Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:59

Самарқандлик бюти-блогер ўлими: бахтсиз ҳодисами ё маиший зўравонлик?


Гўзал Маҳматқулова/Instagram.
Гўзал Маҳматқулова/Instagram.

Таниқли бюти-блогер ва косметолог Гўзал Маҳматқулова 8-қават деразасидан тушиб кетиб, ўлди. Фожиа Самарқандда, 12 декабрга ўтар кечаси содир бўлган. Расмийлар марҳума ўз жонига қасд қилганини айтишмоқда, аммо яқинлари бунга ишонишмаяпти. Айрим тахминларга кўра, ҳодиса маиший зўравонлик оқибатидир.

Гўзал Маҳматқулова 23 ёшда эди. У Instagram’да бюти-блог юритар ва обуначиларига визаж ва тери парваришлашни ўргатарди. 150 минг нафарга яқин фолловерлар қизнинг нафақат ёшлар, балки гўзаллик индустриясининг профессионаллари орасида ҳам танилишини таъминлади. Унинг аккаунти рангдор роликлар ва чиройли манзараларга тўла.

Бироқ, “НеМолчи.уз” лойиҳаси фаоллари айтишича, қиз сиртдан шўх-шодон кўрингани билан оилавий ҳаёти мураккаб ва нотинч бўлган; бир неча марта яқин қариндошларининг жисмоний ва руҳий зўравонлигига учраган – фожеий ўлим сабабларидан бири шу бўлиши мумкин.

Қизнинг ўлими видеога тушган. 12 декабрга ўтар кечаси Самарқандда кимдир Гўзал саккизинчи қаватдаги хонадон балконидан йиқилганини тасвирга олади. Видеода балконга осилиб турган қизнинг қўлидан бир йигит тутиб тургани акс этган. Йигит баланд овозда учгача санагач, қизга “сакра” деб қичқиради. Қиз, афтидан, 7-қаватдаги балконга сакрамоқчи бўлади, аммо пастга қулаб кетиб, ҳовлида қантариғлиқ автомобил томига тушади.

Воқеа гувоҳлари маҳаллий телеканаллар билан интервьюда видеодаги йигит қизнинг укаси эканини, у опасини қутқармоқчи бўлганини, аммо тутиб қола олмай, қуйи қаватдаги балконга сакрашни айтганини сўзлаб беришди.

Гўзал 2024 йилнинг баҳорида турмушга чиқиб, эри билан бирга қайнотасининг уйида яшаган. Бироқ бир неча ойдан сўнг эрининг хонадонидан кетиб, укасининг ижара квартирасига кўчиб келган.

Юз берган воқеадан сўнг ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамалар бошланди.

“Немолчи.уз” лойиҳаси муаллифлари қиз ихтиёрий равишда ўз жонига қасд қилганини шубҳа остига олишмоқда.

“Марҳума маиший зўравонликка учрагани аён, балки ўлимига шу сабаб бўлгандир. Қизни ўзини ўлдиришгача олиб боришган, деган тахминлар бор”, дейилади Ўзбекистондаги гендер зўравонлигига қарши лойиҳа хабарида.

“Қиз унга қандай муносабатда бўлишаётгани ҳақида ёзган ўнлаб скриншотлар мавжуд. У камситишлар, руҳий зўравонлик, эрининг хиёнатлари ҳақида гапирган. Инсонни шунчалар хўрлаш мумкинми? Ҳақиқат барибир юзага чиқади!” дея урғуланади лойиҳа изоҳида.

Шундай ёзишмалардан бирида Гўзал ўз турмушини тасвирлар экан: “Ўлсам керак, шунда енгилроқ бўлади”, дейди. Бошқа ёзишмасида эса “асаббузарликлар туфайли” ҳомиласи тушганини айтади ва кўкарган жойлари фотосуратларини қолдиради.

Шунингдек, Гўзал қайнонаси унга ҳам руҳан, ҳам жисмонан зулм қилаётганидан шикоят қилган.

Дугоналари билан шахсий ёзишмаларида фақат укасига кўнглини оча олишига иқрор бўлган: “Бу гапларни фақат укамга айтаман, ойимга лом-мим демайман. Янги келин бўлган пайтларимда курсдош дугоналарим опанг юз-кўзлари кўкариб юрибди, деб укамга ёзиб юборишганди”.

Ижтимоий тармоқларда бу иш бўйича тергов қанчалик холис бўлиши хусусида қизғин мунозара кўтарилди. Гап шундаки, Гўзалнинг эри юқори мартабали одамлардан бирининг ўғли. Қизнинг яқинлари куёв томон шундан фойдаланиб терговга таъсир ўтказиши мумкинлигидан хавфсирамоқда. Аввалроқ ушбу воқеани ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилган айрим таниқли шахслар тергов бўлаётганини рўкач қилиб ортиқ изоҳ беришдан бош тортаётгани манзарасида ушбу хавотирлар янада кучайди.

13 декабрда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Гўзал Маҳматқулова ўлими бўйича суд-тиббиёт экспертизаси тайинланганини, иш холис ва ҳар томонлама тергов қилинишини, ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ўрганилишини маълум қилди.

Бош прокуратура хабаридан сўнг тармоқда Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси баёнотининг скрин қилинган сурати тарқалди. Самарқанд шаҳридаги 9-сонли ички ишлар профилактика бўлими инспектори О.Қаҳрамонов имзолаган ҳужжатда “ўтказилган дастлабки суриштирув натижасида аниқланишича, Гўзал Маҳматқулова илгари бир неча марта ўзини ўлдиришга урингани” ҳақида сўз боради.

Аёлларга қарши зўравонлик ва тармоқлардаги жанг. Блогер Ақида Ханум билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:29:03 0:00

Гўзалнинг яқинлари бу каби баёнотларда ишни “босди-босди” қилиш ҳаракатини кўришмоқда. Кўпчилик “агар кимдир қизни жонидан тўйдирган бўлса ҳам айбдор жазоланмай қолади”, деган фикрга келган.

Қатор фаоллар ва таниқли шахслар ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларида шаффоф тергов ўтказишга чақирди. Улар орасида хонанда Муниса Ризаева, “НеМолчи.уз” лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко ҳам бор.

Айни чоғда Гўзалнинг дўстлари ва танишлари “ушбу мавзуда гапириш тақиқланган”ини айтиб, журналистлар билан мулоқотдан бош торта бошладилар. Олдинроқ зўравонликка қарши курашда бирлашишга чорлаб постлар қолдирган блогерлар орасида ҳам шунақа ҳолат кузатилганди. Улар изоҳ бериш ҳақидаги илтимосларга “тергов натижаларини кутиш керак”, дея жавоб қайтарадиган бўлишганди.

Ўзбек интернетида Гўзалнинг ўлимини ўз эри – Қозоғистоннинг собиқ иқтисодиёт вазири Қувандиқ Бишимбаев томонидан ўлдирилган Салтанат Нукенова фожиасига қиёслашмоқда. Жамоатчилик суд жараёни Салтанат ишида бўлганидек очиқ-ойдин бўлишини талаб қилаётир.

Руководитель фонда «НеМолчиKZ» Дина Смаилова
«НеМолчиKZ» фонди раҳбари Дина Смаилова.

Қозоғистонда зўравонликка учраган аёлларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи “НеМолчиKZ” фонди раҳбари Дина Смаилова Бишимбаев иши катта ижтимоий резонанс кўтаргани ҳақида гапираркан, бу “нафақат фаолларнинг саъй-ҳаракатлари, балки президент ва бошқа хизматларнинг аниқ сиёсий иродаси натижаси” бўлганини айтади. Смаиловага кўра, жамоатчилик фожиани қизғин муҳокама қилиб, кўплаб фуқаролар қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдиргач, мамлакатда аёлларга нисбатан зўравонлик муаммосига эътибор ортган.

Смаилова мазкур иш атрофидаги фаоллик қариндошлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан чекланмаганини таъкидлайди.

“Бишимбаев ишида фақат қариндошлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари фаоллик кўрсатишганида, бу қадар резонанс бермаган бўларди”, дейди у.

Оилавий муаммоларга ихтисослашган тошкентлик психолог ҳам “бу каби фожиалар ҳақи сукут сақлаш вазиятни фақат чуқурлаштириши”ни айтади.

“Оиладаги зўравонлик – хусусий муаммо эмас, балки ижтимоий эпидемиядир. У ҳақида очиқ гапирмас эканмиз, шунга ўхшаш вазиятларда қолганларга ёрдам бера олмаймиз”, дейди исми сир қолишини истаган суҳбатдошимиз.

Расмийлар ҳозирча бюти-блогер ўлимини “ўз жонига қасд қилиш” деб аташмоқда. Бироқ психолог эътиборни тортишга уриниш ортидан келиб чиққан фожиявий тасодиф ёки маиший зўравонлик манзарасида ўз жонига қасд қилиш каби бир неча тахминни илгари суради.

Вазиятнинг бутун оғирлигини тушуниш ва келгусида бу сингари фожиаларнинг олдини олиш учун барча эҳтимолларни чуқур таҳлил қилиб кўриш лозим, урғулайди эксперт.

XS
SM
MD
LG