Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:15

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида тўртинчи ер ости йўли топилди (ВИДЕО)


Риштондан топилган тўртинчи туннелнинг узунлиги тахминан 130 метр. Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси тақдим этган фотосурат.
Риштондан топилган тўртинчи туннелнинг узунлиги тахминан 130 метр. Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси тақдим этган фотосурат.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати 23 июнь куни Фарғона вилоятининг Риштон туманида Қирғизистонга ноқонуний юк олиб ўтувчи ер ости йўли топилганини билдирган эди. Орадан бир неча кун ўтиб, Қирғизистон махсус хизмати туннелнинг Боткен вилояти Қадамжой тумани Қайтмас қишлоғидаги қирғиз-ўзбек чегара чизиғи остидан ўтган иккинчи учи топилганини маълум қилди. Мазкур туннел ўзбек-қирғиз чегарасидан топилган тўртинчи ер ости йўли бўлди. Бундан аввал Ўш вилояти Қорасув туманидан мана шундай учта туннел топилган эди.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маҳаллий матбуотга сиздирган маълумотда 23 июнь куни ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорликда тезкор тадбир олиб борагини айтилади.

Тадбир доирасида Риштон туманида яшовчи фуқаро Т.М., бошқарувидаги юк машинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Автомашинада тегишли ҳужжатлари бўлмаган, тахминий қиймати 15 млрд сўмлик 2707 дона мобил телефон (IPhone 13 Pro Max, Samsung Galaxy S 22 ultra, RedMe Note 11 pro ва ҳ.к.) борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Шунингдек, фуқаро Т.М.,нинг ҳовлиси кўздан кечирилганда, Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани ҳудудига олиб ўтувчи эни 1-1,5 метр, баландлиги 2 метр, узунлиги тахминан 130 метр бўлган ер ости йўли мавжудлиги аниқланган.

Хабарда ушбу ер ости йўли орқали Қирғизистондан ноқонуний равишда товар-моддий бойликлар олиб ўтилгани таъкидланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси эса бир неча кундан сўнг мазкур туннелнинг иккинчи учи Боткен вилояти Қадамжой тумани Қайтмас қишлоғидан топилганини маълум қилди.

Расман билдирилишича, мазкур ер ости йўли орқали кунлик эҳтиёж товарлари, қурол-яроқ, гиёҳванд моддалар, пул олиб ўтилган ва ноқонуний миграция учун фойдаланилган.

Қирғизистон ва Ўзбекистон махсус хизматлари эълон қилган фото ва видеоларда ер ости йўлига лифт каби мосламалар ўрнатилгани, туннел бемалол ҳаракатланиш ва юк ташиш учун қулай бўлганини кўриш мумкин.

24 май, 7 июнь ва 11 июнь кунлари Ўш вилояти Қорасув туманидаги уйларда ҳам ноқонуний товар олиб ўтиш учун мўлжалланган яширин ер ости йўллари топилгани тўғрисида Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси хабар берганди.

Май ойида топилган Қорасувнинг Тельман қишлоғидан Ўзбекистонга олиб ўтувчи яширин ер ости йўли узунлиги 270 метр экани айтилган ва бу ҳозиргача топилган туннелларнинг энг узуни бўлиб қолмоқда.

Яқинда Ўзбекистондаги бир қатор интернет сайтлар ўзбек-қирғиз чегарасида туннел қазиб, ноқонуний товар олиб ўтказиш билан шуғулланганлар устидан суд ҳукми чиққанини ёзишди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда мазкур уюшган гуруҳнинг саккиз аъзосидан олти нафари Қирғизистон фуқароси. Улар 1 миллион доллардан ортиқ нақд пулни Ўзбекистондан Қирғизистонга олиб келаётганда қўлга олиниб, 6 йилдан 8 йилгача қамоқ жазосини олган.

Бироқ Қирғизистон расмий идоралари Ўзбекистонда судланган фуқаролари тўғрисида маълумот бермади.

Давлат Божхона хизмати раиси Самат Исабеков парламентнинг 17 майдаги йиғинида чегаранинг аниқланмаган ерларида контрабанда тўхтамаётганини айтган эди. Расмий, депутатлар саволларига жавоб берар экан, бунинг ортида таъсирга эга бўлган одамлар борлигини рўкач қилган.

“Контрабанданинг ортида нуфузли одамлар турибди. Бу борадаги материаллар прокуратурага ўтказиб берилган. Тергов ишларига тўсқинликлар бўлмаслиги учун бу маълумотлар ҳозирча сир сақланмоқда”, - деди Самат Исабеков.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Чегара хизмати 1-10 май оралиғида Боткен вилоятидаги қирғиз-ўзбек ва қирғиз-тожик чегарасида 20 га яқин контрабанда ҳолати қайд этилганини билдирган. Қирғиз расмийлари чегарадош ҳудудларда контрабандага қарши ҳаракатлар тинимсиз олиб борилаётганини айтиб келишади.

Боткенлик фаол Бақит Ақбалаев чегарадаги контрабанда ҳолатларининг олдини олиш учун биринчи навбатда контрабандачилар ортида турган амалдорларни анқлаш ва жазолаш лозим деб ҳисоблайди.

“Давлат бошида турган одамлар контрабанда ҳолатларини тўхтатмоқчи бўлса, аввало сиёсий иродасини намойиш қилиши зарур. Шундагина амалий ҳаракатлар бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда контрабандачилар контрабандага қарши курашувчи структураларни боқиб келмоқда. Бу ҳолатда контрабандага қарши кураш самара беришини кутмасак ҳам бўлаверади. Контрабанда билан шуғулланганларнинг пули Оқ уйгача (Қирғизистонда президент маъмурияти Оқ уй деб аталади -муаллиф) етиб боряпти”, - деди Ақбалаев.

Айни пайтда Қирғизистон парламентида ҳам Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги контрабанда мислсиз даражага етгани танқид қилиб келинади.

Қирғизистон Чегара хизматининг билдиришича, 2021 йили биргина Боткен вилоятида 170 та контрабанда ҳолати аниқланган ва 60 миллион сом (тақрибан 750 минг доллар)лик маҳсулот мусодара қилинган.

XS
SM
MD
LG