Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:14

Чегарачи ўқидан яраланган балиқчи Тожикистонга қайтарилмаяпти


Сўғд вилоятидаги ўзбек-тожик чегараси
Сўғд вилоятидаги ўзбек-тожик чегараси

Тожикистоннинг Панжакент туманида истиқомат қилувчи Жаҳонгир Носиров яқинларининг иддао қилишича, Жаҳонгир балиқ овига чиққанида ўзбекистонлик чегарачилар уни Тожикистон ҳудудида отиб ярадор қилган ва Ўзбекистон ҳудудига олиб кетган. Тожик расмийларининг Жаҳонгирни қайтариш учун қилаётган хатти-ҳаракатлари ҳам самара бермаяпти.

Ўзбекистон чегарачилари отиб яралаган, Панжакент туманининг Саразм қишлоғида истиқомат қилган 37 яшар Жаҳонгир Носиров бир ярим ойдан буён Самарқанддаги касалхонада қолмоқда.

Жаҳонгирнинг яқин қариндоши Илҳомнинг айтишича, 26 март куни у Зарафшон дарёсига балиқ овига борганида, ўзбек чегарачилари уни отган:

- Жаҳонгир ака камбағал оиладан. Ҳар замонда дарёдан балиқ ушлаб тирикчилик қилади. Ўша куни овга борганида нейтрал ҳудудда ўзбекистонлик чегарачилар уни отиб ярадор қилган ва олиб кетган. Ўшандан буён дараги йўқ. Ота-онаси борай деса чегарадан ўтказишмапти. Токи Ўзбекистондан таклифнома келмаса ва бу таклифнома билан Душанбе шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасидан виза олмагунча ўтказмас экан, деди Илҳом.

Саразм қишлоғи маҳалла оқсоқоли Ориф Ҳақбердиевнинг Озодликка айтишича, ўзбек чегарачилари Жаҳонгирни Тожикистон ҳудудида отиб, олиб кетишган:

- Жаҳонгир балиққа қизиқарди. Уни дарёнинг бу бетида отиб, олиб кетишган. Чунки чегарадаги Зарафшон дарёсининг Ўзбекистон томони тоғ, у ерда балиқ тутишнинг имкони ҳам йўқ. Белидан ўқ еган экан дейишяпти. Жаҳонгирни олиб кетишганидан сўнг, тожик чегарачиларига хабар беришган. Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари бориб ҳамкасблари билан учрашиб келди. Айтишларича, Жаҳонгирнинг аҳволи анча оғир, Самарқанд шаҳридаги касалхоналардан бирида даволаняпти экан, деди маҳалла оқсоқоли.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига қарашли Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасидан бу воқеага изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон ва Тожикистонни 1400 километрлик чегара ажратиб туради.

Икки давлат ўртасида 2000 йилда виза тартиби жорий қилинган ва чегара бўйлаб тикансим тортилган.

Бироқ, чегараолди ҳудудида яшовчи маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, ўзбек-тожик чегарасида ҳеч қанақа белги қўйилмаган участкалар ҳам бор.

Бу эса баъзан ҳар иккала давлат фуқароларининг билмаган ҳолда қўшни мамлакат ҳудудига ўтиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Ўтган йилнинг июль ойида Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти Ургут тумани билан Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжакент тумани кесишган жойда ўзбек чегарачиси отган ўқдан икки тожик фуқароси ҳалок бўлган, уч нафари яраланган эди.

XS
SM
MD
LG