Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:09

Гулнора Каримованинг биринчи эри Coca-Cola акцияларини сотганни ҳам¸ олганни ҳам судга бермоқчи


ROZ Group ва Мақсудий оиласи номидан 7 май куни Озодликка юборилган баëнотда Ўзбекистон ҳукуматининг The Coca-Cola Bottlers Uzbekistan LTD қўшма корхонаси акцияларининг хорижий инвесторлар учун сотувга қўйилгани “кескин қораланади”.

Оилавий баëнотда ака-ука Фарид ва Мансур Мақсудийлар бу қўшма корхона акцияларининг 55 фоизи ҳамон ўзига тегишли эканини иддао қилиб, Ўзбекистон ҳукуматининг бу акцияларни сотиш¸ таклиф қилиш ва бошқаларга ўтказиш уринишига кескин қаршилик кўрсатишини билдирган.

Ўзбекистон ҳукуматининг бундай масъулиятсиз ҳаракатлари ҳар қандай эҳтимолий инвесторни ҳуқуқий жиҳатдан таҳликали вазиятга қўяди¸ зотан бу масалани АҚШ ва халқаро судларга олиб чиқамиз¸ Ўзбекистон ҳукумати ва қўшма корхонадаги бизнинг акцияларимизни сотиб оладиганларни Чет эл коррупция амалиëти акти ( Foreign Corrupt Practice Act) ва Магнитский акти каби АҚШ ва Европа қонунлари асосида жавобгарликка тортамиз”¸ дейилади Мақсудийлар эълон қилган баëнотда.

1991 йилда ўшандаги президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизига уйланган америкалик ўзбек тадбиркори Мансур Мақсудий ва унинг оиласи 1993 йили Ўзбекистонда The Coca-Cola Bottlers Uzbekistan LTD қўшма корхонасига асос солган.

Мақсудийлар 7 май куни эълон қилган баëнотда¸ бу корхонанинг бевосита 2000¸ билвосита эса 20 минг одамни иш билан таъминлагани¸ 1998 йили Тошкентда қурилган мегазаводга ўз ҳисобидан 50 миллион АҚШ доллари сарфлангани айтилади.

Мансур Мақсудий ва Гулнора Каримова 2001 йилда ажрашиши ортидан¸ баëнотда айтилишича¸ уларнинг Ўзбекистондаги бизнесига қарши “ўч кампанияси” бошланган ва Мақсудийларга қарашли завод-фабрикалар “ноқонуний йўл билан” тортиб олинган.

Ўзбекистон янги ҳукумати раҳбарлари¸ ўзларининг олдинги режимда ҳам юқори лавозимда бўлганларини тан олмасдан¸ бутун айбни олдинги маъмуриятга тўнкашни истаяпти. Аввалги режимнинг таркибий қисми бўлган ҳозирги раҳбарлар Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларни ўзгартириб¸ инвесторларни мамлакатга қайтарадиган ҳақиқий ислоҳотлар қилмоқчи бўлса¸ улар ўтмиш хатоларини тузатиши керак. Президент Шавкат Мирзиëев хориж инвесторларига очиқлик ва глобал бозорга қўшилиш ғояларини тарғиб қилаëтган бир пайтда¸ унинг маъмурияти биздан ўғирланиб¸ ноқонуний равишда ўзлаштирилган акцияларни сотишга уринмоқда. Бундай қарор президент Мирзиëев ва Ўзбекистон элчиларининг хорижда айтаëтган гапларига тамом тескаридир”¸ дейилади Мақсудийлар баëнотида.

Фарид ва Мансур Мақсудийлар¸ The Coca-Cola Bottlers Uzbekistan LTD ширкатидаги ўз акциялари учун ҳақ тўланса¸ уларнинг ҳукумат томонидан янги инвесторга сотилишига эътирозлари йўқлиги¸ акс ҳолда¸ бу акцияларнинг қайтариб берилишини сўраган.

Жорий йилнинг январь ойида Швейцариянинг Der Bund газетасига берган интервьюсида Гулнора Каримованинг собиқ эри Мансур Мақсудий Каримованинг Швейцарияда музлатиб қўйилган 800 миллион долларнинг 100 миллионига даъвогарлик қилишини билдирган эди.

Мансур Мақсудий бу маблағни Гулнора Каримова билан ажрашганидан кейин тортиб олинган Ўзбекистондаги мол-мулки учун компенсация сифатида тақдим этган.

Ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати Мақсудийларнинг бу даъвоси¸ қолаверса¸ 2001 йилда ўзларидан тортиб олингани айтилаëтган Coca-Cola акцияларини қайтариб бериш талабига у ëки бу шаклда жавоб берган эмас.

Мақсудий билан ажрашганидан сўнг The Coca-Cola Bottlers Uzbekistan компанияси узоқ вақт давомида бир қатор ширкатлардан қўлма-қўл ўтиб¸ Гулнора Каримова назоратида қолиб келгани иддао қилинади.

2014 йили Гулнора Каримовага қарашли бизнес тизимларининг Ўзбекистон Бош прокуратураси ва МХХ томонидан тафтиш қилиниши ортидан бу ширкатдаги давлат активлари Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш марказига ўтказилган эди.

Ширкат акцияларининг кейинги тақдирига оид очиқ расмий маълумот эълон қилинмаган.

Дунëнинг қатор давлатларида коррупция¸ пул ювиш каби оғир иқтисодий жиноятларда айбланган Гулнора Каримова ҳозирда Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтамоқда; Каримованинг Мансур Мақсудийдан бўлган болалари - Ислом ва Имон Лондонда яшайди.

XS
SM
MD
LG