Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:28

Чўлпонотада Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасини демаркация қилиш масаласи муҳокама қилинди


13-19 август кунлари Иссиқкўл вилоятининг Чўлпонота шаҳрида қирғиз-ўзбек демаркация комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, томонлар қирғиз-ўзбек чегарасини демаркация қилиш масаласини муҳокама қилган.

" Чегараларни белгилаш ишлари учун умумий геодезия тармоғини яратиш бўйича ҳам тайёргарлик ишлари олиб борилди. Тадбир якунлари бўйича тегишли баённома имзоланди", дейилади Вазирлар Маҳкамаси хабарида.

Шу билан бирга томонлар чегарани демаркация қилишни қачон бошлаши айтилмаган.

Ўзбекистон билан чегара Қирғизистоннинг энг узун ташқи чегараси ҳисобланади. Унинг узунлиги 1314 километрни ташкил қилади. 2022 йил ноябрь ойида Қирғизистон ва Ўзбекистон 30 йилдан ортиқ давом этган чегара можаросига чек қўйганини эълон қилди. Томонлар давлат чегарасининг аниқланмай қолган 15 фоизи ёки 312 километри бўйича консенсусга келишди.

Икки республика парламентлари келишувларни маъқулладилар, шундан сўнг икки давлат президентлари Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида Давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги шартномани ва Кампиробод сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни имзоладилар.

2023 йил январь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бишкекка давлат ташрифи билан келди ва икки давлат раҳбарлари ратификация ёрлиқларини алмашишди.

Айни пайтда келишув бандларидан бири, яъни Кампиробод сув омбори остидаги ерларнинг бошқа ер участкалари эвазига Ўзбекистонга берилиши Қирғизистонда жамиятнинг бир қисми норозилигига сабаб бўлди. Шу фонда мамлакатда "Кампиробод иши" деб номланган жиноят иши очилиб, 30 га яқин сиёсатчи ва фаоллар ҳибсга олинган.

XS
SM
MD
LG