошлашга давлат органлари, ҳокимият ва қонунларга ишончсизлик туфайли умуман қўли бормаётганлигини кўриш мумкин. Бундай ҳолатга вилоят ҳокими Ўктам Барноевнинг ғайриқонуний, қўпол ва ўзи ва ошна-оғайниларини манфаатини кўзлаб Президент номидан гапириб «саллани ол деса каллани олиш» қабиласида иш тутиши ва шу борада ҳуқуқ-тартибот ва ҳаттоки судларни ҳам ўзига “юқоридан айтилган топшириқ” деб бўйсундириб¸ ўта қўпол ва адолатсизларча иш олиб бориши сабаб”дир деб бошланади тадбиркорлар мурожаати.

1-эътироз: «Ҳоким 17 та балиқчи фермердан 16 тасини бир кунда хонавайрон қилди”

Бухоро вилояти ҳокимига нисбатан билдирилган бундай кескин танқидга асос сифатида тадбиркорлар ҳокимнинг аҳоли орасида эътирозга сабаб бўлган бир неча ҳаракатини келтирадилар.

“Масалан¸ шу 2017 йил май ойининг 5-кунидаги 261-сонли биргина қарорига асосан 17 та балиқчилик фермер хўжалигининг 16 тасини ҳеч гап-сўзсиз¸ қонунларни оёқ-ости қилиб бекор қилганлиги, шу 16 фермер ва унинг фарзандлари, ҳамда унда меҳнат қилаётган мутахассис, оддий ишчи ва бошқалар¸ жами тахминан 100 дан зиёд оилани ва 500- 600 дан зиёд инсонларни ишсиз қолдириб, давлат ва қонунга бўлган ишончини бутунлай йўқотди, қолаверса шу кўлларни ҳеч қандай асоссиз бошқаларга бериши¸ хусусан Тошкентдан келиб кўлни тушунмайдиган ўз таниши Жамол деган (Тошкентда ресторанлари бор экан) шахсга манфаат эвазига 10 минг гектар кўлни берганлигини, халқ билиб турганидан хулоса қилса бўлади.

Бунинг ҳаммасини Президент 10-11 март кунлари Бухородаги ташрифлари чоғида шахсан айтганлар¸ деб халқ оғзини ёпмоқдалар.

Лекин Президентимизнинг Бухородаги ташрифлари протоколида самарасиз ишлаётган айрим балиқчилик фермерларини назарда тутиб, шуларни ривожлантиришга ёрдам бериш¸ агар бажариб билмаса¸ кескин чора кўриш белгиланган, бир кунда бу фермерларни хонавайрон қил¸ деб айтмаган. Эндиликда уларнинг мулклари ҳаммаси кўлларда қолиб кетди”¸ дейилади Бухоро вилояти ҳокими қарорларидан бирига эътироз билдирган тадбиркорлар гуруҳи.

2-эътироз: “Зарафшон” меҳмонхонасини давлатга қайтариш баҳонасида ўнлаб тадбиркорнинг хусусий мулкини тортиб олишди”

“Президентимизнинг Бухородаги ташрифлари Протоколининг “V. Геология, ёқилғи-энергетика, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси бўйича”деб номланган бобининг 77-бандида:

Бухоро шаҳар “Зарафшон” МЧЖга тегишли Зарафшон меҳмонхонаси бўш ётганлиги учун кўриб чиқиб, таъмирлаб, тўла қувватда ишлатмаса¸ давлатга кайтариш масаласи қўйилган.

Лекин шу меҳмонхона атрофида обод ва тўлиқ ишлаётган ўнлаб тадбиркорларнинг ҳам хусусий мулкини судларга Президент топшириқлари, деб умуман ғайриқонуний қарор чиқариб, олиб қўйилиши натижасида юзлаб оилалар ишсиз қолганлиги ва бу тадбиркорлар ўз мулкидан адолатсиз айрилганлиги, бу халқ ишончини қозонишми?”

3-эътироз: Бухоро марказидаги энг гавжум бозорни чўлга айлантиришди¸ энди қуришга пуллари йўқ!”

"Бухоро шаҳридаги “Дилкушо” бозоридаги 300 га яқин тадбиркорлар мулки ҳисобланган дўконларнинг уларга қонун асосида мулк эвазига тўлов тўланмасдан ва жой ажратмасдан бузиб юборилиши, гапирсанг қаматаман, деб қўрқитишини халқ қандай тушунсин? Бу 300 га яқин тадбиркор орасида банкдан кредит олганлари, ҳаттоки айримлари яшаб турган уйини сотиб иш ўрни бўлади¸ деб дўкон қурганлар бор ахир, мана шулар тирикчилик килиб юрган оила аьзолари ва ёрдамчи ишчилар 1000 лаб аҳоли таъбирида, қонун устуворлигини, хусусий мулк давлат ҳимоясида эканлигини энди тушинтириб бўладими, буларни адолатга ва эртага ишончининг баҳоси қанча? “Дилкушо” бозорида ишлаган тадбиркорларнинг 70 фоизи 4 ойдан буён ишсиз. Қани янги бозор? Айтишларича, катта бозор қураман, деган миллионер хам бозор қуриш фикридан кайтган. Айни пайтда “Дилкушо”да ҳеч қандай қурилиш ишлари бўлмаяпти. 4 ой Бухоро ғазнасига “Дилкушо”дан солиқ ҳам кирмаяпти.

Бундай мисолларни Бухорода кўплаб келтириш мумкин. Ачинарлиси - булар ҳаммасининг муҳтарам “Президентимиз шахсан берган топшириқ” деб қайд этилиши. Ахир тушунтирса халқ ва тадбиркорлар тушунишади, хатоси бўлса¸ тузатишади. Қонуний йул тутса бўладику!”

Ҳокимлик жавоби

26 июль куни Озодлик бухоролик табдиркорлар шикоятига муносабат сўраб Бухоро вилояти ҳокими қабулхонасига боғланди¸ аммо ҳоким кабинетида эмаслиги важидан¸ у билан гаплаша олмади.

Вилоят ҳокимининг иқтисодиëт ва тадбиркорлик масалалари бўйича масъул биринчи ўринбосарининг Тошкентда экани ва ундан ҳам тадбиркорлар шикоятига муносабат олишнинг имкони йўқлиги айтилди.

Ҳокимликнинг тадбиркорлар тилга олган жараëнлардан бевосита хабардор мулозими¸ Ўктам Барноев амалга ошираëтган ҳаракатларнинг ҳаммаси президент қарорларига асосланганини билдирди.

“Биринчиси¸ балиқчилик бўйича. Президентимизнинг балиқчилик комплекси бўйича аниқ талаблари бор. Фалонча иш ўрни яратилади¸ имтиëзли кредит ажратилади¸ унга уч ëки тўрт йиллик муддат берилади¸ дейилган. Шу муддат ичида мақсадли фойдаланмаса¸ автоматически ундан тортиб олиб¸ тендерга қўйишга¸ ким ютиб чиқса¸ шунга беришга мажбурмиз. Инвестиция бўйича бизга махсус топшириқлар келган¸ биз шуларга амал қилаяпмиз.

Иккинчиси¸ Зарафшон меҳмонхонаси. Бу инвестиция дастурига киритилган эди. Буни тадбиркор имтиëзлари билан олиб¸ анчадан бери ҳеч нарса қилмаган¸ ҳудудни ишлатмаган. Дастур бўйича у бу ерда янги иш ўринлари яратиши керак эди. Бу жуда катта бино¸ у биринчи этажни бошқа тадбиркорларга арендага бериб¸ шу бўйича солиқ тўлаб келган¸ лекин асосий мажбуриятини бажармаган. Президент талаб қўйдилар – льгота билан сотиб олиб¸ ишлатмаëтган бўлса¸ тортиб олиб¸ тендер қилингда¸ ташаббус кўрсатган тадбиркорга имтиëзли қилиб беринг¸ дедилар. Бу бутун республикада бўлаëтган нарса. Шунинг учун “Зарафшон” комплекси тортиб олинди¸ унга нарх қўйилди¸ ҳозир тендерга қўйилган – ким олса¸ марҳамат. Лекин унинг атрофида хусусий дўкон йўқ. Биз хусусий мулкни қандай тортиб оламиз¸ прокуратура ҳимоя қилади уни.

Учинчиси¸ “Дилкушо” деҳқон бозори бўйича. Бу бозор президентимизнинг бозорларни тартибга солиш¸ уларни замонавийлаштириш бўйича чиқарган қарорлари асосида бузилди. Ҳозир замонавий¸ узоқ ўн йилларга хизмат қиладиган янги бозорнинг лойиҳа-сметаси кўрилаяпти¸ олдингиси замонавий талабга жавоб беролмаги учун ўтмади. Давлатнинг пули чегараланган¸ шунинг учун бу лойиҳа ҳам тендерга қўйилади. Қайси тадбиркор ютиб чиқса¸ қуради. Дўкони бузилган тадбиркорларнинг ҳаммасини ЦУМга¸ Колхоз бозорга кўчирганмиз. “Дилкушо”даги бирорта тадбиркор кўчада қолгани йўқ. Сизга 70 фоиз¸ дейилганлар бозорқўм билан келишиб¸ ноқонуний ишлаб келган аламзадалар бўлиши мумкин".

Бухоролик тадбиркор изоҳи

Озодлик бухоролик 28 нафар тадбиркро номидан ëзилган мурожаат ва унга нисбатан ҳокимлик расмийси берган жавоблар мазмуни юзасидан Бухородаги йирик тадбиркорлардан бири билан гаплашди.

Озодликка йўлланган мурожаатга алоқаси йўқ бу тадбиркор¸ ҳокимлик жавоби эмас¸ тадбиркорлар эътирозлари асосли эканини таъкидлади.

“Шаҳар марказидаги бозорни ҳаммани қўрқитиб¸ террор қилиб бузишди. Энди қуришга пул йўқ. Бухорода бир неча заправкаси бор бойваччага таклиф қилишган экан¸ у ҳам ҳокимият 51 фоизига эгалик қиладиган бу бозорни қуриб¸ куйиб қолишдан қўрқиб¸ кўнмади.

Бозор бузилганидан кейин ишсиз қолган тадбиркорларга жой бердик¸ деган гап ҳам ëлғон. На жой¸ на компенсация, на ер берилди. Бир-иккита ит топмас жойларни таклиф қилишди¸ лекин у ҳам оғизда қолиб кетди. Бухорода тадбиркорларнинг қаттиқ босимда қолгани бор гап. “Буздираман”¸ деган гап ҳоким Барноевнинг асосий қуролига айланган. Энди тадбиркорлар¸ буздирмасин¸ деб пора ташийдиган бўлиб қолган. Вазият ҳеч ҳам яхши эмас”¸ деди Озодлик билан хавфсизлик нуқтаи назаридан шахси сир қолиш шарти билан гаплашган йирик тадбиркорлардан бири.

XS
SM
MD
LG