2 октябрь куни Чирчиқ шаҳрида (Тошкент вилояти) давлат тилида сўзлашиш маданиятини оширишга қаратилган кўргазмали тадбир бошланди.
Ўзбек сўзлашув тилига бошқа тиллардан кириб қолган сўзлар ўрнига ўзбекча муқобилларини қўллашга чорловчи бу тадбирни рус тилида сўзлашувчи қатламнинг баъзи вакиллари қоралаб чиқди.
Вазиятни шарҳлаган таҳлилчилар фикрича, Чирчиқ ҳокимлиги ташаббуси бутун мамлакат бўйлаб ёйишга арзийдиган ишдир.
“Спасибо” ўрнига “раҳмат”!
Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги 2 октябрь куни ўзининг Телеграм-каналида хабар қилишича, “шаҳардаги жамоат жойлари, жумладан дўконлар, ўқув юртлари, жамоат транспортлари ва бошқа шу каби аҳоли гавжум бўладиган объектларда, ўзбек тилида тўғри ёзилган, доимо зарурий эҳтиёжда бўлган сўз ва номланишларни, кичик форматдаги флаерлари чиқарилиб, энг қулай жойларга жойлаштириш челенжига старт берилди”.
Ҳокимлик ўз хабарига илова қилган суратларда жамоат жойларига илинган варақалар акс этган. Уларда бир тушунчанинг икки тилда берилган вариантлари ёзилган. Варақалардаги сўзларнинг бошқа тилдаги варианти тўғрисига “нотўғри”, ўзбек тилидаги сўз тўғрисига “тўғри” белгиси қўйилган.
Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Фаҳриддон Қодировнинг журналистларга айтишича, тадбирдан мақсад 1989 йилнинг 21 октябрида қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг 32 йиллиги байрам қилинадиган кун арафасида “кенг қўлланиладиган сўзларнинг ўзбекча муқобили борлигини ёдга солиб қўйиш бўлган, холос”.
“Масалан, ўзбеклар кўпинча “касса” дейди, ваҳоланки, ўзбекча “ғазна” деган сўз бор. “Спасибо”нинг ўрнига “раҳмат”, “пожалуйста”нинг ўрнига “илтимос” деса бўладику! Ўзбекча гапга русча сўзлар қўшиб гапирилса, ўзбекистонликлар тушунади. Бироқ Россияда русча гапираркансиз, ўзбекча ёки инглизча қўшсангиз, хунук кўринади”, деган матбуот котиби.
Фаҳриддон Қодировнинг фикрича, “икки ўзбек ўзаро мулоқот қилар экан, соф ўзбек тилида гаплашсин”.
Рус тиллиларга оғир ботди
Чирчиқ шаҳар ҳокимлигининг сўзлашув маданиятини оширишга қаратилган бу ташаббусини рус тилида ишлайдиган айрим нашрлар ҳамда блогерлар рус тилини камситишга қаратилган акция сифатида баҳолади.
Podrobno.uz сайти “Давлат тили тўғрисида”ги қонундаги мана бу меъёрни ёдга солди:
“Ушбу Қонун тилларнинг турмушда, шахслараро муомалада ҳамда диний ва ибодат билан боғлиқ удумларни адо этишда қўлланишини тартибга солмайди. Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар”.
Ўзбекистонлик рус тилли блогер Никита Макаренко эса, чирчиқликлар ташаббуси билан боғлиқ Фейсбукда эълон қилган постини “Чирчиқда чет тилларга қарши кураш кампанияси бошланди”, деган жумла билан бошлади. Унинг фикрича, бу “Касалхонадан янгиликлар” туркумига кирувчи хабардир.
Блогер ўз пости остида изоҳ қолдирган инглиз тиллилар билан мулоқотга киришар экан, “Ўзбекистонда рус тили Украинадагидай сиқувга олинаётгани” ни иддао қилди.
Айни пайтда изоҳ қолдирганларнинг баъзилари матбуот эътиборини "йўқ жойдан кўтарилган жанжал" деб атади.
“Ана холос, йўқ жойдан жанжал кўтаришибди. Ҳокимлик одамлар ёдига ўзбекча гапираётганда ўз нутқига маиший маънодаги русча сўзларни аралаштириш хунук эканлигини эслатиб қўймоқчи бўлган, холос. Булар эса, гўёки ҳаммани ўзбекча гапиришга мажбурлашаётгандай ваҳима кўтаришяпти”, деб ёзган (русчадан таржима-таҳр.) изоҳларда Даврон Ихматуллаев исмли тармоқ фойдаланувчиси.
"Бутун мамлакатга ёйишга арзигулик ташаббус"
Озодлик Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги кўтарган ташаббус ва унинг атрофида юзага келган мунозарага муносабатини сўраб таниқли адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошевга мурожаат қилди.
“Чирчиқнинг ҳокимидан чиққанми, бошқа мулозимиданми - кимдан чиқса ҳам яхши ташаббус бўлибди. Тил маданияти масаласида одамларнинг ўзини ишга соладиган фурсат етди. Бу масалада ойдинларимизнинг бир ҳовучи, ҳаммаси ҳам эмас, турли жойларда чиқишлар қилиб ётибдию лекин самара кутилганидай бўлмаяпти. Чирчиқда яхши йўлини топишибди. Бу ташаббусни қулоч ёйдириш керак, бутун мамлакатга ёйиш керак, аслида”, деди профессор Қозоқбой Йўлдошев.
У бу каби тадбирлар "миллатчилик кўриниши" сифатида талқин қилинмаслиги кераклигини урғулади.
“Агар ҳатто она тилимиз маданиятига бағишланган тадбирниям кимлардар “шовинизм”, деб баҳолаётган бўлса, биз бунга парво қилмаслигимиз керак. Даъвогар суст бўлса, қози муттаҳам бўлади, дейишадику. Биз қанчалар бошқаларнинг кўзига қарайверсак, ўз уйимизгаям эгалигимиз қолмайди”.
Атамалар комиссияси жим
Ўзбекистонда Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги кўтарган ташаббусни илмий-ташкилий асосда, тизимли равишда ҳар кунлик ишига айлантириши лозим бўлган муассаса мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 21 октябрдаги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил, 29 январдаги қарори билан Атамалар комиссиясини тузган.
Атамалар комиссияси зиммасига қатор вазифалар юклатилган:
- илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш;
- бошқа тилларнинг қоидалари туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган номувофиқликларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларига зиён етказмаган ҳолда таҳрир қилиш;
- ўзбек тилига кириб келаётган янги атамаларни қонун ҳужжатларига жорий этиш ва амалда қўллашнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш, ушбу соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг ривожланиш йўналишларини аниқлаш;
Профессор Қозоқбой Йўлдошев касбидан келиб чиқиб, Атамалар комиссияси тузилганидан буён амалга оширган ишлар тўғрисида билиши мумкин бўлган кишилар тоифасига киради. Бироқ у комиссия фаолиятига оид саволимизга: “Шунақа комиссия бор эканми?” деб жавоб берди.
Атамалар комиссияси билан боғланишнинг имкони бўлмади.
"Руслар нега ўзбек тилини "ҳурмат қилмайди"
Рус тилидаги Vesti.uz нашри худди шу сарлавҳа ("Почему русские "не уважают" узбекский язык")остида Ксения Дасаева деган муаллифнинг мақоласини чоп этди.
Муаллиф Ўзбекистонда яшаб туриб, ўзбек тилини билмаслигининг бир неча сабаби, жумладан ўзбек тили ўқитувчилари уқувсизлигини келтирган:
"Агар чет элликни кўзларини бойлаб, Тошкентга олиб келиб ташласангизу дўконлар ва ресторанлар пешлавҳаларидан қайси мамлакатда эканлигини топишни буюрсангиз, у Boutique «Milano», «Little Italy», «Rich», Cafe «Elita», «Grand», «Fratelli casa», «La Piola», «Plov ang Lounge», Beauty Salon «Bella» деган ёзувларга қараб туриб, қаерга келиб қолганини тушунармикан? Чет эллик бояқишни ҳар қадамдаги DORIXONAгина қутқариб қолса керак..."
- 21 октябрда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига 32 йил тўлади.
- Олий мажлис Сенати шу йил 26 июнь куни ўтган йиғилишида янги таҳрирдаги “Давлат тили тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Қонун президент томонидан имзоланганидан сўнг кучга киради.
- Янги таҳрирдаги қонунга асосан, қонунчилик, ижро, суд ва бошқа давлат органларида иш юритиш, статистика ва молиявий ҳужжатлар фақат ўзбек тилида юритилади. Бундан ташқари давлат органлари ўзаро ёзишмаларида ҳам фақат давлат тилидан фойдаланиши шарт.
- Давлат тили тўғрисидаги қонун ижроси билан боғлиқ оғриқли масалалардан бири ўзбек алифбосининг ҳануз икки ёзувли бўлиб қолаётганидир.
- Ўзбек ёзувини кириллдан лотинга ўтказишга доир илк ҳужжат имзоланганига 28 йил бўлди. 1993 йили қабул қилинган қонунга биноан ўзбеклар лотин ёзувига асосланган янги алифбога бундан 11 йил муқаддам тўла ўтиб бўлган бўлиши керак эди.
- Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги қарори билан лотин алифбосига тўлиқ босқичма-босқич ўтиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган.
- Режага мувофиқ, ҳозирда кирилл алифбосида юритиладиган барча жой ва кўча номлари, атамалар, ташкилотларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонлар, иш қоғозлари ва турли бланклар 2022 йил декабрига қадар лотин ёзувига ўтказилиши лозим.