Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:45

Ингушлар Чеченистон билан ер алмашувидан норозиликларини давом эттирмоқда (ВИДЕО)


Рамзан Қодиров ва Юнус-Бек Евкуров шартнома имзолаш пайтида. 26.09.2018.
Рамзан Қодиров ва Юнус-Бек Евкуров шартнома имзолаш пайтида. 26.09.2018.

Бир неча кундирки Ингушетия пойтахтида Чеченистон билан ер алмаштирилишига қарши оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда.

Ингуш фаоллари фикрича, алмашув тенг бўлмаган.

Норозилик акцияларини тўхтатишни талаб қилган Рамзан Қодировнинг “Урушадиган бўлсак – урушиб қўяверамиз” деган сўзларидан ғазабга келган ингушлар Чеченистон президенти сўзларини таҳдид сифатида қабул қилди.

Россиянинг Ингушетия республикаси пойтахти Магасда Чеченистон билан ер алмашув ҳақида 26 сентябрь куни ҳукумат раҳбарлари имзолаган келишувга қарши норозилик акциялари авж олмоқда.

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров ва Ингушетия раҳбари Юнус-Бек Евкуров ўртасида имзоланган маъмурий чегаралар тўғрисидаги келишув 4 октябрь куни парламентлар томонидан ратификация қилинди.

Бироқ, агар Чеченистонда депутатлар бу ҳужжатни бир овоздан қабул қилган бўлсалар, Ингушетия парламентининг 25 вакилидан 17 нафари уни ратификация қилишдан бош тортгани маълум бўлди.

Ингуш фаоллари ер тенг алмашилмагани ва бу келишувда ингушлар ҳақлари бузилгани, шартнома чечен раҳбариятига фойдали эканини гапирмоқда. Маҳаллий “Яблоко” партияси вакили Руслан Муцолгов сўзларича, аслида бу келишувни фақат 5 депутатгина қўллаб-қувватлаганини эълон қилди.

- Республика ҳукумати халқни "тенг алмашилди" деб алдаяпти. Малгобекда чегарани бир амаллаб текислашди. Аммо жануби-шарқда бериб юборилган ерлар - бу Эрзи қўриқхонасидаги 20 минг гектар қалин ўрмонку! - деди аҳоли нимага норозилигини тушунтирган Руслан Муцолгов.

Ингушлар бу ерларнинг чеченларга берилишига қарши чиқди. 26 сентябрь кечки пайт Магасга Россия Миллий гвардияси ва полиция қўшинлари киритилди.

29 сентябрдаги Магасдаги митингда 13 киши ОМОНчилар томонидан қўлга олинди. Бироқ, оммавий норозилик акцияси давом этмоқда: юзлаб одамлар парламент олдида туну-кун тургани хабар қилинди.

4 октябрь куни Ингушетия парламенти олдида йиғилган оломон олдига чиққан президент Юнус-Бек Евкуров парламент биноси олдидаги майдондан “болалар ва қарияларни” олиб кетишга чақирди.

- Эртага улар қаерда эканини билмаган эдим, деб ўтирманг. Гапларимни ҳаммани эшитиши ва тушунишини сўрайман, деган Евкуровни митингчилар тошбўрон қила бошлади.

Бунга жавобан президент ва ҳукумат расмийларини қўриқлаётган полиция осмонга қарата ўқ отди.

Айни пайтда, Ингушетия Конституциявий суди аҳоли томонида туриб, Чеченистон билан келишув референдумга олиб чиқилиши кераклиги тўғрисида баёнот берди.

Ингушетия аҳолисининг давом этаётган норозилигига жавобан, Чеченистон президенти Рамзан Қодиров “Грозний ТВ” орқали чечен тилида қуйидагиларни гапирди:

- Қанақа халқ? Таҳдидни кўрмаган қўрқмайди, албатта. Хафв-хатар пайдо бўлса оёқлари қалтираб қолади, акс ҳолда иссиқ диванда ўтириб ёзаверади. Бекорчи гапларни гапирманг. Ҳеч бўлмаса, Чеченистон Республикаси ва халқига қарата. Жавоб беришга тўғри келади.... Оллоҳнинг номи билан сўрайман - ўзингизга муаммо яратиб ўтирманг. Урушадиган бўлсак – мени бу ҳам қониқтираверади. Кучим етса – таъзирини бераман. Кучим етмаса – сиз ўқингизни олинг. Керак бўлса бағрикенгликни ҳам, очиққўлликни ҳам кўрсата оламиз. Аммо бемаъни гапларни гапираётганлар ҳам ўз ўрнини топади.

Бу гапларни айтган Рамзан Қодиров, айни пайтда “ингуш ва чеченларни “биродарлар”, деб атаган.

Эфирда ҳукумат ва жамоатчилик раҳбарлари олдида чечен тилида сўзлаган бу нутқини Ингушетия аҳолиси “қуролли тўқнашув таҳдиди” дея баҳолади.

Бироқ, Чеченистонда Қодиров сўзлари ингуш халқига қарата айтилмагани ва “бемаъни гапларни олиб бораётган айрим шахсларга” қаратилганини билдиришди.

Ингуш журналисти, жамоатчилик фаоли Изабелла Евлоева ўзининг Фейсбук саҳифасида Қодиров сўзларини бошқача талқин қилишнинг иложи йўқлигини билдирди.

- Чеченистон республикаси раҳбари энди нафақат “ўзиникиларга”, балки қўшни республикада яшовчиларга таҳдид қилмоқда, деб ёзди.

Можаро тарихидан...

Чечен-Ингуш автоном ССР 1991 йилда тарқалиб кетганидан бери икки янги республика орасидаги чегара аниқланмай қолиб келаётганди.

2018 йилнинг 26 сентябрида икки давлат ўртасида имзоланган ҳужжатда Чеченистоннинг Надтеречний туманининг бир қисмини Ингушетия, Ингушетиянинг Малгобек туманининг бир қисмини Чеченистон олиши кўзда тутилган.

Майдонга митингга йиғилган ингушлар намоз пайтида
Майдонга митингга йиғилган ингушлар намоз пайтида

Чеченистон вакиллари икки республика ўртасида “экин-тикин қилинадиган бироз ер-мулклар”дан ташқари деярли ҳеч қандай “баҳсли ҳудудлар” йўқлигини гапирса, мустақил экспертлар икки республика чегарасида ҳар иккала миллат вакиллари яшовчи қишлоқлар борлиги ва бу мулклар “уники ёки буники” дейиш миллатлараро низога олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантириб келган.

2013 йилда Рамзан Қодиров Сунжен туманининг бир қисми Чеченистон таркибига киритилгани тўғрисида чиқарган қарори ингушларнинг норозилигини келтириб чиқарган эди. Жорий йилнинг августида шу тумандаги ингушларнинг Аршти қишлоғида Чеченистон Ички ишлар вазирлиги ЙПХ пости ўрнатилгани ҳам аҳоли қаршилигига учради.

Айни дамда, вазият нима билан якунланишини кутаётган расмий Кремль ўз мулоҳазаларини билдираётгани йўқ.

- Биз у ерда муайян ички танглик борлигини биламиз. Албатта, президентимиз керакли маълумотни олаяпти, шу билан бирга, ҳодиса жойида амалий ишлар олиб борилаяпти. Шу сабабли бирор ташҳис қўйишга ҳали эрта, деди Дмитрий Медведев.

Жума, 5 октябрь куни Ингушетия пойтахти марказида маҳаллий имомлар чақириғи билан аҳоли тўпланиши давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG