Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Кумуш Раззоқова ўзидан изн олмасдан қўшиқларини ижро қилган Гулнора Каримова ва россиялик қўшиқчи Анорани ўғирликда айблади.
Суҳбатдошга кўра¸ бу икки шахс Кумуш Раззоқова ва Барамиковга тегишли бўлган қўшиқни махсус изн олмасдан¸ муаллифлик ҳуқуқларига зид тарзда куйлашган.
Гап ўтган йили вафот этган Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг тўнғичи Гулнора Каримова ва Россия Федерациясининг Доғистон республикасида ижод қилаëтган қўшиқчи Анора ҳақида кетмоқда.
Ўғирлангани иддао қилинган қўшиқлар ижрочиси Кумуш Раззоқова билан суҳбатимиз Чодирхаëлнинг “Таниш қўшиқлар” деб номланган саҳифаси форматига кирди.
Кумуш Раззоқова ижросида бундан 20 йил олдин ижро қилинган “Мен севганман сизни ҳамиша” қўшиғи тарихини ўргандик.
Сиз ëққансиз менга ҳамиша
Фақат буни этмовдим ошкор.
Ўйлардимки юрак топишар
Биздан кетгач сабру ихтиëр.
Ўтган асрнинг 90-йилларида оғизга тушган қўшиқ шеъридан парча бу. Шоир Усмон Азим шеърини бастакор Дилором Омонуллаева қўшиқ қилди. Кумуш Раззоқова бу қўшиқни куйлади. Қўшиқ миллионлар қалбидан ўрин олди. Аммо мен бу қўшиқнинг бу қадар оммалашишини ўйламаган ҳам эдим, дейди Кумуш Раззоқова:
- Бу қўшиқни ижро қилиб студияда ëзиб бўлгандан кейин мен уч ойга Африкага гастролга кетувдим. Келсам¸ шов-шув бўлиб кетибди бу қўшиқ. Хит бўлиб кетганини билмай ҳам қолдим. Мана¸ 20 йилдирки¸ бу қўшиқни сўрашади. Нега десангиз¸ бу қўшиқ матнини ëзган Усмон Азим менинг¸ яъни дардли аëлнинг тилидан гапирган. Томошабинларнинг ҳаммаси умумий гапни эмас¸ балки айнан унга қаратилган ҳиссиëтли изҳорни исташгани боис¸ бу қўшиқ уларнинг юрагига бориб етди ва шу кунгача унутилмади¸ - дейди суҳбатдош.
Кумуш Раззоқованинг эл оғзига тушган аксар қўшиқлари муаллифи Усмон Азимдир.
Озодлик мухбири “Сиз ëққансиз менга ҳамиша” шеъри муаллифи Усмон Азим билан боғланди.
Бу жуда шахсий ва ўта ҳиссиëтли шеър. Шу боис¸ дабдурустдан гапира олмайман. Эртага суҳбат қилсак¸ бу шеър билан боғлиқ ҳузунли ҳикояни айтиб бераман¸ - дея ваъда қилди шоир.
90-йиллар ифори
Таниш оҳанглар. Қулоғимиз тагида жаранглаëтган қўшиқ. Кумуш Раззоқова ижросидаги қўшиқ 90-йиллар ифорини биз томон элтади.
О¸ мен сизни қанчалар кутдим¸
Мана оқ соч¸ мана бу ажин.
Кунларимни тортқилаб ютди¸
Шум ëлғизлик фаришта ғажиб.
- Бу қўшиқни собиқ қиттифоқнинг барча шаҳарларида куйладим. Икки марта Афғонистондаги совет солдатлари олдида куйладим. Ҳатто биз тушган автобусни мужоҳидлар ўққа тутганида бир ўлимдан қолдим. Бу қўшиқни Берлиндаги Фридрихштатпаласт концерт залида ҳам куйладим. Усмон Азимнинг шеърларидаги драмани Афғонистондаги солдатлар ва немис тингловчилари ҳам бирдек англади. Уч минутда айтиладиган битта қўшиқ мобайнида одамнинг тақдири акс этган¸ дейди Кумуш Раззоқова.
Таниқли қўшиқчи¸ йиллар давомида бу қўшиқни куйлаш¸ бу сатрлардаги ҳузунни ўз ҳаëтига ҳам кўчирганини айтади:
- Ростини айтсам, мен ўша пайтда айтганимда, мен ўзим билмаган ҳолда буни тақдиримга юқтирдимми, айтишадику, нима тўғрисида ўйласанг, шу нарса ўз ҳаëтингда пайдо бўлади, деб. Тўғрисини айтсам, мен ўзим тўғримда айтаяпман, деб ҳеч ҳам ўйламаганман. Лекин ўзим айтган кўп қўшиқларим ўзимнинг ҳаëтимда ҳам рўй берган.
Бугун орқага қараб ўз қўшиқларимни эшитсам, ҳамма қўшиқларим ўзим ҳақимда экан, - дея хўрсинган Раззоқова қўшиқни Озодлик тингловчиларига куйлаб берди.