Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:29

Чегара билмас мухбирлар: Россия эркин матбуотни “йўқ қилмоқда”


Чегара билмас мухбирлар (RSF) ташкилоти Россияда мустақил оммавий ахборот воситалари “аста-секин йўқ бўлиб бораётгани” ҳақида огоҳлантириб, президент Владимир Путинни Озодлик ва бошқа нашрларга қарши қўлланаётган “хорижий агент” қонунини бекор қилишга чақирди.

Ташкилот 16 июнь куни баёнот эълон қилиб, қароргоҳи Россияда жойлашган “Vtimes” нашри йўқ қилингани ва Латвиянинг “Медуза” каби бошқа оммавий ахборот воситаларига солинаётган таҳдидларни санаб ўтди.

“Оз сонли мустақил оммавий ахборот воситалари расмийларнинг кучайиб бораётган босимидан омон қолишга муваффақ бўлди”, дейилади баёнотда.

Унда “Дождь ТВ”, Шимолий Кавказдаги “Фортанга” ва “Черновик” телеканаллари ҳамда Калининградда жойлашган “Новые колёса” нашрига қарши “қўрқитиш уринишлари” ҳам таъкидланди.

“Сўнгги бир неча йил ичида Россия оммавий ахборот воситалари орасидан мустақил нашрларнинг аста-секин йўқ бўлиб бораётгани ва бу жараён яқинда тезлашгани хавотирли ҳолатдир”, деди RSFнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бўлими раҳбари Жанна Кавалье.

“Биз Владимир Путин ва Россия Адлия вазирлигини оммавий ахборот воситалари плюрализмига путур етказаётган, мустақил матбуотни сиқувга олаётган ва уларни аста-секин йўқ қилаётган “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунни дарҳол бекор қилишга чақирамиз”, деди у.

Россиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонуни 2012 йилда қабул қилинган ва бир неча бор ўзгартирилган. Қонунга биноан, чет элдан ёрдам оладиган ва ҳукумат назарида сиёсий фаолият билан шуғулланадиган нодавлат ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва оммавий ахборот воситалари “хорижий агентлар” деб белгиланиши мумкин.

Ўтган йили Роскомнадзор рўйхатдаги оммавий ахборот воситаларидан барча ёзма материалларни катта ҳажмдаги ёзув билан, барча радио материалларни аудио баёнот билан ва барча видео материалларни 15 сонияли матнли декларация билан белгилашни талаб қилувчи қоидаларни қабул қилди.

Роскомнадзор Озодлик радиосининг Россиядаги бир неча лойиҳасини “хориж агентлари” деб топди.

RSF Озодлик радиоси рус хизмати ходимлари Людмила Савицкая ва Сергей Маркеловга биринчилардан бўлиб “хорижий агентлар” сифатида рўйхатдан ўтиш буюрилгани, жарима солингани ва Озодлик радиоси Роскомназдор буйруқларини бажармагани учун радионинг банк ҳисоблари музлатиб қўйилганини урғулади.

Озодлик ушбу жарималарни “давлат қўллаётган мажбурлаш ва қўрқитиш кампанияси” деб атади.

Фуқаролик жамияти фаоллари фикрига кўра, “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун Кремлнинг сиёсий мухолифатни қўрқитишга қаратилган яна бир воситасидир, айниқса, сентябрь ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловлари арафасида. Оммавий сўровлар ҳукмрон “Ягона Россия” партияси рейтинги пастлаб бораётганини кўрсатмоқда.

“Россия ҳукумати сўнгги йилларда оммавий ахборот воситаларини беқарорлаштириш учун жуда кўп чора кўрди”, дейилади RSF баёнотида.

Ташкилот Роскомнадзорни “рақамли матбуот эркинлиги йиртқичи” деб атаб, давлат медиа-мониторинг агентлиги “2012 йилда вебсайтларнинг қора рўйхатини тузганидан бери тобора қаттиққўл бўлиб бораётганини” таъкидлади.

XS
SM
MD
LG