Март ойи ичида ўзбекистонлик чегарачилари чегарани бузиб ўтишга уринган 42 кишини ушлади, 550 млн. сўмлик товар маҳсулотларни мусодара қилди.
Давлат чегараларини қўриқлаш хизматига таяниб берилган хабарларга кўра, чегара бузувчиларнинг катта қисми Қозоғистон билан чегарада ушланган.
Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегарасидаги вазиятга доир Чегара хизмати ҳисоботи, аксар ҳолларда, матбуотга ошкор қилинмас эди.
Gazeta.uz сайтининг Ўзбекистон давлат чегараларини қўриқлаш хизматига таяниб хабар қилишича, март ойи ичида Қозоғистон билан чегарада 23 киши, Қирғизистон билан чегарада 10, Тожикистон билан чегарада эса 7 киши ушланган.
Бундан ташқари, Туркманистон ва Афғонистондан ҳам чегарани бузиб киришга уринган 2 киши ушланган.
Аммо, минтақадаги уч қўшни - Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан Ўзбекистонга олиб кирилиаётган товар маҳсулотларининг ҳам ҳажми ошгани эътироф этилди.
Чегара хизматига таяниб берилган хабарда айтилишича, асосан, кимёвий ўғит, тамаки маҳсулотлари ва ноёб жониворларнинг терисини олиб ўтишга уринишмоқда.
Жумладан, 1 март куни Жиззахда Аранасой сув омборида ушланган 328 ондатранинг терисини олиб ўтишга уринганлар тўхтатиб қолингани айтилмоқда.
14 март куни эса Тошкент областидаги резина қайиқда 22 миллион сўмлик "Милано" сигаретлари топилгани матбуотга маълум қилинди.
Шу пайтга қадар, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (собиқ Миллий хавфсизлик хизмати) таркибида бўлган Давлат чегараларини қўриқлаш хизмати ойлик ҳисоботларини матбуотга тақдим қилиши кам кузатилган.
Чегара хизматининг бу ҳисоботи 7 апрелда 34 ёшли Қирғизистон фуқароси Фарход Мирзаҳолиқов ўзбек чегарачиси томонидан отиб ўлдирилгач, икки давлат ўртасидаги мулоқотлар изичиллашган бир пайтда эълон қилинмоқда.
Бу инцидентдан сўнг Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари чегара хизматчиларига тинч фуқароларга қарши ўт очар қуроллардан фойдаланишни бутунлай тақиқлашга келишиб олди.
Podrobno.uz ахборот агентлиги Қирғизистон ҳукумати матбуот хизматига таяниб берган хабарига кўра, ҳодисани ҳартомонлама ва холисона ўрганиб чиқиш мақсадида икки мамлакат вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилган.
Икки давлат бош вазирлари Абдулла Арипов ва Сапар Исаковлар ҳам 8 апрель куни телефон орқали бу воқеани муҳокама қилганди.