Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:24

Чехия Бош вазири Ўзбекистонда - Тошкентга трамвай қайтадими?


Чехия бош вазири Петр Фиала бошчилигидаги Чехия ҳукумати делегацияси Осиё давлатлари бўйлаб турнеси доирасида Ўзбекистонга сафар қилмоқда.

Чехия ташқи ишлар вазирлигининг Озодликка билдиришича, делегация таркибига Чехия Республикасининг ўттиздан ортиқ кучли ишбилармонлари ҳамроҳлик қилмоқда.

Тошкентга ташрифи давомида жаноб Фиала 25 апрель куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва президент Шавкат Мирзиёев билан учрашади.

“Ўзбекистон Чехия Республикасининг Марказий Осиё минтақасидаги иккинчи йирик савдо ҳамкоридир. Биз турли соҳаларда, жумладан, энергетика ва транспорт соҳасида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришни истаймиз. Чехия ва Ўзбекистон ўртасидаги ишбилармонлик алоқалари азалий анъанага эга. Ўтган йили биз савдо айирбошлаш ҳажми бўйича 118 миллион АҚШ долларлик тарихий рекордга эришдик. Биз Ўзбекистондаги чех компанияларининг муҳим бизнес манфаатларини қўллаб-қувватлашга эътибор қаратмоқчимиз”, - деб билдирди Чехия ташқи ишлар вазирлиги Озодлик сўровига жавобан.

Петр Фиала Тошкентда.
Петр Фиала Тошкентда.

Фиала Ўзбекистонга ташриф буюрган Чехия Республикасининг иккинчи бош вазири бўлади.

Ундан олдин Милон Земан Чехия бош вазири бўлган пайт 1999 йилда Тошкентга борган.

59 ёшли Петр Фиала 2021 йилда ўтказилган парламент сайловларида ғолиб чиққанди.

У ҳукуматни 2017 йилдан бери бошқариб келган Онжей Бабиш ўрнига бош вазир курсисини эгаллаганди.

Чехия бош вазири матбуот хизмати Петр Фиала 25 апрель кунги музокаралар ҳақида Твиттерда шуларни маълум қилди:

"Осиё хизмат сафарининг сўнгги куни. Петр Фиала бугун эрталаб Тошкентдаги Мустақиллик монументини зиёрат қилди, сўнг ҳамкасби Абдулла Арипов билан музокаралар ўтказди ва у билан, мудофаа-саноат соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт ва энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди".

Чех трамвайлари Тошкентга қайтадими?

Чехия матбуотига кўра, музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон темир йўл ва жамоат транспорти учун чех поезд ва трамвайларини экспорт қилиш бўйича шартномалар имзолаши кутиляпти.

Чехия республикаси Ўзбекистоннинг Шарқий Европадаги анъанавий ҳамкори ҳисобланади.

Ўтган асрнинг 60-йилларидан бери чех трамвайлари Тошкент манзарасининг ажралмас қисми бўлиб келган.

2016 йилда Тошкентда трамвай линиялари ҳеч қандай концепция ва муқобил ечимсиз бекор қилингач, Чехия трамвайлари пойтахтдан Самарқандга олиб кетилди.

Миллионлаб доллар сарфлаб янги трамвайлар сотиб олинган трамвай қатновидан воз кечишга қарор қилингани танқидларга сабаб бўлганди.

Тошкентда трамвай қатнови тўхтатилгунга қадар Чехиядан олиб келинган замонавий Vario LF трамвайлари ҳаракатланарди.

Ўзбекистон Чехиядан ҳар бири 1 миллион АҚШ долларидан зиёд турадиган 20та трамвайни 2009 йилда сотиб олганди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йили Самарқандда чех трамвайларини кўздан кечиргач, уларнинг яна Тошкентга қайтишини исташини билдирди.

Шаҳарда янги транспорт тармоғи учун 11 та асосий йўналиш, 15 та айланма йўналиш, 92 та туташтирувчи ва 42 та таъминот йўналишларини ташкил этиш режалаштирилган.

Тошкент маҳаллий иқлимга мос келадиган янги чех трамвайларини сотиб олмоқчи.

Шунингдек, чех мутахассислари янги трамвай линиялари тортилишида ҳам қатнашиши кутилаётир.

Ўзбекистонга трамвай сотиш масаласи сиëсий об-ҳаво боис ўзгаргани тарихдан маълум.

2001 йилда Прагада ҳибсга олинган Ўзбекистон мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳни Тошкентга экстрадиция қилишдан Чехия ҳукуматининг бош тортиши икки мамлакат ўртасига совуқчилик солган эди.

Чехиянинг ўша пайтдаги президенти Вацлав Ҳавел Ўзбекистон билан муносабатлардаги иқтисодий манфаатларни четга суриб, Муҳаммад Солиҳни Прага қасрида қабул қилган.

Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ ва Чехия президенти Вацлав Ҳавел. Прага қасри. 2001 йил.
Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ ва Чехия президенти Вацлав Ҳавел. Прага қасри. 2001 йил.

Муҳаммад Солиҳ Чехияда қўлга олиниб Ўзбекистонга берилмагани учун расмий Тошкент чех трамвайларини сотиб олиш бўйича 50 миллион долларлик шартномадан воз кечган эди.

Вацлав Ҳавелнинг "бир диссидентни 50 миллион долларга алиштирмайман" деган гапи сиëсатнинг иқтисоддан устунлигини кўрсатган гап сифатида тарихга кирди.

Каримовнинг барбод бўлган ташрифи

Чехия томонига кўра, Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги, хусусан, ўсимликчилик ва саноат ишлаб чиқаришида қўшма сармоявий лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, илмий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини ҳам кўриб чиқмоқда.

Ўзбкистонликлар учун магистратура ва докторантура дастурларини амалга ошириш имкониятлари ҳам Тошкентдаги муҳокамалар марказида бўлиши кутиляпти.

Шунингдек, Ўзбекистонда тузланган сабзавот маҳсулотларини қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, меваларни қайта ишлашни ташкил этиш, органик ёнғоқ ва бодом етиштириш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, фермер хўжаликлари, олим ва мутахассислар ўртасида қулупнай ўсимликларини яратиш, биргаликда етиштириш ва ушбу маҳсулот савдосини янада кенгайтириш борасида яқин ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинади.

Айни пайтда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу йил Чехияга расмий ташрифи кутилаётгани ҳақида гап-сўзлар бор, лекин ҳозирча Тошкент раҳбарининг Прагага сафар қилиш истиқболларини чех дипломатлари тасдиқламаётир.

Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов 2014 йилда Чехияга таклиф қилинган.

Ўшанда халқаро ва Чехия ҳуқуқ фаолларининг жиддий босими туфайли Чехия бош вазири ва қатор вазирлар¸ шунингдек Прага мэри Ислом Каримов билан учрашувларга “вақт топа олмаслигини” билдирганидан сўнг¸ Ўзбекистон президенти Прага сафарини бекор қилган эди.

Муқобил бозор

Чехия Бош вазири Петр Фиала сўзларига кўра, Осиёга ташрифининг мақсадларидан бири Хитойнинг савдо бозорларидаги ҳукмронлигига қарши туриш учун минтақадаги шу олти давлат билан алоқаларни кучайтиришдан иборат.

“Чехия билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор бўлган давлатларга ташриф буюрамиз. Булар маълум даражада Хитойнинг бозорлардаги ҳукмронлигини мувозанатлашда ёрдам бериши мумкин бўлган давлатлардир, бу аниқ ва биз нафақат Чехия, балки бутун Европа қутулишимиз керак. Биз ўзимиз учун муқобил бозорларни яратишимиз керак”, - дея таъкидлаган Фиала Осиё давлатлари бўйлаб сафари олдидан журналистларга.

Чехия бош вазири сўзларига кўра, ушбу мамлакатларда чех компаниялари учун салмоқли салоҳият мавжуд ва бу давлатлардаги ҳамкорлар Чехия билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришдан жуда манфаатдор.

Форум

XS
SM
MD
LG